Демирчилар гилами (ХИХ аср). Озарбайжон гилам музейи, Боку
Демирчилар намозлик гилами (ХИХ аср). Озарбайжон Миллий сан’ат музейи, Боку

Демирчилар (озарбайжонча: Дəмирçилəр) — Ганжа-Газах типидаги Қазах гуруҳига мансуб Озарбайжон гиламлари. Ушбу гиламнинг номи Озарбайжоннинг Қазах шаҳридан 9 километр ғарбда жойлашган Дəмирçилəр қишлоғи номи билан боғлиқ. Айрим гиламшунос мутахассислар бу гиламни „Демирчи Ҳасан“ деб ҳам аташади. Бу гилам, шунингдек, Қазах туманининг Даş Салаҳлı, Косалар ва Üркмəзли қишлоқларида ҳам тўқилади. „Демирчилар“ гиламлари Қазах гуруҳидаги энг юқори тоифали гиламлар ҳисобланади.

Бадиий хусусиятлари

„Демирчилар“ номи билан машҳур гиламлар турлича тузилишга эга. Ушбу турдаги гиламларнинг учта асосий варианти мавжуд.

Биринчи вариант

Биринчи вариант гиламларининг марказий майдони кўпбурчакли кўллардан таркиб топган. Композиция ана шундай кетма-кет жойлашган кўлларга асосланади. Марказий майдондаги кўллар сони гиламнинг узунлигига қараб белгиланади. Кичик гиламларда 2-3 та кўл, чўзинчоқ гябаларда эса ундан кўпроқ бўлади. „Сурмадан“ деб аталадиган марказий ҳошия „Демирчилар“ гиламлари учун хос бўлган четки безак чизиғидир.

Иккинчи вариант

Иккинчи вариант гиламдўзлар „Демирчи Ҳасан“ деб атайдиган гиламлардан иборат. Бу гиламлар асосан равоқсимон ёки меҳробли жойнамозлардир. Агар илгари бу гиламлар диний мақсадда, хусусан, намоз ўқиш учун тўқилган бўлса, вақт ўтиши билан улар шунчаки безак буюмига айланиб қолган. „Демирчилар“ гиламининг „Жойнамоз“ композицияси бошқа жойнамоз гиламларига қараганда анча ўзига хос. Унинг юқори қисмида „муҳр“ учун геометрик шаклдаги равоқ мавжуд. Ўрта майдонни ўраб турган ва гиламнинг юқори қисмида равоқни ҳосил қилувчи ингичка ҳошия — мадохил — ўрта майдоннинг қуйи қисмида намозхоннинг оёқлари учун мўлжалланган тўртбурчакка туташади. Маълумки, намоз ўқиш вақтида тананинг етти аъзоси — пешона, кафтлар, тиззалар ва оёқ бош бармоқлари ерга тегиши лозим. Шундай қилиб, намозхон оёқларини ўрта майдоннинг қуйи қисмида жойлашган тўртбурчак шаклидаги „қадамгоҳ“га қўйса, унинг тиззалари ва қўллари ўрта майдон марказининг юқорисидаги „кўл“да бўлиши, пешонаси эса равоқнинг марказида жойлашган ва „саждагоҳ“ деб аталадиган муҳрга тегиши керак. Қадимда жойнамоз тўқиган ҳунармандлар намоз маросимларига риоя қилган ҳолда „қадамгоҳ“ (оёқ қўйиладиган жой) ва „саждагоҳ“ (муҳр қўйиладиган жой) ўртасидаги масофани олдиндан ҳисоблаб чиқишларига тўғри келган.

Учинчи вариант

Бу тур „меҳробсиз“ деб аталувчи гиламлардан иборат. Улар ўрта майдоннинг қуйи қисмидан бошланиб, юқорисига қадар кетма-кет жойлашган кўлга ўхшаш нақшлар билан ажралиб туради. Сўнгги пайтларда ўрта майдонининг марказида битта нақш жойлаштирилган катта ўлчамли гиламлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Техник хусусиятлари

„Демирчилар“ гиламлари кўпинча кичик ўлчамларда тўқилади. Баъзан катта гиламлар, камдан-кам ҳолларда эса узунчоқ гиламлар ҳам учрайди. Тугунлар зичлиги: ҳар бир квадрат дециметрга 26х26 дан 30х30 гача (ҳар бир квадрат метрга 60 000 дан 90 000 гача) тўғри келади. Тукининг баландлиги 8–12 миллиметрни ташкил этади.