Битта Шиллинг банкнотаси ва Wöрглдан муддатли тўлов маркалари

Демураж пул тизими - баъзида қадрсизланувчи пул ёки қоғоз шаклида марка қоғози деб ҳам аталади — бу шундай пул турики, у вақт ўтиши билан аста-секин ўз қийматини йўқотади яъни қиймати камайиб борадиган пул[1]. Демураж пуллари кўпинча инфляция билан адаштирилади, чунки иккаласи ҳам пулнинг қадрсизланишига олиб келади, аммо уларнинг иқтисодий таъсири сезиларли даражада фарқ қилади[2]. Демураж пул оддий пулдан узоқ вақт сақлашга тўғри келмаслиги ва фақат вақтинча қиймат сақлаш воситаси сифатида ишлатилиши билан фарқ қилади[3]. Демураж пуллар асосан айирбошлаш воситаси ва ҳисоб бирлиги сифатида ишлайди.  Демураж валютаси тарафдорлари одатда анъанавий пулларнинг айирбошлаш воситаси ва қиймат сақлаш функсиялари бир-бирига зид деб ҳисоблашади[4]. Демураж пуллари қадимги Мисрда ва Европада ишлатилган. Демураж валюталари Буюк Депрессия даврида тезроқ айланиш тезлиги туфайли бутун иқтисодиёт бўйлаб даромадларнинг айланма оқимини қайта тиклаш учун мўлжалланган бир қатор фавқулодда валюталар сифатида машҳурликка эришди. Муваффақиятларга қарамай, аксарият демураж валюталари миллий валюта монополияларини бузгани учун марказий банклар томонидан тақиқланган. 2026-йил ҳолатига кўра, ҳали ҳам қўлланиладиган бир нечта маҳаллий демураж валюталари мавжуд бўлиб, Чиэмгауэр уларнинг энг кўзга кўринган ва кенг қўлланиладиганидир.

Назария

Газета каби эскирадиган, картошка каби чирийдиган, темир каби занглайдиган, эфир каби буғланадиган пулгина картошка, газета, темир ва эфирни айирбошлаш воситаси сифатида синовдан ўта олади. Чунки бундай пулни харидор ҳам, сотувчи ҳам товардан афзал кўрмайди. Бу ҳолда биз пулга эга бўлишдан фойда кутганимиз учун эмас, балки айирбошлаш воситаси сифатида пулга муҳтож бўлганимиз учунгина ўз товарларимизни пулга алмаштирамиз. Демак, пулни айирбошлаш воситаси сифатида яхшиламоқчи бўлсак, уни товар сифатида қийматини камайтириш керак — Силвио Геселл[5].

Демураж ва инфляция — бу пул қийматининг камайиши билан боғлиқ икки хил иқтисодий тушунча бўлиб, улар ташқи кўринишда ўхшаш бўлса-да, мазмунан сезиларли даражада фарқ қилади. Инфляция — бу иқтисодиётда товар ва хизматлар нархининг умумий ошиш жараёнидир. Натижада пулнинг харид қобилияти пасаяди, яъни бир хил миқдордаги пулга вақт ўтиши билан камроқ маҳсулот сотиб олиш мумкин бўлади. Бу ҳолатда пулнинг ўзи ўзгармайди, балки нархлар ошгани сабабли унинг қиймати камайгандек кўринади. Инфляция одатда иқтисодий омиллар — талаб ва таклиф мувозанати, пул массаси ошиши ёки ишлаб чиқариш харажатлари ортиши натижасида юзага келади. Демураж эса пул тизимига атайлаб киритилган механизм бўлиб, унга кўра пул маълум вақт давомида сақланса, унинг қиймати бевосита камайиб боради. Бу ерда қиймат пасайиши нархлар ошиши билан эмас, балки пулнинг ўзига қўйилган қоида орқали юз беради. Демурраге тизими пулни узоқ муддат сақлашдан кўра уни фаол муомалада ишлатишни рағбатлантиришга қаратилган. Шунингдек, ушбу икки тушунча инсонларнинг иқтисодий хулқ-атворига турлича таъсир кўрсатади. Инфляция шароитида одамлар пул қийматини сақлаб қолиш учун уни жамғариш ёки бошқа активларга айлантиришга ҳаракат қилади. Демурраге тизимида эса аксинча, пулни имкон қадар тезроқ ишлатиш ёки инвестиция қилиш мақсадга мувофиқ бўлади, чунки уни сақлаш зарар келтиради.

Тарихи

Бернард Лиэтаэр ўзининг китобида Европанинг ўрта асрлардаги ва қадимги Мисрда демураж валюта тизимларидан фойдаланганлиги ҳақида ёзиб ўтган[6]. Демураж тизими иқтисодий фикрлар тарихида ноодатий, лекин чуқур маънога эга ғоялардан бири сифатида пайдо бўлган. Унинг илдизлари пулнинг моҳияти ҳақида ўйлаган иқтисодчиларнинг саволларидан бошланади: пул фақат алмашув воситаси бўлиши керакми ёки у бойликни сақлаш воситаси сифатида ҳам хизмат қилиши лозимми? Бу саволларга бошқача жавоб излаган иқтисодчилардан бири — Силвио Геселл эди. У ХХ аср бошларида шундай фикрни илгари сурди: агар пулни сақлаш фойдали бўлса, одамлар уни муомалага киритмайди ва иқтисодий жараёнлар секинлашади. Шу сабабли у пулни „ҳаракатга мажбур қиладиган“ тизим — яъни демураж ғоясини таклиф қилди. Унинг назариясига кўра, пул вақт ўтиши билан қийматини йўқотиб бориши керак, шунда одамлар уни тезроқ ишлатади. Бу ғоя дастлаб назария сифатида қаралган бўлса-да, кейинчалик амалиётда ҳам синаб кўрилди. Энг машҳур тажрибалардан бири 1930-йилларда, дунёни қамраб олган Буюк Депрессия даврида амалга оширилди. Иқтисодий инқироз сабабли кўплаб ҳудудларда пул айланиши сустлашган, ишсизлик ошган эди. Шу шароитда Австриянинг кичик шаҳарчаси — Wöргл да демураж асосидаги маҳаллий пул жорий қилинди. Бу тажриба давомида чиқарилган пулни ишлатиш учун ҳар ой кичик „тўлов“ қилиш талаб этилган. Акс ҳолда, пул ўз қийматини йўқотган. Натижада одамлар пулни йиғиб ўтирмай, уни тезда сарфлашга ёки инвестиция қилишга ҳаракат қилган. Қисқа вақт ичида шаҳарда иқтисодий фаоллик ошган, қурилиш ишлари тикланган ва ишсизлик камайган. Бу ҳолат демураж тизимининг амалий самарадорлигини кўрсатган муҳим мисоллардан бири сифатида тарихда қолган. Бироқ, бу тизим узоқ давом этмади. Марказий банклар ва давлатлар пул устидан назоратни сақлаб қолиш мақсадида бундай тажрибаларни чеклади. Шунга қарамай, демураж ғояси иқтисодий фикрлар тарихида ўз ўрнини сақлаб қолди ва бугунги кунда ҳам муқобил пул тизимлари, маҳаллий валюталар ҳамда айрим рақамли иқтисодий лойиҳаларда қайта муҳокама қилинмоқда. Шундай қилиб, демураж тизими оддий назарий ғоядан бошланган бўлса-да, у иқтисодий инқироз даврида амалий синовдан ўтган ва пулнинг жамиятдаги ролини қайта кўриб чиқишга ундаган муҳим консепсиялардан бири сифатида тарихда из қолдирган.

Манбалар

  1. ↑ "Силвио Геселл: Беёнд Cапиталисм вс Соcиалисм" Cласс #6. Ҳенрй Георге Счоол оф Эcономиcс. 6:47.
  2. ↑ Гомез, Георгина М; Приттwитз унд Гаффрон, Wилко вон „Тҳе первасивенесс оф монетарй плуралитй ин эcономиc cрисис анд wарс“. Эрасмус Университй Роттердам. Интернатионал Институте оф Соcиал Студиэс оф Эрасмус Университй Роттердам (2018). Қаралди: 2025-йил 25-апрел.
  3. ↑ Чамп, Бруcе (Април 2008). Стамп Сcрип: Моней Пеопле Паид То Усе. Федерал Ресерве Банк оф Cлевеланд Ресеарч Департмент. ҳттпс://www.cлевеландфед.орг/публиcатионс/эcономиc-cомментарй/2008/эc-20080401-стамп-сcрип-моней-пеопле-паид-то-усе. Қаралди: 21 Април 2025. Демураж пул тизими]]
  4. ↑ Росалскй, Грег „Тҳе 'Странге, Ундулй Неглеcтед Пропҳет'“. НПР (2019-йил 27-август). Қаралди: 2025-йил 25-апрел.
  5. ↑ Геселл, Силвио. Диэ натüрличе Wирцчафцорднунг дурч Фреиланд унд Фреигелд, Берн, Сwитзерланд, 1916. ИСБН 9781610330442. Қаралди: 2025-йил 30-апрел (2025-йил 17-мартда асл нусхадан архивланган). 
  6. ↑ Самиул Ҳасан. Ҳуман Сеcуритй анд Пҳилантҳропй: Исламиc Перспеcтивес анд Муслим Мажоритй Cоунтрй Праcтиcес. Спрингер, 2015 — 130-бет. ИСБН 978-1493925254. 

Ҳаволалар