Дезертирлик (лот десертор -қочоқ) — ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши жиноят турларидан бири; Ўзбекистон Республикаси ЖКга кўра ҳарбий хизматдан бўйин товлаш мақсадида ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, шунингдек, шу мақсадда хизмат жойига келмаслик Д. ҳисобланади. Ҳарбий хизматдан қочиб юриш, хизмат жойини ташлаб кетиш жиноят саналади. Бошқа хизмат жойига ўтказилганда, таътилда бўлганда, даволаниш тугаганда, хизмат сафарига юборилганда ҳарбий қисм ёки хизмат жойига етиб келмаслик ана шу турдаги жиноятни содир этиш демакдир. Д. муддатли ҳарбий хизматчи томонидан содир этилган бўлса, айбдор 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан, агар зобитлар таркибидан бўлган шахс, прапоршчик, мичман ёки ҳарбий хизматни контракт (шартнома) бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчи томонидан содир этилган бўлса, айбдор 5 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Д. учун белгиланган бу жавобгарлик фақат тинчлик вақтида ҳарбий хизматни ўташда содир қилингандагина қўлланади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил