Defektoskopiya
Дефектоскопия (лот. дефеcтус -нуқсон ва юн. скопео — қараш) — материал ва маҳсулотларнинг нуқсонлари бор-йўқлигини аниқлаш учун бажариладиган текшириш усуллари ва воситалари мажмуи. Д.нинг мавжуд усуллари асосида материалларга турли хил нурлар, тўлқин ва тебранишлар майдони ва б. таъсир этиб, уларнинг физик хоссаларини текшириш ётади. Оддий кўз ёки оптик асбоб (мас, лупа) билан текшириш Д.нинг энг оддий усули ҳисобланади. Нуқсонларни аниқлаш учун фан ва техниканинг бошқа соҳаларида ҳам ишлатиладиган хилма-хил мослама ва аппаратлар (оддий ўлчаш асбобидан тортиб рентген қурилмалари ва б. мураккаб аппаратларгача) қўлланади. Д. ёрдамида маҳсулотнинг ишга ярокли ёки яроқсизлиги корхоналардаёқ тез аниқланади. Д.да маҳсулотнинг сифатига путур етмайди. Д.нинг хиллари: капилляр, магнит, термоэлектр, радио, инфрақизил, электростатик Д., ултратовуш, рентген нури, гамма-нур билан ўтказиладиган Д. ва б. Капилляр Д. нуқсони бор участканинг нуқсони йўқ участкага нисбатан ёруғлик ва ранг контрас-тини сунъий равишда оширишга асосланган. Магнит Д. ферромагнит материаллардан тайёрланган буюмлардаги нуқсонлар орқали ўтадиган магнит майдоннинг ўзгаришини текширишга асосланган. Бунда буюмнинг нуқсонли қисмига магнит кукуни (5—10 мкм ли зарра) сепилиб, буюм магнитланганда кукунлар нуқсон бор жойга ўтиради (расмга к,.). Ултратовуш Д. ултратовуш частота диапазонининг эластик тебранишларидан фойдаланишга асосланган. Акссадо усули, соя, резонанс, акустик ва б. усуллари бор. Акссадо усули энг кенг тарқалган усул бўлиб, бунда буюмга ултратовуш тебранишларининг қисқа импулслари берилади; нуқсондан қайтган акссадоларнинг интенсивлиги ва вақти қайд қилинади. Термоэлектрик Д. турли жинслардан ясалган икки материалнинг тегишган жойини қиздирганда берк занжирда ҳосил бўлувчи э. ю. к.нинг ўзгаришига асосланган. Бу усулда материал маркаси аникланади. Радио Д. сантиметр ва миллиметр диа-пазонлардаги радиотўлқинларнинг материалларга сингувчанлик хоссаларига асосланган. Бу усул билан пўлат листлар, чивиқлардаги нуқсонлар, уларнинг диаметри ва қалинлиги аниқланади. Инфрақизил Д. кўринадиган ёруғлик учун ношаффоф бўлган қўшилмаларни сезиш учун инфрақизил нурлардан фойдаланишга асосланган. Бу усул билан иш жараёнида қизийдиган буюмлар текширилади. Ултрабинафша Д. усулидан ҳам фойдаланиш мумкин. Электростатик Д. буюмга жойлаштириладиган электростатик майдондан фойдаланишга асосланган. Электр ўтказмайдиган материаллар (чинни, шиша, пластмасса) дан, шунингдек, шундай материаллар қопланган материаллардан ясалган буюмлардаги юзаки дарзлар аникланади. Бунда буюм сиртига юпқа бўр қатлами сепилади ва унинг зарралари мусбат заряд олади. Бўр зарралари электростатик майдонининг бир жинслимаслиги натижасида дарз қирраларида тўпланади. Рентген Д. рентген нурларининг материалларда турлича ютилишига асосланган. Унинг фотографик, визуал, ксерографик, ион усуллари бор. Гамма Д. рентген Д.даги физикавий асосга эга бўлиб, бунда турли металлар (кобалт, иридий ва б.) нинг радиоактив изотоплари чикарадиган гамма-нурларнинг нурланишидан фойдаланилади. Д.нинг кўплаб ишлатиладиган соҳалари: 1) маҳсулот материалининг микроструктураси ёки кимёвий таркибидаги нуқсонларни текшириш (ёки структуроскопия); 2) кўринмайдиган дарзларни, қуйма ичидаги ғовакларни, пайванд чоклар ичидаги нуқсонлар (бўшлиқ, кераксиз жинслар ва ҳоказо) ни аниклаш; 3) бевосита ўлчаб бўлмайдиган ёки ўлчаш қийин бўлган ўлчамларнинг берилган геометрик ўлчамлардан фарқини аниқлаш; маҳсулотнинг ҳимоя қопламлари (лок, сир, ҳар хил металл қопламалар) қалинлигини на-зорат қилиш, ишлов берилган юза то-залигини текшириш ва б.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |