Диний ташкилот - диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўз-ўзини бошқарувчи уюшма. Айни вақтда у фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан ҳисобланади. Диний ташкилотларнинг таълимоти, тарихий анъаналари, диний уюшмалар тузилишида тутган ўрни ва роли турли-туман бўлиши мумкин. Фуқаронинг диний ташкилотга аъзолиги унинг ҳуқуқий мақомини, жумладан бошқа шахслар билан тенглигини чеклаб қўя олмайди. Диний ташкилотларнинг энг муҳим белгиси — уларнинг ўз-ўзини бошқаришидир, яъни, улар маъмурий жиҳатдан давлат идораларидан ажратилган. Диний ташкилотларнинг фаолияти қонунларга зид келмаса, давлат уларнинг ички ақидавий ишларига аралашмайди. Улар ўз устав (низом)ларига мувофиқ ташкил топиш ва иш юритиш, ходимларни танлаш, тайинлаш ва алмаштириш ҳуқуқига эгадирлар. Диний ташкилотларнинг уставлари уларнинг тузилиши, диний таълим ва фаолиятнинг бошқа масалаларини белгилаб беради. Баъзи диний ташкилотлар иерархия тизимида ташкил топган. Мас, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Рус православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси масжидлар, черковлар, ўқув юртлари, маҳаллий ташкилотлар ва ўз бошқарув органларига эга.

Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги (1998) қонунида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва б.) диний ташкилотлар деб эътироф этилади. Тегишли устав (низом) асосида фаолият юритувчи республика диний уюшмалари Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Вилоят, туман ва шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ ҳудудида бўлган диний ташкилотлар тегишли вилоятлар, шунингдек, Тошкент ш. ҳокимлиги адлия бошқармалари томонидан рўйхатга олинади. Диний ташкилот рўйхатга олингандан сунг у юридик шахсга айланади. Диний ташкилот юридик шахс сифатида қонунларга ва ўз низомига мувофиқ ҳолда ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларни ўтайди. Диний ташкилот раҳбарининг ташкилот уставини рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади. Рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар. Диний ташкилотлар фаолияти икки ҳолда: улар ўз низомларига мувофиқ тугатилганда ва "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўтрисида"ги қонун қоидалари ёки бошқа қонун ҳужжатларига риоя қилинмаганда тўхтатилади. Диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент ш. ҳокимлигининг адлия бошқармалари томонидан қабул қилинади. Диний ташкилотлар қабул қилинган қарор устидан халқ судига шикоят қилиш ҳуқуқига эга, шикоят фуқаролик ишларини юритувчи суд томонидан кўриб чиқилади. Диний ташкилотлар тасарруфида бинолар (масжидлар, черковлар, синагогалар, кирхалар, монастирлар, ибодатхоналар ва б. иншоотлар), и.ч. корхоналари (босмахоналар, фермалар, бадиий-тикув сехлари ва ҳоказо), ижтимоий ва хайрия объектлари (етимхоналар, қариялар уйлари ва ҳоказо), диний анжомлар (диний китоблар, иконалар, шамлар ва ҳоказо), улар фаолиятини таъминлаш учун зарур транспорт воситалари, пул ва б. мулклар бўлиши мумкин. Диний ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил