Дилер Сиддиқович Имомов (1939.23.4, Тошкент) — рангтасвир устаси. Ўзбекистон халқ рассоми (2002). Республика рассомлик билим юрти (1960) ва Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (1966)ни тугатган. 1967-йилдан Тошкент театр ва рассомлик санъати интида дарс берган; 1997-йилдан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн интида доцент, 2000-йилдан профессор И. асарларида инсоннинг ички дунёсини ва унинг ташқи олам билан уйғунлигини акс эттиради, кўпгина асарларининг асосини маърифий мазмун, меҳнаткаш болажонли ўзбек аёли, унинг кундалик ташвишлари, орзу-умидлари, қишлоқ қаёти мавзуси ташкил қилади: "Дала шийпонидаги болалар боғчаси" (1967), "Фронтдаги отамга" (1975), "Катта Фарғона канали қурилишида" (1980), "Руҳ илтижоси" (Навоийга бағишланган, 1990), "Кечки нидо" (1991) ва бошқалар. Кейинги йилларда И. ижодида она юрт манзаралари кенг ўрин олди ("Танга-топган қишлоғи", 1994; "Тоғдаги кўл", 1995; "Чорвоқ", "Шаршара", 1997 ва бошқалар), каламтасвир устаси сифатида танилди ("Миразиз портрети", 1983 ва бошқалар)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил