Dinamika
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Динамика (юнонча: δύναμις — „куч“) — механиканинг жисмлар механик ҳаракатини уларга таъсир қиладиган кучлар билан боғлаб ўрганадиган бўлими. Динамикада статиканинг мураккаб кучлар системасини содда ҳолга келтириш қонуниятларидан ва кинематикадаги ҳаракатни ифодалаш усулларидан кенг фойдаланилади. Динамиканинг бевосита вазифаси берилган (қўйилган) кучлар бўйича ҳаракатни аниқлаш, агар ҳаракат маълум бўлса, жисмга қўйилган кучларни топишдан иборат. Одатда, динамика деганда ёруглик тезлигидан анча кичик тезликда ҳаракатланаётган ҳар қандай моддий жисмнинг ҳаракатини ўрганадиган анъанавий (классик) динамика тушунилади.
Ўрганиладиган обектнинг хоссаларига қараб: 1) моддий нуқта ва моддий нуқталар системаси динамикаси; 2) қаттиқ жисм динамикаси; 3) узгарувчан массали жисм динамикаси; 4) эластик ёки пластик деформацияланадиган жисм динамикаси; 5) суюқлик ва газ динамикаси (мас, гидродинамика, аэродинамика, газ динамикаси) бўлади. Динамикада аввал моддий нуқтанинг ҳаракат қонунлари аниқланади, сўнгра моддий нуқталар системаси учун бу қонунлар умумлаштирилади, масса жисмларнинг моддий ифодаси сифатида қаралади.
Динамика асосини Нютоннинг механика қонунлари ташкил қилади.
Динамикада иккита бирликлар системаси ишлатилади: 1) физик система [узунлик бирлиги (1 метр), вақт бирлиги (1 секунд), масса бирлиги (1 килограмм-масса) олинади]; 2) техник система [узунлик, вақт бирлиги ва куч бирлиги (1 килограмм-куч)]. Динамикада моддий нуқталар ва системаларнинг ҳаракати Нютоннинг қонунлари асосида тузилган дифференсиал тенгламалар асосида аникланади. Динамикада моддий нуқта тебранма ҳаракатини текшириш учун дифференсиал тенгламалардан фойдаланилади ва ҳаракат қонунлари келтириб чиқарилади. Бундан ташқари динамикада ҳаракатни текшириш учун нисбатан соддалаштирилган уч хил усул ҳам келтирилади. Булар динамиканинг умумий теоремалари деган ном билан киритилган.
Амалда динамиканинг қуйидаги умумий теоремалари жуда кенг татбиқ қилинади: 1) система ҳаракат миқдорининг ўзгариши ҳақидаги теорема: система ҳаракат миқдори дифференсиали ташқи кучлар элементар импулсларининг геометрик йигиндисига тенг. Бу теорема суюкликлар ҳаракатини текширишда, зарба назариясида, реактив ҳаракатлар назариясида кенг татбиқ қилинади; 2) система кинетик моментининг ўзгариши ҳақидаги теорема: системанинг бирор О марказига нисбатан кинетик моментининг вектори учининг тезлиги системага қўйилган ташки кучларнинг шу нуқтага нисбатан бош моментига тенг. Бу теорема гироскоплар назариясида, зарба назариясида, сайёралар ҳаракатини текширишда, турбиналар назариясида кенг татбиқ қилинади; 3) система кинетик энергиясининг ўзгариши ҳақидаги теорема: системанинг ихтиёрий силжишидаги кинетик энергияси ўзгариши ички ва ташқи кучларнинг шу силжишда бажарган ишлари йиғиндисига тенг. Системага потенсиал кучлар қўйилса, система кинетик ва потенсиал энергияларининг йигиндиси ўзгармай қолади. Кинетик энергиянинг ўзгариш тезлиги барча ички ва ташки кучлар қувватлари йиғиндисига тенг. Динамикада умумлашган координаталар ва умумлашган кучлар тушунчалари киритилиб, кинетик энергияни бу янги координаталарда ифодалаш учун Лагранж иккинчи тур тенгламалари келтириб чиқарилади. Ҳаракатни тадқиқ қилишнинг умумий усулларидан ташқари динамикада бир қатор хусусий масалалар: гироскоплар назарияси, механик тебранишлар назарияси ва бошқалар ҳам ўрганилади. Динамика усулларининг айрим соҳаларга татбиқ қилиниши туфайли осмон механикаси, ташқи баллистика, самолётлар динамикаси, ракеталар динамикаси каби соҳалар пайдо бўлди.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
- Ўразбоев М., Тошкент, Назарий механика асосий курси, 3-нашр, Тошкент, 1966-йил.
- Рашидов Т. Р., Шозиётов Ш., Мўминов К. Б., Назарий механика асослари (дарслик), Тошкент, 1990-йил.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |