Dehqonchilik

Деҳқончилик — 1) қишлоқ хўжалигининг ерга экиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланувчи соҳаси, зироатчилик[1];
2) Экин-тикин билан шуғулланиш касби, машғулоти[1];
4) қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва тупроқ унумдорлигини оширишнинг умумий усулларини ўрганадиган фан (агрономиянинг бўлими). Деҳқончилик фан сифатида юқори ва барқарор ҳосилдорликни таъминлаш учун тупроққа ҳамда экинга таъсир кўрсатишнинг турли усулларини, хусусан, тупроқнинг ўсимлик ўсиши ва қулай шароитларни таъминлайдиган сув, озуқа, ҳаво ва ҳарорат режимини бошқариш, илмий асосланган деҳқончилик тизимларини ва энг мақбул алмашлаб экишни, шунингдек, ҳосилдорликни пасайтирадиган салбий омиллар (қурғоқчилик, гармсел, тупроқ эрозияси, бегона ўтлар ва бошқа)ни бартараф этиш ёки уларнинг таъсирини камайтириш усулларини ўрганади ва ишлаб чиқади. Деҳқончилик тупроқшунослик, агрофизика, агрокимё, селексия, уруғчилик, қишлоқ хўжалиги фитопатологияси, энтомология, мелиорация, метеорология, ер тузиш ва бошқа билан чамбарчас боғлиқ. Деҳқончиликка оид илмий тадқиқот ишлари илмий тадқиқот муассасалари, тажриба стялари, тажриба далалари ва таянч пунктларида, қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларининг тажриба далаларида олиб борилади (яна қаранг: Ўсимликшунослик).
Ўсимлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун маданий ўсимликлар (қишлоқ хўжалиги экинлари)ни етиштириш; қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, чорвачиликни ем-хашак, кўпгина саноат тармоқларини (озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа)ни хом ашё билан таъминлайди. Чорвачилик билан узвий боғлиқ. Далачилик (асосий тармоқ), сабзавотчилик, полизчилик, боғдорчилик, гулчилик, яйлов-ўтлоқчилик каби тармоқларга бўлинади.
Деҳқончиликда экинларни парваришлаш ва маҳсулотлар етиштириш технологиясининг асосий тадбирлари:
- маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашган, қимматли биологик ва хўжалик белгиларига эга бўлган навлар (дурагайлар)ни танлаш, алмашлаб экишла энг яхши ўтмишдошни танлаш;
- экин экиладиган майдонларда ерга яхши ишлов бериш ва ўғитларни қўллаш;
- уруғликни экишга тайёрлаш, экиш (муддатлари, уруғлик экиш нормаси, экиш усули, экиш чуқурлиги);
- экинларни парваришлаш (тупроққа ишлов бериш, озиқлантириш, бегона ўтларни йўқотиш, экинни зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоя қилиш, дефолиантлар ва десикантлар қўллаш);
- ҳосилни йиғиб-териб олиш (асосий ва иккиламчи маҳсулотларни йиғиб-териб олиш муддатлари ва уни ташкил қилиш, далани ўсимлик қолдиқларидан тозалаш, ҳосил йиғиб олингандан кейин ерни ҳайдаш);
- йиғиб олинган ҳосилга дастлабки ишлов бериш ва бошқалар.
Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда мукаммал агротехнология минтақа, муайян ҳудуд, хўжалик, алмашлаб экиш даласининг тупроқ-иқлим шароитлари ва экиладиган ўсимлик хусусиятларига, шунингдек, хўжаликнинг ишлаб чиқариш ресурсларига мос келиши керак. Деҳқончиликнинг асосий вазифаси экинларни етиштиришнинг илмий асосланган жадал технологиялари негизида дон, сабзавот, мева ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан иборат.
Тупроқ, жой, иқлим шароитларининг хилма-хиллигига қараб деҳқончиликда экиладиган экинлар, тупроққа ишлов бериш усуллари катта фарқларга эга. Намгарчилик етарли бўлган мўтадил минтақаларда турғун деҳқончилик, қурғоқчилик ҳудудларида суғорма деҳқончилик, нам субтропик ва тропикларда 2*3 марта ҳосил етиштириладиган йил бўйи деҳқончилик пайдо бўлган. Шу муносабат билан ҳар бир минтақа учун деҳқончилик тизими ишлаб чиқилади.
Шимолий яримшарда деҳқончиликнинг қуйидаги турлари пайдо бўлган:
- Турғун деҳқончилик — тупроқ-иқлим шароитлари турли хил асосий экинларни суғормасдан етиштириш имконини берадиган ҳудудларда;
- Қурғоқчил деҳқончилик — об-ҳаво шароитлари, атмосфера ёғинлари беқарор бўлган даштларда;
- Лалми деҳқончилик — қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш фақат атмосфера ёғинларига боғлиқ бўлган, суғорилмайдиган ерларда;
- Суғорма деҳқончилик — чўл, чала чўл ва қуруқ дашт ҳудудларда;
- Тоғ деҳқончилик — тупроғи кам тараққий этган, аммо табиий унумдорлиги юқори бўлган тоғли ҳудудларда;
- Қутб деҳқончилик — чекка шимол минтақасида.
Тарихи
Деҳқончилик тош даврининг сўнгги босқичи (неолит)да пайдо бўлди. Тупроқни юмшатишда ишлатилган дастлабки қурол-ёғоч ёки тош пойнакли ёғоч сўқа ҳисобланади. Тупроққа ишлов бериш қуроллари (сўқа, омоч, кетмон, плуг) ва от-улов кучлари (от, ҳўкиз, трактор, электр тортиш қурилмалари)нинг такомиллашиб боришига қараб ҳайдалма деҳқончилик пайдо бўлди ва ривожланди. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши, табиацҳунослик фанларининг ривожланиши натижасида деҳқончилик усуллари ҳам ўзгариб, аста-секин экстенсив шакллардан (олинадиган ялпи ҳосилни экин майдонларини кенгайтириш ҳисобига кўпайтириш) интенсив шаклларга (ер майдонларини кенгайтирмаган ҳолда экинлар ҳосилдорлиги ўсишини турли омиллар — механизация, мелиорация, кимёлаштириш, агротехника ва бошқа ҳисобига таъминлаш) ўтиб, такомиллашиб борди.
Ҳозирги даврда жаҳонда деҳқончилик қилинадиган ва кўп йиллик дарахтзорлар билан банд бўлган ерлар 1512 млн га ни ташкил қилади. Жаҳон деҳқончиликда буғдой, шоли, маккажўхори, арпа, картошка, сабзавот-полиз экинлари, мевалар, узум энг кўп экилади.
Жаҳон деҳқончиликда суғориладиган жами ерлар майдони 271,4 млн га ни ташкил этади. Суғориладиган майдонлар (млн га): Африкада — 12,5, Шим. Америкада — 30,4, Осиёда — 191,2, Европада — 24,6, Австралияда — 2,4. Жаҳонда АҚСҲ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларда катта майдонларда Деҳқончилик қилинади. Ҳайдаладиган ва доимий экиладиган ер майдони АҚШда 176,9 млн.га (суғориладиган ерлар 21,4 млн.га), Хитойда 124,1 млн.га (суғориладиган ерлар 52,5 млн.га), Ҳиндистонда 161,9 млн.га (су-гориладиган ерлар 59 млн.га), Россияда 127,9 млн.га (суғориладиган ерлар 4,6 млн.га), Қозоғистонда 30 млн.га (суғориладиган ерлар 2,3 млн.га). ХХ аср охирига келиб Европа мамлакатларида ҳам суғорма Деҳқончилик ривожланди. Суғориладиган ерлар майдони (млн.га) Франсияда — 2, Италияда — 2,7, Руминияда — 2,8, Испанияда — 3,6, Украинада — 2,5 ни ташкил қилади (1999).
Ўрта Осиёда деҳқончилик

Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистон деҳқончиликнинг қадимий марказларидан бири ҳисобланади. Ибтидоий деҳқончиликдан маданий деҳқончиликка ўтиш даврида Ўрта Осиёда Осиё ҳамда Европанинг бошқа минтақаларига қараганда ерни ишлашда қўлланган темир қуроллар эртароқ пайдо бўлган. Сергей Толстовнинг тахминича, милоддан аввалги 2-минг йилликнинг ўрталарида Хоразмда қайир типидаги сугоришга асосланган чопиқ қилинадиган деҳқончилик ривож топган. Фарғона водийсида ибтидоий жамиятда яшаган уруғлар (айниқса жез даврида) сой ва дарё этакларида лиман усулида суғоришнн қўллаб, лойқа босган ерларга тариқ, арпа ва бошқа донли экинлар экишган. Археологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, Ўрта Осиёда милоддан аввалги Х асрда, асосан ғалла экинлари, шоли, ғўза, кунжут, қовун, ток ва бошқалар ўстирилган.
Ўзбекистонда деҳқончилик
ХХ аср бошларига қадар Ўрта Осиёда, хусусан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида деҳқончиликнинг техникавий ва агрономик даражаси паст эди. Асосан экстенсив деҳқончилик тизими қўлланган. Барча қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан ғўза, маккажўхори, оқ жўхори, шоли, бошоқли дон, дуккакли дон экинлари фақат қўл кучи билан етиштирилар, дон экинлари ҳосилдорлиги гектарига 6-7 с дан ошмас эди. Асосий улов — от, ҳўкиз, туя, қишлоқ хўжалиги қуроллари — омоч, кетмон, ўроқ, ёғоч моладан иборат бўлган, минерал ўғитлар умуман қўлланилмаган. ХХ асрнинг 20-йилларидан Ўзбекистонда деҳқончиликнинг илмий базасини яратиш бошланди, тажриба ст-ялари, тажриба-таянч хўжаликлари, илмий тадқиқот ва ўқув институтлари ташкил этилди, Деҳқончиликда турли минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситаларидан фойдаланила бошланди, республиканинг ўзида ўғитлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари қурилди, ирригация-мелиорация қурилиши ривожлантирилди. Ўзбекистонда кейинги 90 йил мобайнида асосий деҳқончилик қилинадиган суғориладиган ерлар майдони 2,34 марта кўпайди ва 2000-йилга келиб 4238,6 минг га етди (1914-йилда 1809,5 минг га). Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда механизацияни кенг жорий қилиш натижасида деҳқончилик маданияти юксалди: экинларни етиштириш агротехнологияси яхшиланди, минерал ўғитлардан фойдаланишнинг салмоғи ва уларнинг турк таркиби ортди, тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари кенг кўламда амалга оширилди, давлат нав ва уруғлик назорати ишлари йўлга қўйилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин умуман мамлакат қишлоқ хўжалигида, шу жумладан деҳқончиликда чуқур ислоҳотларни амалга ошириш даври бошланди. Биринчи навбатда деҳқончиликни олиб боришнинг ташкилий шакллари ўзгартирилиб колхозлар ва совхозлар дастлаб жамоа хўжаликларига, сўнгра 1995-йилдан бошлаб ширкатлар, ижарачилар уюшмалари, халқ корпорация ва бошқаларга айлантирилди, деҳқон хўжалиги, фермер хўжалиги каби янги хўжалик юритиш шакллари пайдо бўлди, қишлоқ хўжалиги корхоналарида оила пудрати кенг ёйилди, аҳолининг томорқа хўжалигини ривожлантиришга эътибор берилди.
Ўзбекистон Республикасида деҳқончиликда туб бурилишларнинг ҳуқуқий асосларини яратадиган „Ер тўғрисида“ (1990)[2], „Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида“ (1993)[3], „Деҳқон хўжалиги тўғрисида“[4], „Фермер хўжалиги тўғрисида“[5], „Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида“ (1998) ва бошқа қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси (1998)[6] қабул қилинди ва амалга киритилди.
Республика қишлоқ хўжалигида деҳқончилик етакчи ўринда туради, унинг қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти ҳажмидаги ҳиссаси 60-65%. Деҳқончиликда агротехниканинг илғор усулларини қўллаш, экинларнинг ҳосилдор навларини яратиш, навларни муттасил янгилаш ва нав алмаштириш, ўғитлардан самарали фойдаланиш, ўсимликлар ҳимояси хизматини йўлга қўйиш, экин майдонлари таркибларини ўзгартириш туфайли юқори натижаларга эришилди. Деҳқончиликда ғўза майдонлари қисқартирилди, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни тубдан яхшилаш учун республикада дон экинлари майдони кўпайтирилди ва республиканинг ғалла мустақиллиги таъминланди. 2000-йилда жами тоифадаги хўжаликларда экин экилган майдонлар 3774,9 минг га ни ташкил қилди. Экин майдонлари таркибида дон экинлари — 42,7, ғўза — 38,2, сабзавот — 3,4, картошка — 1,4, ем-хашак экинлари — 11,3, полиз экинлари — 0,9% ташкил этди. Республика деҳқончилигида техника экинлари (ғўза, тамаки, қанд лавлаги), дон экинлари (бугдой, шоли, арпа, маккажўхори, дуккакли дон экинлари), сабзавот-картошка, полиз экинлари, ем-хашак экинлари, боғдорчилик ўз аҳамиятига кўра етакчи ўринларда туради. Республикада 2000-йилда (минг т) пахта — 3001,8, дон — 3915,7, шу жумладан буғдой — 3521,7, шоли — 154,8, маккажўхори дони — 131,4, картошка — 729,8, сабзавотлар — 2637,3, полиз маҳсулотлари — 457,3, мева ва резавор мева — 796,9, узум — 625,4 етиштирилди.
Деҳқончилик маданиятини оғишмай ошира бориш, фан ютуқларини ва илғор тажрибаларини кенг жорий этиш натижасида Ўзбекистоннинг кўпгина илғор хўжаликларида пахта ҳосилдорлиги гектарига 35-45 с, бошоқли дон экинлари 50-70 с, шоли 60-70 с, картошка 250-300 с, полиз экинлари 300-400 с, маккажўхори дони ҳосилдорлиги 80-100 с га етди (қаранг Лалмикорлик, Суғорма деҳқончилик);
Адабиёт
- Эрматов, Абдураҳим ва Холназаров, Султон. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Эрматов А., Деҳқончилик. Т., 1990; Растениеводство/Под ред. В. П. Вавилова, М., 1986; ФАО Продуcтион еарбоок 1999, вол. 53. [Фоод анд Агриcултуре Органисатион оф тҳе Унитед Натионс. Поме, 2001].
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2023 — 964-бет. ИСБН 978-9943-8834-4-4.
- ↑ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЕР ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНИНИ КУCҲГА КИРИТИСҲ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
- ↑ Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
- ↑ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ. ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА
- ↑ „ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА“ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИСҲЛАР ВА ҚЎСҲИМCҲАЛАР КИРИТИСҲ ҲАҚИДА
- ↑ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЕР КОДЕКСИ
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |