Деселерометр (де... ва лот. cелеро — тезлаштираман ва ... метр) — транспорт машинасининг муайян вақт бирлиги мобайнида секинлашуви, яъни тезлиги пасайишини ўлчайдиган инерсион (инерсия ҳодисасига асосланган) асбоб. Д.да суюклик, маятник ёки пружинага осилган юкча асосий иш қисми қисобланади. Масалан, маятникли Д.нинг асосий иш қисми шаффоф корпусдаги ўққа осилган маятник. Д.нинг кўрсатувчи ва қайд қилувчи хиллари бор. Резина қапишгич (бирор сиртга тақалганда ҳаво чиқиб кетиб, шу сиртга ёпишиб қоладиган мослама) ёрдамида Д. автомобилнинг олд ойнаси ёки олд панелига маҳкамлаб қўйилади. Бунда маятник асбоб шкаласидаги нолинчи белги қаршисидаги вазиятни эгаллаши лозим. Автомобил секинлашганда инерсия кучи таъсирида маятник маълум вазиятга оғади ва унинг шу оғиш қийматига қараб секинлашиш даражаси шкаладан аникланади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил