Devoni Foniy
"Девони Фоний" ("Фоний девони") — Алишер Навоийнинг Фоний тахаллуси билан форсий тилда ёзган шеърий асарлари мажмуаси. Навоий бу девонини умрининг сўнгги йилларида, тахминан 1492—1498-йиллар орасида тузган. Улуғ шоир "Муҳокамат ул-луғатайн" асарида ўзининг форсий тилдаги шеърларидан Хожа Ҳофиз Шерозий девонига ўхшатиб ("Хожа Ҳофиз таврида") девон тузганини маълум қиларкан, шундай дейди: "Яна форсий ғазалиёт Хожа Ҳофиз тавридаким, жамеъ суханадолар ва назмпийролар назарида мустаҳсан ва матбуъдир, тартиб берибменким, олти мингдан абъёти адади ("байтлар миқдори") кўпракдурки, кўпрак ул ҳазрату (Хожа Ҳофиз) шеърига татаббуъ воқеъ бўлубдур".
"Д.Ф."даги шеърларнинг катта қисмини Навоий салафлари ва замондошларининг ғазалларига ёзилган татаббулар ташкил этади. 554 ғазалдан 237 таси Ҳофиз Шерозий, 52 таси Абдураҳмон Жомип, 33 таси Хусрав Деҳлавий, 25 таси Саъдий Шерозий, 5 таси Мавлоно Котибий, 5 таси Мавлоно Шоҳий, 4 таси Камол Хўжандий ва б. шоирларнинг ғазалларига боғланган. Бунда энг кўп ғазал Ҳофиз Шерозий ғазалларига боғлангани ва унинг шеърларидан илхомланиб ёзилгани Навоийнинг бу буюк истеъдод эгасига ихлоси юксак бўлганидан далолат беради. "Д.Ф."дан Навоий (Фоний)нинг ўз оригинал газаллари ҳам ўрин олган. Шоир уларни "Мухтара", "Ихтиро" деб атаб, шу йўсинда татаббулардан ажратиб кўрсатган. Шоирнинг татаббу, мухтара шеърларида ишқ-муҳаббат мавзуи ҳам дунёвий, ҳам тасаввуфий-мажозий услубларда куйланган.
Навоийнинг чуқур ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий мазмунда ёзилган "Туҳфат ул-афкор" қасидаси эса "Ситтаи зарурия" тўпламидан ташқари "Д.Ф." қўлёзмаларида ҳам учрайди. Бу қасидаси билан Навоий ўзбек адабиётида бу шеърий турни янги юксак поғонага кўтарган. Ушбу қасидани ва "Д.Ф."дан ўрин олган бир қатор шеърларни М. Муинзода, А. Ҳайитметов ва б. ўзбек тилига таржима қилишган. "Д.Ф."ни илмий ўрганиш ишига С.Айний, Ҳ. Сулаймон, Ш. Шомуҳамедов, Н. Маллаев, Э. Шодиев, Али Муҳаммадий каби олимлар муносиб ҳисса қўшишган.
"Д.Ф."нинг бешта қад. қўлёзма нусхалари мавжуд бўлиб, улар чет эл қўлёзма фондларида сақланади. Жумладан, иккитаси Франсуз Миллий кутубхонаси (Париж)да, яна иккитаси Турк ислом музейи кутубхонасида ва "Нури Усмония" кутубхонаси (Туркия)да, яна бири Теҳрондаги Эрон Давлат мажлиси кутубхонасида сақланади. Бу қулёзмаларнинг аксарияти Навоий ҳаётлигида кўчирилган, улардан мукаммал ва тўлиғи Париждаги Миллий кутубхонада сақланаётган нусхадир. Унда 554 ғазал, 1 мусаддас, 1 марсия, 72 қитъа, 73 рубоий, 16 тарих, 373 му-аммо, 9 луғз (шеърий топишмоқ) — жами 1131 шеър бўлиб, 6197 байтни ташкил этади. Ушбу девонни Ўзбекистонда илк бор профессор Ҳамид Сулаймонов нашрга тайёрлаган (Алишер Навоий, Асарлар [15 жилдли], Т., 1965, 5-ж.).
Абдуқодир Ҳайитметов.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |