Деликвент — (лот . делинқуэнс — айб содир этувчи) ҳуқуқбузар, ҳуқуқда ижтимоий қоидалардан оғувчи хулқли шахс (жиноятчи) ва б.ни ифодалаш учун ишлатиладиган атама.

Жиноятчи шахси, аввало жиноят субектининг шахсидир. Жиноят қонунчилигига биноан жиноят субекти уни айнан субект деб топиш учун зарур кўрсаткичларга эга бўлиши лозим. Бундай кўрсаткичлар учта: жисмоний шахс (жаҳоннинг баъзи бир мамлакатларида юридик шахсларни ҳам жиноят субекти деб топиш имконияти назарда тутилганки, бунга қўшилиш қийин), шахснинг муайян ёшга тўлганлиги ва ақли расолик. Аммо жиноятчи шахсини тавсифлаш учун жиноят субектининг фақат жиноят ҳуқуқий белгилари етарли эмас.

Муайян субектнинг жиноят содир этиши фақат жиноят содир этган одам шахси мавжудлигини эътироф этиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Жиноят субектининг шахси одамнинг асосан жиноий хулқ-атвор хусусиятлари билан боғлиқ бўлган бошқа ҳар хил кўрсаткичларини ҳам қамраб олади. Жиноий хулқ-атвор, энг аввало, одамни қуршаган борлиқ, муҳит билан белгиланади. Лекин, айни вақтда, у шахснинг муайян майллари, интилишлари, хулқ-атвор мотивлари ва мақсадларини ҳам акс эттиради. Табиийки, одам қандай салбий хусусиятларга эга бўлмасин, агар у жиноят содир этмаган бўлса, уни жиноятчи деб ҳисоблаш мумкин эмас.

Жиноят содир этганлик ҳолати муайян одамни ғайриижтимоий шахс сифатида тавсифлайди, лекин унинг мазмун — моҳиятини тўлиқ тушунтириб бермайди. Жиноятчи шахсини тўлақонли тавсифлаш ва баҳолаш учун унинг ҳам ижобий, ҳам салбий хулқ-атворини белгиловчи барча хислатлари ҳам ўз аксини топади. Жиноят субектининг шахси уч даражада : жиноятчи шахси умумий тушунчаси нуқтаи назаридан, ҳар хил тоифага мансуб жиноятчиларнинг белгиларини аниқлаш нуқтаи назаридан ва муайян жиноят содир этган шахс (масалан, ўғирлик, одам ўлдириш, номусга тегиш, автомобилни олиб қочиш ва х.к. жиноятлар содир этувчи шахслар) даражасида ўрганилиши лозим[1].

Манбалар

  1. ↑ Ўзбекистон Юридик энсиклопедияси