Википедияда исми Даврон ва фамилияси Шодиев бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Даврон Шодиевич Шодиев (1938-йил 20-июл, Қарши тумани, Қашқадарё вилояти, Ўзбекистон ССР – 2008-йил 28-декабр, Қарши тумани, Қашқадарё вилояти, Ўзбекистон) – ўзбекистонлик олим, педагог, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби (1998), педагогика фанлари доктори (1986), профессор (1989), Россия педагогика ва ижтимоий фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (1995).

Даврон Шодиев
Таваллуди 20-июл 1938-йил
Қарши тумани, Қашқадарё вилояти, Ўзбекистон ССР
Вафоти 28-декабр 2008-йил(2008-12-28)
(70 ёшда)
Қарши тумани, Қашқадарё вилояти, Ўзбекистон
Фуқаролиги Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Иш жойлари Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти
Таълими Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти
Илмий даражаси педагогика фанлари доктори
Илмий унвони профессор
Мукофотлари Oʻzbekiston fan arbobi

Биографияси

Даврон Шодиев 1938-йил 20-июл Қарши туманидаги Лаганди қишлоғида туғилган[1]. 1960-йилда Низомий номидаги Тошкент педагогика институти физика-математика факултетини тугатган. 1961—1967-йилларда Қарши педагогика институти ўқитувчиси, 1972—1974-йилларда институтнинг „Физика ўқитиш методикаси ва ўқитишда техника воситаларидан фойдаланиш“ кафедраси мудири, 1974—1975-йилларда физика-математика факултети декани, 1975—1985-йилларда проректор, 1987—1991-йилларда институт профессори, 1991—1993-йилларда кафедра мудири, 1993—1998-йилларда Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий текшириш институти директори, 1998—2002-йилларда директор ўринбосари[1]. Даврон Шодиев 2008-йил 28-декабрда Қарши туманидаги Лаганди қишлоғида вафот этган[1].

Илмий фаолияти

Асосий илмий ишлари физика фанини ўқитиш методикасининг методологик муаммолари ва умумий ўрта таълим мактаблари учун физика бўйича дарсликлар яратишга оид. Олим ҳаммуаллифлигида 7—11-синфлар учун ёзилган „Физика“ дарсликлари 1987-йилдан Ўзбекистон, Россия Федерацияси ва бошқа МДҲ давлатлари мактабларида қўлланилиб келинган. 1987-йилда „Умумтаълим мактабларида табиий фан асосларини ўрганишда назария ва тажрибанинг мутаносиблиги“ мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. „Ўқув жараёни эмпирик ва назарий билимлар даражасининг методологик муаммолари“ (русча: „Методологические проблемы теоретического и эмпирического уровней познания в учебном процессе“, 1982), „Ўрта мактаб физика таълимида назария ва тажрибанинг мутаносиблиги“ (русча: Взаимодейтвие теории и эксперимента при обучении физики в средней школе“, 1985), „Физика ўқитиш жараёнида фикрий тажрибалар“ (русча: „Мысленный эксперимент в преподавании физики“, 1987) каби китоблар муаллифи[1].

Мукофотлари

1984-йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, 1998-йилда Ўзбекистон фан арбоби унвони билан тақдирланган[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 Ўзбекистоннинг таниқли олимлари энсиклопедияси, 2-том (ўзбекча), Тошкент: Сcиэнcе анд Инноватион, 2023 — 383-бет.