Дипломатик иммунитет - чет эл дипломатик вакилларига, махсус миссияларга, давлатларнинг халқаро ҳукуматлараро ташкилотлардаги вакилликларига, уларнинг раҳбарлари ва ходимларига бериладиган ҳуқуқ ва имтиёзлар мажмуи. Дипломатик иммунитет чет эл дипломатлари (элчи, элчихона котиблари, атташе ва бошқалар) ва улар эгаллаган биноларнинг дахлсизлиги, маҳаллий суд томонидан суд қилинмаслиги, ўз ҳукумати билан яширин алоқа қилиш ҳуқуқи ва ҳоказодан иборат. Дипломатик вакилни маъмурий ва суд йўли билан қамашга, унинг шу мамлакат фуқаролари ёки ажнабийлар томонидан ҳақоратланишига йўл қўйилмайди. Ваколатхона биноси, ундаги ашёлар, вакилларнинг турар жойи, мулки дахлсиз бўлиб, улар жойлашган бинолар давлат муҳофазасига олинади. Дипломат суд иммунитети ҳуқуқига ҳам эга. Дипломатик вакиллар ғайриқонуний хатти-ҳаракати учун жавобгарликка тортилмасдан, балки халқаро дипломатик тартиб асосида уни вакил этиб юборган давлат томонидан чақириб олинади. Шунингдек, улар солиқлардан озод қилинади, божхона имтиёзларига эга. Дипломатик иммунитетга эга шахслар ўзлари яшаб турган давлат қонунларини ҳурмат қилишга мажбур, бу қонунларни бузган ҳолда номақбул шахс деб эълон қилиниши мумкин. Дипломатик муносабатлар ҳақидаги 1961-йил Вена конвенсияси, Консуллик муносабатлари ҳақидаги 1963-йил Вена конвенсияси, БМТ Бош Ассамблеясининг Халқаро ҳимоядан фойдаланувчи шахсларга, жумладан дипломатик агентларга қарши қаратилган жиноятлар олдини олиш ва улар учун жазолаш тўғрисидаги 1973-йил конвенсияси ва бошқа ҳужжатларда дипломатик иммунитет тартиб-қоидалари белгиланган.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил