Дифференсиал психология — психология фанининг одамлар ўртасидаги индивидуал-психологик тафовутларни ўрганувчи соҳаси.

Дифференсиал психология атамасини 1900-йил немис психологи В. Штерн фанга киритган. Дифференсиал психология муайян индивидлар билан бирга, турли ижтимоий синфларга, этник, ёш ва бошқа гуруҳларга мансуб шахслар психикасининг намоён бўлишидаги тафовутларни аниқлаб беради. Дифференсиал психологияда кўпинча индивиднинг кузатиши, тест ёки ўз-ўзини кузатиш натижаларини таҳлил этиш ёрдамида аниқланган шахсий ва интеллектуал хусусиятлари қиёсий тадқиқ қилинади.

Дифференсиал психологиянинг муҳим вазифаларидан бири индивидуал-психологик хусусиятларнинг намоён бўлиши, диапазони ва характерини очиб, ёритиб беришдан иборат. Индивидуал-психологик тафовутларнинг юзага келиш шартлари ва сабабларини тушуниш учун уларнинг нейрофизиологик омилларини, нерв системасининг асосий хусусиятларини ўрганиш лозим.

Ҳозирги замон Дифференсиал психологиясида ривожланган математик-статистик аппарат, жумладан, коррелясия (ўзаро боғлиқлик), регрессив (орқага қайтиш), дискриминант (чеклаш) ва омилли таҳлил усуллари кенг қўлланади. Дифференсиал психология маълумотлари таълим-тарбия амалиётида, психиатрик-психотерапевтик таъсир этишда, индивиднинг у ёки бу касб-ҳунарга яроқлилигини аниқлашда, касбга йўналтириш ва касб танлашда муҳим аҳамиятга эга.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил