Диафрагма (юнонча: диапҳрагма — тўсиқ) — 1) бирор физик системанинг қисмларини ажратиб турувчи тўсиқ; 2) оптикада — оптик системалар (телескоп, микроскоп, спектроскоп, кино ва фотоаппаратлар ва б.) да ёруғлик нури дастасининг кўндаланг кесимини чекловчи ношаффоф тўсиқ. Шаффоф экрандаги кичик тешик ҳам Д. бўлади. Линза ва кўзгу гардиши, кўз қорачиғи ва б. оптик буюмлар Д. вазифасини бажаради. Оптик системанинг ёруғлик кучи ва тасвир сифати Д.нинг катта-кичиклиги ва вазиятига боғлиқ бўлади. Фото- ва киноаппаратларда Д. обектив ичида линзалар орасига жойлаштирилади. Ҳозирги замон фото- ва кинообъективлари ирис Д. билан таъминланади. Ирис Д. ҳалқага ўрнатилган бир нечта ўроқсимон япроқчалардан иборат. Ҳалқани буриб, объективдаги тешик катталигини ўзгартириш мумкин. Ёруғлик нурлари оптик системадан чиқаётганда улар майдонини ғоятда торайтирадиган Д. апертура Д.си дейилади; 3) электрон оптикада — зарядланган зарралар дастаси кесимини чекловчи электр ўтказувчи пластин-кадаги тирқиш; 4)ўлчаш техникасида — қувурлардан оқаётган буғ, газ ва суюкликлар сарфини ўлчашда қўлланиладиган тешикли диск; 5) турбиналарда — йўналтирувчи аппарат куракчалари ўрнатиладиган ҳалқасимон тўсиқ; 6) гидротехника иншоотларида — гидравлик зулфин элементи; бетон, темирбетон, металл, баъзида ёғочдан қилинган вертикал девор кўринишидаги қурилма.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил