Дермографизм (дерма — тери ва юн. грапҳеин — чизмоқ) — терига механик таъсир кўрсатилган (чизиб кўрилган) жойдаги қон томирлар реаксияси. Бунда қизил ёки оқ йўл кўзга ташланади. Д. нормал ёки патологик бўлади. Нопмал Д. да терини бирор нарса билан чизилса, бир неча сек. дан кейин қизил йўл кўриниб, 1—3 мин. да йўқолади. Патологик Д. қизил ёки оқ бўлади. Қизил Д. нерв системасининг ҳаддан ташқари тез қўзғалувчанлигидан далолат беради. Экзема (гуш), псориазнинг ўткир даврида, эшакем, экссудатив эритема каби касалликларда учрайди. Оқ Д. қон томирларни торайтирувчи маркази қўзғалувчан кишиларда куза-тилади. У невродермит, қичима, псориазда бўлади. Қизил ва оқ Д. бир вақтда учраши мумкин. Бунда оқ ҳошияли қизил йўл кўринади. Бир касалликнинг иккинчисига айланишида, мас, болаларда эшакемнинг қичимага ўтишида худди шундай бўлади. Вегетатив нерв системасининг ҳолатини ўрганишда, нерв ва эндокрин системаларнинг баъзи касалликларига ташхис қўйишда Д. муҳим аҳамиятга эга.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил