Diplom ishi
Диплом иши — Ўзбекистон Республикасида олий ўқув юртлари ва ўрта касб-ҳунар ўқув юрт (касб-ҳунар коллеж)ларини битирувчиларнинг ўқув тадқиқот характеридаги якунловчи иши. Диплом ишида талаба (ўқувчи) ўзи танлаган мутахассислигидан олий ўқув юртининг муайян кафедраси ёки касб-ҳунар ўқув юрти томонидан тасдиқланган мавзуни мустақил тадқиқ этади. Диплом ишига илмий раҳбар, лозим бўлган тақдирда илмий маслаҳатчи тайинланади. Бу билан унинг мустақил иш олиб боришга қай даражада тайёрланганлиги, назарий билими ва амалий малакаларига баҳо берилади. Санъат олий ўқув юртини битирувчилар рол (актёрлар), спектакл (реж.лар) ёки бадиий, ҳужжатли кино ҳамда телевизион материаллар (кино ва телетасвирчилар), рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, амалий безак санъати, кино ва видеофилм, театр декорацияси бадиий лойиҳалаштириш асарлари ва б. (рассом, хайкалтарош ва дизайнерлар) яратиш билан Диплом иши ҳимоя қиладилар. Олий техника ўқув юртларининг айрим мутахассислигида диплом лойиҳаси ўрнига назарий ёки экспериментал ҳарактерга эга бўлган Диплом иши ёқланади. Диплом иши олий ўқув юртларида давлат имтиҳон комиссияси, касб-ҳунар ўқув юртларида давлат ихтисос комиссияси йиғилишларида ҳимоя қилинади. Диплом иши ҳимоя қилган ва ижтимоийсиёсий фанларнинг биридан давлат имтиҳони топширган битирувчиларга муайян ихтисосликни эгаллаганликлари ҳақида диплом берилади. ЎзРнинг "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" (1997)га мувофиқ 2000/2001 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида Диплом иши ўрнига бакалаврлар учун битирув малакавий иш, магистрлар учун илмий ёки илмий-техникавий мазмундаги магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш жорий этилди.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |