Голландиялик рассомнинг расми. (Пиэтер Бруэгел де Оуде, 1565)

Деҳқонлар ижтимоий гуруҳ, аҳолининг асосий касби деҳқончилик бўлган махсус тоифасидир. Деҳқонлар меҳнат фаолияти, турмуш тарзи, манфаати ва кўникмаларига кўра жамиятдаги бошқа синф ва ижтимоий гуруҳлардан фарқ қилади. Деҳқонлар аграр соҳада фаолият кўрсатади, ер ва бошқа ресурсларга эгалик қилади, ўз ишлаб чиқариш воситалари ва оила аъзолари меҳнати билан якка хўжалик юритади. Деҳқонларнинг пайдо бўлиши ибтидоий жамоат тузумининг парчаланиши жараёнида қишлоқ хўжалигида ихтисослашув юз бериб, деҳқончиликнинг чорвачиликдан ажралиб чиқиши ва майда оилавий хўжаликларнинг юзага келиши билан боғлиқ.

Луғавий маъноси

Деҳқон — катта ер эгаси, заминдор; қишлоқ ҳокими. Деҳқон асосий касби ерга ишлов бериш, экин экишдан иборат бўлган киши[1].

Тарихи

Ўрта Осиёда ва Эронда дастлаб жамоадан ажралиб чиққан катта ер эгалари, баъзан қишлоқ оқсоқоллари „деҳқон“ дейилган (улар ўзларининг девор билан ўралган мустаҳкам қўрғонларига эга бўлганлар). Ўрта асрларга келиб Деҳқонлар қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг асосий таянчини ҳосил этди, натижада у аҳолининг асосий ижтимоий қатламига айланди. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг тараққиёти ва ижтимоий меқнат тақсимотининг чуқурлашуви натижасида асосан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида банд бўлган Деҳқонлар товар-пул муносабатлари юзага келтирадиган ижтимоий-иқтисодий муносабатларга тортилдилар ва астасекин ижтимоий табақаланиб майда, ўртаҳол ва йирик ер эгалари бўлган Деҳқонлар пайдо бўлди.

Кенгайиши

Саноат ривожланиши билан, биринчи навбатда, камбағал, майда Деҳқонлар ҳисобидан ишчилар шаклланади ва шу ҳисобига Деҳқонлар сони қисқарди. Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда Деҳқонлар сонини кес-кин қисқартирадиган фермер хўжаликларининг ўсиши билан бир қаторда кооперация ҳам юзага келди. Ҳоз. ривожланаётган мамлакатларда аҳолининг асосий қисмини ташкил қиладиган Деҳқонларнинг хўжалик уклади ривожи ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг умумий қолоклиги таъсирида янада мураккаблашиб бормоқда. Собиқ СССРда, Шарқий Европа ва Осиёдаги бир қатор мамлакатларда куч ишлатиб, қатағон йўли билан амалга оширилган деҳқон хўжаликларини жадал кооперациялаш (жамоа хўжаликларига айлантириш) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини жуда пасайтириб, Деҳқонларга ҳам, жамиятга ҳам зарар келтирди.

Ўзбекистонда деҳқонлар

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда деҳқончилик ривожланган. Мамлакатда деҳқонларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

  • томорқа ери бўлган майда деҳқонлар,
  • ширкат аъзоси бўлган деҳқонлар,
  • деҳқон хўжалиги эгалари бўлган Деҳқонлар,
  • давлатдан ерни узоқ муддатга (10— 50 йил) ижарага олган йирик фермер хўжалиги соҳиблари бўлган деҳқонлар

Яна қаранг

Деҳқончилик

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент

Манбалар

  1. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Давлат илмий нашриёти, 2006.