Википедияда исми Дилшод бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Дилшод Ражаб (1964-йил 7-декабр) — ўзбек болалар шоири, Журналистика соҳасида ВИ „Олтин қалам“ Миллий мукофоти учун халқаро танлов совриндори (2011-йил), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши аъзоси. 2-даражали Соғлом авлод учун ордени соҳиби.

Дилшод Ражабов
Таваллуди 1964-йил 7-декабр (1964-12-07) (61 ёш)
Тахаллуси Дилшод Ражаб
Касби журналист
Фуқаролиги Ўзбекистон ССР -> Ўзбекистон
Мукофотлари Олтин қалам,

Ёшлиги

Дилшод Ражаб 1964-йилнинг 7-декабрида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида зиёли оиласида туғилди. 1982-йил Навоий номидаги 4-ўрта мактабни олтин медал билан битириб, Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ўқишга кирди.

Фаолияти

1983—1985-йиллар ҳарбий хизматда бўлиб қайтгач, таҳсилни давом эттирди. 1989-йил олий даргоҳ таҳсилини тугатиб, ўзи ўқиган 4-ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. 1990—1993-йиллар Низомий номидаги ТДПИ аспирантурасида ўқиб, „80-йиллар ўзбек болалар шеъриятида поэтик маҳоратнинг айрим масалалари“ мавзусида номзодлик ишини ҳимоя қилди. Дилшод Ражаб Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси „Адабиёт жамғармаси“ нашриётида, Республика „Шаҳидлар хотираси“ хайрия жамғармасида турли лавозимларда ишлади (1994—2004). 2005-йилдан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг „Муҳофаза+“ журнали, „Вазият“ газетаси бирлашган таҳририятида бош муҳаррир сифатида фаолият юритади[1].

Илк шеъри „Гулхан“ журналида 1978-йилда босилди, „Қорқиз совға келтирди“ номли илк китоби эса ҳаммуаллифликда 1989-йилда нашр этилди. Шундан сўнг, шоирнинг „Отамнинг боғи“ (1996), „Дарё кўнгил“ (1997), „Жилвон ўғлони“, „Алифбо“ (2001), „Таниш товушлар“ (2006), „Сукут сарҳади“ (2006), „Ўн ўртоқ“, „Поезднинг боласи“ (2013), „Бахши бола — яхши бола“ (2016), „Шамолнинг супургиси“ (2018), „Йўлим қуёш томондир“ (2019), „Тилимдаги новвотим“ (2022) каби болаларга бағишланган китоблари дунёга келди. Дилшод Ражаб, шунингдек, даврий матбуотда ўзининг илмий, илмий-оммабоп ва публицистик мақолалари билан ҳам мунтазам қатнашиб келади. У айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши аъзоси сифатида ҳам фаолият кўрсатади[2].

Мукофотлари

Дилшод Ражаб Журналистика соҳасида „Олтин қалам“ мукофоти совриндори (2011). Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг „Болаларга бағишланган энг яхши китоб“ ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг „Ватан учун яшайлик“ республика кўрик танловларида (2022) фахрли ўринларни эгаллаган[3]. 2023-йил 27-июн санасида 2-даражали Соғлом авлод учун ордени билан мукофотланган[4].

Манбалар

  1. ↑ Дилшод Ражаб. „Хайрли тонг“. „Муҳаррир“ нашриёти, 2019-йил. 
  2. ↑ С. Мирвалиев, Р.Шокирова. „О'збек адиблари“. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2016-йил. 
  3. ↑ „Таржимаи ҳол. Дилшод Ражаб (1964)“ (05.01.2018). 2021-йил 20-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 5-ноябр.
  4. ↑ „Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида“. президент.уз. Қаралди: 27-июн 2023-йил.