Dendrologiya

Дендрология (дендрон ‘дарахт’ ва логия ‘фан, илми’) — дарахт ва буталар ҳақидаги фан, ботаниканинг бир соҳаси; дарахтларнинг анатомияси, морфологияси, таксономик жойлашиши, тур ичидаги систематикаси ва филогенези, физиоло-гияси, экологияси, географик тарқалиши ва хўжалик аҳамиятини ўрганади. Ўрмончилик, дарахтзорлар ва бутазорлар барпо этиш, боғ ва хиёбонларни лойиҳалаштириш, қумликларни, жар соҳилларини мустаҳкамлаш, кўкаламзорлаштириш ва б.га оид масалаларни ишлаб чиқади.
Дарахтларнинг манзарали хусусиятини, санитария-гигиеник ва иҳота ролини ўрганиш, кўкаламзорлаштириш, шаҳарлар ва саноат комплексларидаги атмосферани тозалаш, шовқинга қарши курашда қўл келадиган ўрмон дарахтзорларини барпо этиш, эрозияга учраган тоғли, чўл минтақаларидаги тупрокларни ҳимоя қилиш, ботқокли ерларни қуритиш, шўрхок тупрокларда тузли чангларнинг атмосферага кўтарилишига карши кураш Д.нинг муҳим йўналишларини ташкил этади. Д. ботаника, ўрмончилик, ўрмон селексияси ва кўкаламзорлаштириш, тупроқшунослик, геофафия ва б. фанлар билан чамбарчас боғлиқ. Д.нинг асосий объекти — дарахт ва бута турларидир.
Ўзбекистонда Д. масалалари В. Д. Городецкий (1934-йилда Ўрта Осиёнинг дендрофлораси ҳақида биринчи маълумотнома тузган), Ф. Н. Русанов, Т. И. Славкина, А. У. Усмонов, Г. С. Костелова, Л. В. Яскина, дарахт ва буталарнинг Ўзбекистондаги тоғ, чўл ва суғориладиган деҳқончилик минтақалардаги тупроқларни сув ва шамол эрозиясидан ҳимоя қилишда, сел оқимларига қарши курашдаги роли М. Б. Дошчонов, А. В. Гвоздиков, С. М. Аблаев, А. М. Молчанова, Г. П. Озолин, А. А. Хоназаров А. Қ. Қайимов, А. О. Досахметов ва б. асарларида ёритилган. Ўрмон ихртазорларини барпо этиш, дарахт ва буталарнинг янги навларини яратиш ва б. масалалар Т. А. Желтикова, В. М. Ровс-кий, В. П. Фимкин, С. Е. Александровский, Е. А. Бутков ва б. ўрмоншунос олимларнинг илмий изланишларида катта ўрин эгаллайди.
Ўзбекистонда Д. бўйича тадқиқотлар Ўзбекистон ФА Ботаника институти ва ботаника боғи, Ўзбекистон ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти, Тошкент давлат аграр университетининг ўрмоншунослик ва ўрмон мелиорацияси кафедраси ва б.да олиб борилади.
ХХ асрнинг охирларида Д. тадқиқотларида асосий ўрмон ҳосил қилувчи дарахтлар табиий популясияларининг генетик тузилмасини ўсимликлар систематикаси, экология, биометрия, ситогенетика, географик экишлар усуллари билан ўрганиш асосий йўналишлардан бирига айланди.
Халқаро ўрмон тадқиқотлари ташкилотлари уюшмаси ва кўпгина мамлакатлар (Германия, Полша, Швеция, Франсия, Швейсария)даги Д. жамиятлари, дендрарийлар, қўриқхоналар ва миллий боғларда Д. бўйича тадқиқотлар ва тажрибалар олиб борилади. Ҳар 5 йилда бир марта Жаҳон ўрмон конгресси ўтказилади.
Ўзбекистон ФА Ботаника боғи 1964— 94-йилларда 14 жилддан иборат "Дендрология Ўзбекистона" тўпламини нашрдан чиқарди.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Дендрология Ўзбекистана в 4 томах, т. 1—4, Т., 1965—71; Дендрология Ўзбекистана, т. 1-14, Т., 1964-94.
Абдухалил Қайимов, Мирза Собиров.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |