Davlat siri
Давлат сири — ошкор этилиши тақиқланган, давлат аҳамиятига эга бўлган маълумотлар. Улар махсус рўйхатлар билан белгилаб қўйилади. Д.с. давлат, ҳарбий ва хизмат сирига бўлинади. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида" қонуни (1993-йил 7 май)га кўра, ошкор этилиши республика ҳарбий-иқтисодий имкониятларининг сифат ҳолатига салбий таъсир этиши ёки ЎзРнинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатлари учун бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган маълумотлар давлат сирини ташкил этади; ошкор этилиши ЎзРнинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги ва Қуролли Кучлари учун оғир оқибатлар олиб келиши мумкин бўлган ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар ҳарбий сир ни ташкил этади; ошкор этилиши ЎзР манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган фан, техника, и.ч. ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар хизмат сирини ташкил этади. Д.с.ни сақлаш бўйича масъулият давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг раҳбарлари зиммасига юклатилади. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексида Д.с.ларини ошкор қилганлик ёки ўзгага берганлик, Д.с. ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни, шунингдек, ашё ёки моддаларни йўқотганлик учун жазо белгиланган. Бу хилдаги жиноятлар жосуслик ва давлатга қарши жиноятлардан фарқли равишда кўпинча эҳтиёцизлик, ҳужжатларни сақлаш қоидаларига риоя этмаслик оқибатида содир қилинади. Д.с.ни ошкор қилиш, Д.с. ёки ҳарбий сир ҳисобланган ҳужжатларни йўқотиш оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, жазо кучайтирилади.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |