„Девони ҳикмат“ — Аҳмад Яссавийнинг шеърларини ўз ичига олган мажмуа. Асл нусхаси сақланмаган. ХИХ асрдан бошлаб Тошкент, Бухоро, Когон, Қозон, Истанбул ш.ларида бир неча бор нашр этилган. Мавжуд қўлёзма ва босма нусхалар бир-биридан фарқ қилади. Аҳмад Яссавий „Девони ҳикмат“ ни шу ном билан китоб тарзида тартиб бермаган. Уни Яссавийнинг мурид ва издошлари тузишган. Яъни устозларининг ҳикматларини бир жойга жамлаб, унга „Девони ҳикмат“ номини беришган. Яссавийлик тариқатига кирганлар учун „Девони ҳикмат“даги шеърларни ўқиб ёд олиш, ҳатто қобилияти етадиганлар учун шундай шаклда шеърлар ёзиш тариқатнинг дахлсиз талабларидан ҳисобланган. Яссавийлик тариқати кўплаб шоирларни етиштириб чиқаришда ўзига хос мактаб вазифасини бажарган. „Девони ҳикмат“даги ҳамма шеърлар ҳам Яссавийга мансуб эмас. Унда Яссавий издошларининг ижод намуналари ҳам киритилган. Асар поэтик жиҳатдан халқ қушикларига яқин. Шу боис у халқ оммаси орасида кенг тарқалган. Натижада Яссавий ҳикматлари оғиздан-оғизга кучиб, китобдан-китобга ўтиб, ўз асл тилини ва услубини ўзгартирган, аммо уларнинг асосий ғоявий мазмуни сақланиб қолган.

„Девони ҳикмат“ ислом дини асосларидан баҳс этувчи, шариатнинг аҳкоми ва аҳли суннатнинг ақидаларидан сабоқ берувчи, тасаввуф сирлари ва тариқатнинг одобу аркони ёритилган қомусий ҳарактердаги асардир. Унда илоҳий ишқ ғояси ва дидактик мазмун йўналиши етакчилик қилади. „Девони ҳикмат“да муножот, қасида, мунозара жанри талабларига мувофиқ келадиган шеърлар билан бир қаторда, „Меърожнома“ (Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом мадҳ этилган манзума) ҳам ўрин олган.

Яссавий тариқати турли даврларда ва турли жойларда Аҳмад Яссавийнинг кўплаб шогирдлари ва мухлислари томонидан давом эттирилган. Сулаймон Боқирғоний, Бобо Мочин, Шамсиддин Ўзгандий Худойдод, Қул Насимий, Убайдий ва б. тасаввуф шоирлар „Девони ҳикмат“ таъсирида бир қатор асарлар ёзган. Шу боис „Девони ҳикмат“ фақат Яссавийники бўлмай, Яссавий тариқатининг бир неча асрлик умумий бир адабий ёдгорлиги ҳисобланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Яссавий, Т., 2001.