Дирижабл (франс. диригеабле — бошқарилувчи) — ҳаводан енгил учиш аппарати; бошқариладиган аэростат; корпусига тўлдирилган газ (гелий ёки водород)нинг кўтариш кучи ҳисобига баландлайди. Асосий қисмлари: корпус, қанот, стабилизатор, бошқариш руллари, одамлар ўтирадиган ва двигателлар ўрнатиладиган қисми — гондола. Д.га бир ёки бир неча винтли двигател ўрнатилади. Д.нинг юмшоқ, ярим қат-тиқ турлари бўлади. Д. корпуси пишиқ матодан қилинади, баъзиларининг қорин томонига металл ферма ҳам ўрнатилади. Д.ни баландлатиш учун балласт (ортиқча юк)нинг бир қисми ташланади, пастлатиш учун газнинг бир қисми чиқариб юборилади. Д.нинг тезлиги 100–135 км/соат дан ошмайди, ҳажми — 200 минг м3гача. Д.лар бориш қийин бўлган, аэродромлар йўқ жойларга юк ва йўловчилар ташишда, сув ости кемаларини қидиришда қўлланган. Франсуз ихтирочиси А. Жиффар буг двигателли бошқариладиган аэростатда биринчи бўлиб парвоз қилган (1852). Д.дан асосан ХХ аср 50-йилларигача фойдаланилган. 70-йилларда қисман тикланган (мас, ГФР, Франсияда). Ҳозир Д. ўрнига вертолёт ишлатилмоқда.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил