Demografiya
Демография (қадимги юнонча: δῆμος - демос — халқ ва γράφω - графия) — ҳар йили турли сабабларга кўра вафот этган аҳоли ўрнини янгидан дунёга келган авлод ҳисобига тўлдириб борилиши қонуниятларини ижтимоий-тарихий шароитларга боғлик ҳолда ўрганадиган фан. Демографиянинг пайдо бўлиши асосан ХВИИ асрнинг 2-ярмидан англиялик олим Ж. Граунт (1620— 1674) тадқиқотлари билан боғлиқдир. Демография терминини 1855-йилда франсуз олими А. Гияр қўллаган. 1882-йил Халқаро гигиена ва демография конгрессининг Женева сессиясида расмий қабул қилинган. ХИХ аср охири — ХХ аср бошларида кенг тарқалди. Ўзбекистонда, асосан 1960-йилардан қўлланила бошлади.
Демографиянинг мақсади муайян ҳудуд, мамлакат, дунё аҳолиси ва миллатнинг такрор барпо бўлиши жараёни ва омилларини ўрганиш, муаммоларни белгилаб, ечимларни аниқлаш ва истиқболини кўрсатиб беришдан иборат. Демографиянинг вазифалари: демографик жараёнлар (туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажралиш, оиланинг демографик хусусиятлари, аҳолининг ёш-жинсий ва оила-вий таркиби, демографик майл) ва уларнинг омилларини ўрганиш; демографик башорат (маълум ҳудуд аҳолисининг сони, ёш-жинсий таркиби ва демографик вазияти истиқболини илмий асосланган ҳолда олдиндан аниқлаш)ларни ишлаб чиқиш; демографик сиёсат (аҳоли сиёсатининг узвий қисми бўлиб, унинг асосий мақсади аҳолининг миқдорий ўсишини бошқаришдан иборат) чора-тадбирларини ишлаб чиқиш. Демографик сиёсат ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг илмий асосини ташкил этмоғи лозим. Шундагина жамият ҳар томонлама мунтазам ривожланиб боради.
Демографик тадқиқот усули — статистик, тарихий таққослаш, харитаграфик, социологик, математик ва мантиқий фикрлаш. Демографиянинг таҳлилий методи статистикадан фарқ қилади: унда мавҳум фикрлаш усулидан кенг фойдаланиш асосида аҳоли таркибида келгусида рўй берадиган миқдор ва сифат ўзгаришлари ҳам ўрганилади. Шу жиҳатдан демографик статистика Демографиянинг бир қисмидир.
Аҳоли муайян ижтимоий ҳаёт тарзига бўйсуниши туфайли, демографик жараёнлар ҳам муайян и.ч. усули ва и.ч. муносабатига боғлиқ бўлади. Аҳоли мураккаб ижтимоий ва табиий ривожланиш маҳсули бўлиб, турли омиллар заминида кўпаяди. Бу жиҳатдан Демография иқтисод, социология, география, тиббиёт, тарих фанлари таҳлил мавзуига яқин бўлиб, уларнинг ютуқларидан фойдаланади, айни вақтда, уларга муҳим маълумотлар беради.
Демографик жараёнларни ўрганишда жуда кўп маълумотлардан фойдаланилади. Кўпчилик давлатларда демографик маълумотлар статистика ташкилотлари томонидан тўплаб борилади. Улар аҳоли сони, таркиби ва демографик жараёнларни акс эттириб ўз ичига ушбу масалаларга оид рақамли жадвал ва диаграммали маълумотлар, илмий манбалар, социологик-демографик тадқиқотлар натижаларини олади. Дунё миқёсида демографик маълумотларни тўплаш БМТ бошчилигида тузилган дастур асосида ўтказилади.
Демография ҳар бир ижтимоий-иқтисодий тузум аҳолисининг кўпайиши ва ривожланиш қонуниятларини алоҳида-алоҳида ўрганади, чунки ҳар бир ижтимоий-иқтисодий формацияга хос аҳоли ўсиш қонуни демографик вазиятга ҳам бевосита таъсир кўрсатади. ХХ асрнинг 2-ярмига қадар Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш даражаси нисбатан пастлиги туфайли аҳоли ўртасида ўлим юқори бўлган. Гарчи туғилиш юқори бўлса ҳам аҳоли жуда секин кўпайган. ХХ асрнинг 2-ярмидан Ўзбекистонда аҳоли ўртасида ўлим бир оз камайиб, аҳолининг ўртача умр кўриши узайди. Натижада аҳолининг миқдор ва сифат ўсиши рўй берди. Шу даврда Ўзбекистонда Демографиянинг ривожланишига эътибор берилди. Демографик тадқиқотлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Аҳолишунослик илмий тадқиқот лабораторияси, демография, ижтимоий география ва минтақавий иқтисод, социология кафедралари, Республика "Оила" илмий-амалий маркази, Меҳнат, аҳоли бандлиги ва ижтимоий муҳофазани ўрганиш Республика илмий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг иқтисодиёт институти, Ўз-бекистон Республикаси "Ижтимоий фикр" жамоатчилик марказида олиб борилади.
Ўзбекистоннинг демографик тараққиёти, унинг хусусиятлари, омиллари ва муаммолари И. Муллажонов, Р. Убайдуллаева, М. Қорахонов, Э. Аҳмедов, О. Отамирзаев, Л. П. Максакова, А. Солиев, Ҳ. Салимов, А. Қаюмов, М. Бўриева, О. А. Эргашев, Э. Сафаров, О. Саидаҳмедов, Г. Муртазина, З. Х. Райимжонов, Р.К. Ортиқбоев ва б. олимларнинг илмий тадқиқотларида кенг ўрганилган. 1993 йилдан Ўзбекистонда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) ўз фаолиятини бошлаган. Унинг фаолияти минтақа давлатларини, Қозоғистон ва Озарбайжонни қамраб олади. Жамғарма аҳоли саломатлиги, айниқса, аёллар саломатлигини яхшилаш борасида тадбирларни амалга оширади, мамлакатда миллий ташкилотлар, тиббиёт муассасаларига соғлом оилани шакллантириш мақсадида кенг қам-ровли социологик-демографик тадқиқотлар ўтказади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Бўриева М. П., Ўзбекистонда оила демографияси, Т., 1997; Бўриева М. Р., Демография асослари, Т., 2001; Борисов В. А., Демография, М., 1999.
Мамлакат Бурсева.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Демографияга тегишли иқтибослар мавжуд. |