Дили кабутар, каптар юраги — кечпишар хўраки узум нави. Тупи ўртача ва кучли ўсади. Гули икки жинсли. Барги катта, беш бўлакли, кўп кертикли, арра тишли, тўқ яшил, чети сал юқорига қайрилган. Узум боши катта (бўйи 22 см гача), силиндрсимон, шингиллари ҳовол, оғирлиги 280—300 г, баъзилари 500—600 г. Ғужуми йирик, тухум шаклида, кўкимтир-новвотранг, эти қалин, мазали, карсиллайди, пўстининг қалинлиги ўртача. Д. к. номи нав ғужумининг каптар юрагига ўхшашлиги сабабли юзага келган. Сент.да пишади. Таркибида 20—24% қанд, 3,5—5% кислота бор. Гектаридан 110— 150 с ҳосил беради. Совуққа, қурғоқчиликка чидамсиз. Андижон, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида, Тожикистонда ўстирилади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил