Диатермия (диа... ва юн. тҳерме — иссиқлик, қарорат) — электр билан даволаш усулларидан бири, бунда гавда ичкарисидаги тўқима ва аъзолар юқори частотали (1000—1650 кГс) ва катта кучли (3 А гача) ўзгарувчан ток билан иситилади. Д.да бутун организмни исит-май туриб, гавданинг исталган жойида анча ичкаридаги тўқималар температурасини тез кўтариш мумкин. Бунда тўқималардаги иссиқлик ташкаридан берилган иссиқликка нисбатан узоқроқ ушланиб туради. Тўқималарни қиздириш туфайли қон ва лимфа айланиши яхшиланади, моддалар алмашинуви кучаяди. Д. лейкоцитларнинг ҳимоя функсиясини оширади, шу туфайли ўртача ўткир ва сурункали яллиғланиш касалликларини даволашда кўп қўлланади. Юқори частотали ўзгарувчан ток тебранишлари марказий ва периферик нерв системасининг қўзғалувчанлигини камайтириб, оғриқни босади, бу эса невралгия, неврит, радикулит, бод ва б. касалликларни даволашда қўл келади. Скелет мускуллари ва ички аъзо (жумладан, қон томири) мускуллари иссикда бўшашади. Шунинг учун қон томирларининг торайишига алоқадор касалликларга, сийдик ва ўт йўллари, шунингдек, ўт пуфаги спазмига, меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллигига даво қилишда Д.дан фойдаланилади. Жар-рохлик, дерматология ва б. соҳаларда тўқималарни куйдириш ва қирқиш учун Д. қулай, чунки унда деярли кон оқмайди, оғриқ кам бўлади, ўсма ҳужайралари ва инфексия тарқалиш хавфи камаяди (яна қ. Диатермокоагулясия).

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил