Диний ахлоқ – бевосита диний дунёқараш таъсирида шаклланадиган ахлоқий тушунчалар ва тамойиллар мажмуасидан иборат бўлиб, у диний таълимотнинг таркибий қисмини ташкил қилади. Диннинг тарихий турлари, илк диний тасаввурлар, миллий ва жаҳон динларидан ҳар бирининг ўзига хос ахлоқ меъёрлари ҳамда талаблари ишлаб чиқилган бўлиб, барча диний таълимотларда ўзига хос фарқли жиҳатлари ҳамда умумий жиҳатлари мавжуддир. Масалан: Ислом динида полигамия – кўп никоҳлиликка рухсат берилса, ҳиндуизм, буддизмда ҳайвонларни ўлдириш гуноҳ ҳисобланади. Христианликда, энг аввало католицизмда руҳонийларнинг уйланишига рухсат берилмайди. Руҳонийларга диндорларнинг гуноҳларини кечириш ҳуқуқининг берилиши ҳам диний ахлоқнинг ўзига хос жиҳатларини ташкил этади.
Шу билан биргаликда жаҳондаги барча диний таълимотлар томонидан тарғиб қилинадиган ахлоқ тушунчаларининг моҳияти, талаби бир-бирига анча яқин бўлиб, барча диний таълимотлардаги ахлоқий талаблар диндорлардан худога эътиқод қилишни, унинг қудратига ишонишни, доимо иборат қилишни ҳамда ҳаётдаги турли лаззат, хурсанчилик, роҳат- фароғатлардан ўзини тийишни талаб қилади. Диний таълимот томонидан тарғиб қилинадиган ахлоқнинг маълум қисми соф диний эътиқодлар тизимини ўз ичига олиб, турли урф-одатлар ва маросимларда ўз аксини топади. Диний ахлоқ талаблари ва тамойиллари диний таълимотларда муқаддаслаштирилади ҳамда барча диндорларнинг илоҳий тарзда ваҳий қилинган бу диний ахлоқ меъёрларига итоат қилишлари талаб қилинади.
Инсоннинг пайдо бўлиб шаклланиш жараёни фанда антропосоциогенез деб аталиб, инсонда онг – тафаккурнинг шаклланиши натижасида вужудга келган ижтимоий онг шакллари – диний онг, ахлоқий онг ҳамда эстетик онгдан иборат бўлган. Илк диний тасаввурларнинг ижтимоий тараққиёт жараёнида мураккаблашиб, диний тизимлар, диний таълимотларга айланиб бориши жараёнида шу динга тааллуқли бўлган ахлоқий меъёрлар ҳамда тамойиллар ҳам такомиллаштириб борган.
Ижтимоий тараққиётнинг ҳар бир даври ҳамда босқичида яшаган халқларнинг ўзига хос ахлоқий талаб, тушунча ва меъёрлари мавжуд бўлиб, бу ахлоқий меъёрлар ва тамойиллар муайян диний таълимотнинг мазмун – моҳияти билан боғлиқ равишда ишлаб чиқилган диний ахлоқий меъёрлар сифатида эътироф этилади. Бу ахлоқий меъёр ва талабларни бажариш диний эътиқоднинг муҳим жиҳати бўлиб ҳисобланади.
Диний ахлоқ муайян диний таълимот негизида ишлаб чиқилган ҳамда шакллантирилган ахлоқий меъёрлар, тушунчалар ва талаблар мажмуасидан иборат бўлиб, у умуминсоний ахлоқий қадриятлар негизида ривожлантирилади. Умуминсоний ахлоқий қадриятлар ўз навбатида умуминсоний маънавиятга таянади. Шунинг учун инсоният тарихидаги жуда кўплаб диний таълимотларнинг мазмун – моҳиятига эътиборни қаратганда, умуминсоний маънавият ва ахлоқий қадриятлар асосида ишлаб чиқилган диний ахлоқ меъёрлари ҳамда тамойиллари яққол кўзга ташланади. Жаҳондаги жуда кўплаб диний таълимотларда шу динга эътиқод қилувчи диндорлар ҳалол, пок бўлишга, виждонан меҳнат қилишга, меҳр-шафқатли, камтар камсуқум бўлишга, бошқаларга яхшилик қилишга даъват этилади.
Диний ахлоқ кўпгина диний таълимотларда бу инсоннинг руҳий покланиш йўли бўлиб, диний ахлоқий талабларни бажарган инсон руҳан покланиб, ўзини руҳий жиҳатдан абадий ҳаётга тайёрлаб боришга ҳаракат қилади. Диний ахлоқ талабларини бажариб, руҳий жиҳатдан покланиб борган инсон тасаввуф таълимотга кўра кўнгил кўзи билан Оллоҳнинг жамолини мушоҳада қила бошлайди. Жаҳондаги кўплаб диний таълимотларнинг ҳар бирида ўзига хос диний ахлоқий талаб ва меъёрлар тизими ишлаб чиқилган бўлиб, бу талаб ва меъёрлар халқнинг миллий менталитетига ўзига хос тарзда таъсир кўрсатган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда бозор муносабатларига асосланган, демократик, ҳуқуқий, фуқаролик жамияти барпо этилаётган бўлиб, бу жамият дунёвийлик тамойилига асосланади. Ўзбекистонда янги жамият барпо килиш жараёнида динга нисбатан бой тарихий мерос ва маънавий қадрият сифатида ёндошилиб, диний ахдоқ меъёрларидан маънавий пок ва ахлоқий гўзал инсонларни тарбиялаш масаласида фойдаланилмокда. Миллий истиқлол мафкурасида ифодасини топган динлараро бағрикенглик гояси ҳам Ўзбекистонда тинчлик – барқарорлик, турли динга эътиқод қилувчи фуқаролар ўртасида ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик муносабатларининг ўрнатилишида муҳим омил бўлиб келмоқда.
Ахлоқий талаблар, меъёрлар ва тамойиллар бугунги кунда миллий давлат динларида ҳам, жаҳон динларида ҳам бир мунча мукаммал, тизимли равишда ишлаб чиқилган бўлиб, миллий маънавиятнинг шаклланишида, миллий менталитетнинг давомийлиги ва ворисийлиги жараёнларида диний ахдоқий қадриятлар муҳим ўрин тутиб келмоқда.
Халқимизнинг тарихий тараққиётида миллий урф-одат, анана, удумлар, қадриятларимизнинг шаклланишида диннинг тарихий шакллари, илк диний тасаввурлар ҳам, зардуштийлик дини ва унда илгари сурилган диний ахлоқий ғоялар ҳам, кўп миллатли ва диний эътиқодли давлатда Буддавийлик, Насронийлик динларида илгари сурилган диний аҳлоқий талаблар ҳам, маънавиятимизнинг, миллий менталитетимизнинг, урф- одат ва анъаналаримизнинг шаклланишига ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатган илсом динида ҳам, ислом дини негизида вужудга келган тасаввуф тариқатида ҳам диний ахлоқ меъёрлари ишлаб чиқилган бўлиб, Узбекистонда адолатли жамият ва баркамол инсонни тарбиялаш жараёнида бу тарихий маънавий мерос ҳамда диний ахлоқий қадриятлардан фойдаланиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 172.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.