Демографик статистика, аҳоли статистикаси — статистика фани тармоғи, аҳоли ёки унинг алоҳида гуруҳларининг миқдори, таркиби, жойлашиши ва такрор барпо бўлиши ҳақида статистик услуб асосида маълумотлар тўплаш, уни қайта ишлаш ва таҳлил қилишни ўрганади. Демографик статистика аҳоли ва демографик жараёнлар (туғилиш, ўлиш, никоҳ ва ажралиш, аҳолининг такрор барпо бўлиши) ҳақидаги рақам кўрсаткичлар йиғиндисидан иборат. Демографик статистика маълумотларидан социал-демографик тадқиқотларда фойдаланилади.

Демографик статистика аҳоли ва демографик жараёнлар ҳақида маълумотлар тўплашда уларнинг маълум ижтимоий-тарихий тараққиёт давомида миқдор ва сифат жиҳатдан мунтазам ўзгариб боришини назарда тутади. Демографик статистиканинг аҳоли рўйхати ўтказиш, демографик жараёнлар ва миграцияни доимий рўйхатга олиб бориш каби илмий тадқиқот услублари мавжуд аҳоли ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш, гуруҳлаш, уларни қиёслаш ва демографик омилларни ўрганиш қоидаларини ҳам ишлаб чиқади.

Демографик статистиканинг бошқа тармоқларига нисбатан анча олдин пайдо бўлган (қаранг Аҳоли рўйхати). Ўзбекистонда демографик статистика, асосан, ХХ асрнинг 1-ярмидан шакллана бошлаган. 1927-йил Республикада фуқаролик ҳолатини қайд этиш (ФҲДЁ) бюроларининг таркиб топиши демографик статистика ривожланишига олиб келди.

Демографик статистика маълумотлари дунёнинг жуда кўп мамлакатларида махсус бюллетенларда, статистик тўплам, журнал ва демографик йилномаларда нашр этилади. Дунё аҳолиси ва унинг миқдор, сифат ўзгаришлари БМТ демографик йилномаларида, Ўзбекистон аҳолиси ва демографик жараёнлари ҳақидаги маълумотлар эса Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги Статистика департаментининг демографик йилномаларида мунтазам чоп этилади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил