Dendrariy
Дендрарий (юн. дендрон — дарахт), дендрология боғи, арборетум — дарахтлар, буталар, ярим буталар, чирмашувчилар коллексияси экилган очиқ майдон. Д. мустақил ёки ботаника боғи таркибига киради. Д. бир неча гектардан юзлаб гектаргача майдонни эгаллайди. Д. илмий, уқув, маданий-маърифий, тажриба, и.ч. аҳамиятига эга; уларда ҳар хил турдаги дарахт ўсимликларини намойиш қилиш, тажриба ва тадқиқот ишлари олиб бориш учун база бўлиб хизмат қилади. Д.да ўсимликлар устида мунтазам равишда кузатув ишлари олиб борилади, дарахт ва буталарнинг фенологияси, ўсиш ва кўпайиш хусусиятлари ўрганилади. Шу жумладан хўжалик ва биологик хусусиятларига қиёсий баҳо берилади ва улардан фойдаланиш ва раёнлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади, селексия ишлари олиб борилади. Д.нинг асосий вазифаларидан бири — ҳар хил ўсимликларнинг интродуксиясм бўлиб, ўрмон хўжалиги, ўрмон иҳотазорлари, кўкаламзорлаштириш учун фойдаланишда энг чидамли ва ҳосилдор шакллар ажратиб оли-нади. Д.ларда ўстириладиган ва ўрганилган қимматли тур ва шаклларнинг уруғ ва кўчатларини тарқатиш ишлари катта аҳамиятга эга. Д.нинг мажбурий қисми — интродуксияли ва репродуксияли кўчатзорлардир. Биринчи кўчатзорда экспозиция учун уруғкўчат ва кўчатлар етиштирилади, иккинчисида эса кўчатлар парвариш қилиниб бошқа Д.лар ва и.ч. эҳтиёжлари учун етказиб берилади.
Ўзбекистонда Жанубий Ўзбекистон селексия стансияси (Денов)нинг субтропик ва эфир мойли буталар Д.си, Ўзбекистон ўрмончилик хўжалиги илмий тадқиқот институтининг тераклар Д.си (Тошкент ш. яқинидаги "Дендропарк"), ўрмон дарахтлари ва буталари Д.си (Тошкент вилояти Сўқоқ қишлоғидаги Чатқол тоғўрмон мелиорация ст-яси), Ўзбекистон ФА Ботаника боғидаги дарахтлар (қайин, қарағай ва б.) ва буталар Д.си ва б. бор (яна қ. Дендрология).
Абдухалил Қайимов, Мирза Собиров.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |