Ден Сяопин

Ден Сяопин (22-август 1904, Сичуан – 19-феврал 1997, Пекин) — Хитой давлат ва сиёсат арбоби, Хитой Компартиям (ХКП) маслаҳатчилар Марказий комиссиясининг раиси (1982—1987). ХХР Марказий ҳарбий кенгаши раиси (1983—1990). 1975–76 ва 1977—1982-йилларда ХКП Марказий Комитети раисининг ўринбосари. ХКП МК бош котиби (1956—1966). ХХР Давлат маъмурий кенгаши бош вазирининг ўринбосари (1952—1954), ХХР Давлат кенгаши бош вазирининг ўринбосари (1954—1966). ХКП МК Ҳарбий кенгашининг раиси (1981—1989). „Маданий инқилоб“ даврида (1966—1976) „Мао Сзедунга қарши қаратилган йўлни ўтказганлиги“ учун Ден Сяопин таъқибга учраган ва сургун қилинган. Мао Сзедун ўлимидан кейин (1976-йил сентабр) раҳбарлик ишига қайтарилди ва аввалги ҳамма лавозимларига тикланди (1977). ХКП МК лл-чақириқ 3-пленумида (1978-йил декабр) Ден Сяопин ташаббуси билан мамлакат миқёсида туб иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, бозор тизимини яратиш, хорижий мамлакатлар билан савдо, саноат, молия соҳаларида ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш ва бошқалар йирик тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилди ва муваффақиятли амалга оширила бошланди. Ден Сяопин бутун дунёда „Хитойни қайта қуриш меъмори“, „Хитой ислоҳотининг отаси“ сифатида тан олинди. Унинг Хитойда бозор муносабатларини қарор топтиришга оид фикрлари „Ҳозирги Хитойнинг асосий масалалари“ китобида (1988) баён қилинган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Ҳаволалар