Деворий рассомлик - безак санъати соҳаси, бевосита бино девори, шифти, устуни сувоғи устидан ёки уларга мустаҳкамланган мато, қоғоз ва б.га бўёқлар ёрдамида ишланадиган тасвир ёки нақш. Меъморлик билан боғлиқ ва кўпинча соф безак хусусиятига эга бўлган барча маҳобатли рассомлик асарларини (мозаика, намоён бундан мустасно) ўз ичига олади. Д. р.да сюжетли (тарихий, маиший, батал жанрларида), манзарали ва б. мавзуларда асар яратишда фреска, темпера, елим рассомлиги, мум рассомлиги, мой-бўёқ рассомлиги ва б.дан фойдаланилади.

Энг қадимги Д.р. наъмуналари (ғор ва қояларга ишланган расмлар) сўнгги палеолит даврида юзага келган. Қад. ва ўрта асрларда Д.р.нинг нодир наъмуналари яратилди. ВИИ—ВИИИ асрларда Марказий Осиё (Варахша, Панжакент ва б.)даги ибодатхоналар, саройлар тасвирлар билан безатилган бўлса, ўрта асрларда мусулмон мамлакатларида нақшли мужассамотлар кенг тарқалган (яна қ. Наққошлик). Қад. Миср деворий расмлари, Хитой (Дунхуан) ва Ҳиндистон (Ажанта)да ғор-қояларга ишланган тасвирлар ажралиб турган. Европада эса маълум диний тартибларга мойил кўтаринки руҳдаги Д.р. наъмуналари Византия, Грузия, Болқон, Қад. Русда рассомлик санъатининг муҳим турига айланди. Уйғониш даврида Италияда (Жотто, Мазаччо, Леонардо да Винчи, Рафаэл, Микеланжело ва б.) гражданлик руҳидаги чуқур реалистик Д. р. асарлари яратилди. Роман услуби, готика, барокко услубларидаги биноларда соф безак хусусиятига эга бўлган Д.р. намуналари юзага келган, ХВИИ—ХВИИИ асрларда Д.р. ўрнини витраж, гобелен, ойна ва б. эгаллай бошлаган. ХИХ асрда Д.р.га қизиқиш ортган.

Ўзбекистонда Д.р. қадимдан маълум бўлган. Сурхондарё (Холчаён, мил. ав. И аср, Тупроққалъа, ИИИ аср, Болаликтепа қасри, В—ВИ асрлар), Бухоро яқини (Варахша саройлари, ВИИ аср) ва Афросиёб (ВИИ аср)даги Д.р. наъмуналари бадиий жиҳатдан қимматли. Сюжетли расмларда ўша даврдаги ҳаёт лавҳалари, ҳайвон тасвирлари, базм, сафар, қабул маросимлари, шоҳларнинг қаҳрамонликлари акс эттирилган (яна қ. Афросиёб деворий расмлари). Тарихий қўлёзмаларда ислом дини ҳукмронлиги даврида нақшли мужассамотлар билан бир қаторда сюжетли Д.р. наъмуналари яратилганлиги (мас, Амир Темурнинг Самарқанддаги Дилкушо саройи деворлари қаҳрамонона жанг лавҳалари, тасвирлар билан безатилганлиги) ҳақидаги маълумотлар учрайди. ХИХ аср охири ХХ аср бошларида европача услубда қурилган бинолар (Тошкентдаги Половсев уйи — ҳозирги Ўзбекистон Амалий санъат музейи, Самарқанддаги Калантаров уйи — ҳозирги Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъати музейи бўлими ва б.) Д.р. асарлари билан безатилган. ХХ аср ўрталаридан Д. р. янги мазмун билан бойиди, биноларни безашда кенг қўлланила бошланди. Дастлабки йирик Д.р. намуналари Ч. Аҳмаровнинг Навоий театри фоеларига Навоий достонлари асосида ишлаган расмлари бўлди. 1950— 60 йилларда Д. р. беқиёс даражада ўсди (А. Ган, В. Соседов ва айниқса, Ч. Аҳмаров самарали меҳнат қилдилар), такомиллашди, ажойиб деворий расмлар яратилди. Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи, "Баҳор" консерт зали, "Алишер Навоий" метро бекати, "Киночилар уйи", Темурийлар тарихи давлат музейи ва б. жамоат биноларига ишланган Д. р. намуналари бадиий жиҳатдан қимматлидир. Ўзбекистонда Д. р.нинг кейинги таракқиётига рассомлардан Б. Жалолов, Т. Соипов, Т. Болтабоев ва б., наққошлардан А. Илҳомов, К. Каримов ва б. муносиб ҳисса қўшмоқда.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил