Динамометр (қадимги юнонча: δύναμις – „куч“ ва μέτρεω) – куч ёки буровчи моментни ўлчайдиган асбоб. Динамометр куч звеноси (қайишқоқ элемент) ва ҳисоблаш қурилмасидан иборат. Вазифасига кўра, намуна (эталон) ва иш динамометрлари бўлади. Намуна динамометр лаборатория шароитида машина, механизм ва материалларга таъсир этувчи кучларни ўлчашда қўлланади. Иш динамометрлари автомобил, трактор, локомобилларнинг тортиш кучларини, қишлоқ хўжалиги машин ақуролларининг тортишга қаршилигини ўлчашда ишлатилади. Иш тарзига кўра механик, гидравлик ва электр динамометрлар бўлади. Гидравлик ва электр динамометрлар динамографларнинг куч звеноси сифатида ишлатилади. Тиббиётда динамометр мушакларнинг энг юқори кучини ўлчашда ишлатилади. Антропология, неврапотология, ортопедия, ҳарбий тиббиёт, физиология, спорт тиббиёти ва ҳоказода қўлланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.