Din falsafasi
Дин фалсафаси – тафаккур шаклларидан бўлган
тушунчалар матн ва мақсад моҳиятидан келиб чиқиб,
турлича мазмун касб этиши, кенг ва тор маъноларда
қўлланилиши мумкин. „Дин фалсафаси“ тушунчаси ҳақида
ҳам шундай дейиш мумкин. Хусусан, кенг маънода у дин
ҳақидаги фалсафий қарашларни англатади. Бундай талқинда
дин фалсафаси фалсафа каби қадимий илдизларга эга бўлиб,
асрлар давомида дин, унинг моҳияти, инсон ва жамият
ҳаётидаги ўрни ҳақида шаклланган хилма-хил фалсафий
қарашлар, ёндашувлар ва таълимотларни қамраб олади.
Тор маънода эса, дин фалсафаси фалсафий усуллар ва
тушунчалар аппаратини ишга солган ҳолда динни ўзига хос ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида ўрганувчи мустақил
фанни англатади.
Дин дин фалсафасининг билиш предмети ҳисобланиши,
яъни „дин ўзи нима?“ деган саволга жавоб излаши бир
қарашдаёқ аниқдек туюлса-да, аммо ушбу ҳодисанинг
талқини ҳамма вақт ҳам бир хил эмаслигини қайд этиш
лозим. Зеро, дин, бир томондан, умуман, ўзининг моҳияти
нуқтаи назаридан, яъни мавҳум, метафизик маънода,
иккинчи томондан, ўзининг конкрет намоён бўлиш шакли, хусусий ҳолатида тадқиқ этилиши мумкин. Ушбу икки
ёндашув маълум маънода бир-бирини тўлдиради. Зеро,
биринчи ҳолатда диннинг моҳияти ҳақида яхлит тасаввур
ҳосил қилинса, динга хос бўлган хусусиятлар ҳамиша
конкрет шакл, кўринишларда намоён бўлишини инобатга
олсак, иккинчи ҳолатда умуман динга хос хусусиятларни
чуқурроқ англаш мумкин бўлади.
Дин фалсафаси ўз предметини ўрганишда таянадиган
методология конкрет фалсафий тизим, таълимотнинг ўзига
хослиги билан белгиланади. Шундай экан, диннинг фалсафий
талқинини мантиқий асослаш билан бирга билишнинг адекватлигини таъминлаш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Билишнинг ҳақиқий (адекват)лигини таъминлашда
олинган натижаларнинг мантиқий ва назарий жиҳатдан
зиддиятли бўлмаслиги гносеологиянинг муҳим
қоидаларидан бири ҳисобланади. Аммо умуман тўғри бўлган
мазкур қоида конкрет фалсафий тизим, таълимот доирасида
яратилган ва унга зид бўлмаган, унинг асосий талабларидан ташқарига чиқмайдиган дин ҳақидаги қарашларни адекват деб ҳисоблашга замин яратади. Зеро, бундай ҳолатда биз дин ҳақидаги билимлардан кўра ушбу конкрет фалсафий тизим, таълимот ва унинг динга бўлган муносабати ҳақида кўпроқ билимга эга бўламиз. Чунки тадқиқотчининг шаклланиб бўлган қарашлари ва ёндашувлари таъсирида диннинг ўзи эмас, балки унга бўлган муносабат ёритилади. Демак, дин фалсафасида мантиқий зиддият йўқ бўлган хулоса, қарашларни ҳақиқат, деб қабул қилиш етарли эмас. Ҳақиқат деб қабул қилинган билимларда диннинг моҳияти акс этиши лозим. Шундагина дин фалсафасидан дин ҳақидаги аҳамиятли натижаларни кутиш мумкин. Бунда обективлик тамойилига риоя қилиш ниҳоятда муҳим.
Обективлик тамойили дин фалсафасини ўз предметига
реал мавжуд ҳодиса сифатида қарашни, тан олишни
талаб этади. Бироқ обективликни холислик билан
чалкаштириш керак эмас. Холислик тадқиқотчининг
ўрганаётган предметидан муайян даражада бегоналашувига
ва шу туфайли унинг етарлича англанмай қолишига замин
яратишини инобатга олсак, дин фалсафаси нуқтаи назаридан
обективлик ва холислик бир хил мазмунга эга эмаслиги
ойдинлашади.
Билиш предметини тушунишда субективлик тамойили
ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тамойил билиш предметига
у ёки бу шаклда дахлдорликни талаб этади ва унга нисбатан юзага келиши мумкин бўлган нохолис муносабатнинг олдини олишга хизмат қилади.
Умуман олганда, ўрганилаётган предметнинг реаллиги
обективликни, уни тушуниш зарурати субективликни
талаб этади. Аммо ушбу икки тамойилдан фақат бири устувор
аҳамият касб этмаслиги лозим. Хусусан, тарих ва замонавий воқелик обективлик тамойилининг мутлақлаштирилиши
динга салбий муносабатни, унинг ашаддий танқидини
келтириб чиқаришини кўрсатади. Субективлик
тамойилининг устуворлиги эса диннинг муайян шаклига
алоҳида эътибор туфайли умуман дин феноменига хос
хусусиятларнинг назардан қочирилишига ва билиш
натижаларининг бир ёқлама бўлиб қолишига олиб келади.
Демак, иккала тамойилнинг ҳам ўз ҳолича қўлланилиши
динни адекват англаш жараёнига зиддир. Бундан дин
фалсафаси ҳақиқатан ҳам дин феноменини билишга ҳаракат
қилар экан, у том маънода диндан ташқарида бўлиши
мумкин эмаслиги ҳақидаги хулоса келиб чиқади. Чунки дин
фалсафасининг мақсади динни обектив ҳам, субектив ҳам
талқин этиш эмас, балки уни адекват назарий тадқиқ этиш,
тахдил қилиш ва тасвирлашдан иборат. Бу охир-оқибатда
фалсафий-диний тадқиқотлар натижаларининг умуман ва
барча учун тушунарли ҳамда аҳамиятли бўлишига замин
яратади. Ягона фалсафий тилнинг бўлиши эҳтимолдан
ниҳоятда узоқ бўлса-да, билиш натижаларининг бошқалар
учун ҳам тушунарли бўлишини таъминлаш ниҳоятда
муҳимлигини таъкидлаш зарур.
Дин фалсафасининг асосий муаммолари. Дин
фалсафасининг диншунослик фанлари тизимидаги ўрни,
динни фалсафий тадқиқ этишнинг усуллари масаласини ҳал
этиш у ўрганадиган муаммолар ичида алоҳида аҳамиятга
эга. Зеро, ушбу масаланинг муваффақиятли ечими унинг
мақоми ва ўзига хос хусусиятларини аниқ белгилаб олишга
ёрдам беради.
Бугунги кунда диннинг моҳиятига турлича ёндашувлар
ва уларга асосланган турфа таърифлар мавжуд. Бу тадқиқот
методологияси хилма-хиллигининг табиий ҳосиласидир.
Шу нуқтаи назардан қараганда, диннинг ижтимоий ҳодиса
сифатидаги ўзига хослигини кўрсатувчи фалсафий таърифни
ишлаб чиқиш ва уни шакллантиришга ёндашув тамойиллари мазмунини аниқлаш ҳам дин фалсафасининг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, диннинг онтологик ва гносеологик асослари ва
манбаларини тадқиқ этиш билан боғлиқ бўлган масалаларда умумеътироф этилган методологик базани шакллантириш
ҳам дин фалсафаси олдида турган муҳим муаммолар
сирасига киради.
Диннинг моҳиятини англаш унга хос хусусияларнинг
тизимли тахдил қилиниши билан узвий боғлиқ. Шу маънода
диний дунёқараш, онтология, гносеология, тафаккур ва
тилнинг ўзига хос хусусиятлари тадқиқ этиш, бу борада
мавжуд бўлган қарашлар ва ёндашувларда якдиллика
эришиш ҳам дин фалсафасининг муҳим муаммоларидан
ҳисобланади.
Дин фалсафаси учун улкан аҳамиятга эга муаммолар
қаторида худо ҳақидаги теистик таълимотларнинг мазмуни,
уларнинг юзага келиш сабабларини тадқиқ этиш, диний
фалсафанинг мазмуни ва ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, мазкур йўналишдаги қарашларни қиёсий ўрганиш билан боғлиқ масалалар мавжудлигини ҳам қайд этиш зарур.
Дин фалсафасининг фалсафий ва диншунослик фанлари
тизимида тутган ўрни. Илм-фан ривожланишининг илк
босқичларида диншунослик алоҳида ва мустақил фан
сифатида ривож топган. Аммо узоқ тараққиёти давомида
диншунослик сертармоқ соҳага – дин феноменининг
хилма-хил қирраларини тадқиқ этадиган фанларни ўзида
бирлаштирган тизимга айланди. Бугунги кунда мустақил
мақомга эга бўлган динлар тарихи, дин социологияси, дин
психологияси каби фанларнинг мавжудлиги бунга далил
бўла олади. Бу диншуносликнинг яхлит тизим сифатидаги
ривожи конкрет фанлар тараққиёти билан узвий боглиқ
ҳолда кечаётганини, улар ўртасида интеграциялашув
мавжудлигини кўрсатади.
Диншунослик доирасида фанларга хос дифференсиаллашув ҳам давом этмоқда. Бу диншунослик таркибида диннинг конкрет намоён бўлиш шаклларини тадқиқот предметига айлантирган ва кўплаб мустақил фанларни ўзида бирлаштирган йўналиш (тармоқ)ларнинг
юзага келишига замин яратмоқда. Масалан, бугунги
кунда Қур’оншунослик, ҳадисшунослик, фиқҳ каби
бир қатор фанларни ўзига қамраб олган исломшунослик
диншуносликнинг алоҳида тармоғига айланиб улгургани
фикримизнинг исботи бўла олади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, дин фалсафасининг
мустақил фан сифатида шаклланиши бир томондан,
фалсафий билимлар, иккинчи томондан, диншунослик
фани тармоқлашуви ва мазкур жараёнда юзага келган
интеграциянинг ҳосиласи ҳисобланади.
Фалсафа ва диншунослик муносабатлари доирасида
динни фалсафий англашнинг ўзига шакли диний фалсафа
(фалсафий теология) шаклланганини ҳам таъкидлаш зарур.
Диний фалсафа диний дунёқараш тамойилларидан
келиб чиқадиган тасаввурлар, ғоялар, Яратувчи ва олам
(онтология ва метафизика), инсон (антропология), жамият
(социология, историософия), билиш жараёни (гносеология ва эпистемология), қадриятлар (аксиология) ҳақидаги қарашлар тизимини ўз ичига олади. Содда қилиб айтганада, у дин компетенсиясига кирадиган онтологик, антропологик, гносеологик муаммоларни фалсафий тушунчалар ва усуллардан фойдаланган ҳолда тадқиқ этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, диний фалсафа, бир томондан, фалсафий билимларнинг, иккинчи томондан, илоҳиётнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Диний фалсафа дин фалсафаси каби диннинг моҳиятига
эътибор қаратади. У фалсафий тафаккур натижаларига
таянгани учун ўзида эътиқод ва рационаллик, догматика
ва ҳурфикрлиликнинг бирлигини намоён этади, диннинг
моҳиятида яширинган донишмандликнинг маъносини
англаш учун имконият яратади.
Дин фалсафаси ривожи динлар тарихи, дин социологияси
ва дин психологияси каби фанлар тараққиёти билан ҳам
узвий боғлиқ. Хусусан, динларнинг ўтмишини унинг
конкрет шаклларида тиклашга, диний эътиқоднинг турли
кўринишлари ҳақидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва
изохдашга хизмат қилар экан динлар тарихи фани конкрет
динлар ва умуман диннинг ижтимоий ҳодиса сифатидаги
ривожининг у ёки бу даврига хос хусусиятларни чуқурроқ
англашга ёрдам беради.
Дин фалсафаси дин ва ижтимоий воқелик ўртасидаги
алоқадорликни ҳам назарий, ҳам эмпирик даражадаўрганувчи
дин социологияси фани билан ҳам узвий боглиқ. Хусусан, дин социологияси томонидан дин ва жамият ҳаётининг
турли соҳалари ўртасидаги ўзаро таъсир ва акс таъсирга
хос хусусиятлар, дининг пайдо бўлиши ва мавжудлигининг
ижтимоий асослари билан боғлиқ масалаларни ўрганиш
жараёнида тўпланадиган эмпирик материаллар ва унга
таянган назарий умумлашмалар дин ва диний ҳаёт ривожига
хос қонуниятларни тушунишда муҳим аҳамият касб этади.
Дин фалсафаси ўз ривожида диний онгнинг ўзига хос
хусусиятлари, структураси ва функсияларини белгилаб
берувчи психологик ва ижтимоий-психологик омилларни
ўрганувчи дин психологияси фани ютуқларига ҳам таянади. Жумладан, диндорлар онги ва ҳиссиётларининг конкрет ижтимоий муҳит ва шароит билан боғлиқлиги, диний
маросимларнинг инсон руҳиятига таъсири ҳамда диний
жамоаларнинг ижтимоий-психологик структураси, мулоқот,
ишонтириш ва таъсир ўтказиш механизмларини ўрганиш
билан боглиқ ҳолада тўпланган материаллар шахс ва жамият маънавий ҳаётида диннинг ўрни ва ролини тушунишга хизмат қилади[1].
Манбалар
- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 160.
Адабиётлар
- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |