Дислексия (қадимги юнон. δυσλεξία — нутқ бузилиши) — умумий ўрганиш қобилиятини сақлаб қолган ҳолда, айнан ўқиш ва ёзиш кўникмаларини эгаллаш қобилиятининг бузилиши.

Тарихий жиҳатдан, аксарият Европа мамлакатларида „дислексия“ тушунчаси ёзма нутқ билан боғлиқ барча муаммоларни ўз ичига олади:

  1. ўқиш маҳоратини ўзлаштириш билан боғлиқ муаммолар;
  2. ёзиш маҳоратини ўзлаштириш билан боғлиқ муаммолар;
  3. саводхонлик муаммолари;
  4. арифметикани ўзлаштириш билан боғлиқ муаммолар;
  5. ҳаракатлар ва уларнинг кетма-кетлигининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар;
  6. диққатни жамлаш билан боғлиқ муаммолари.

Рус логопедлари ушбу муаммоларни бир-бири билан боғламаган ҳолда кўриб чиқади, мос равишда:

  1. дислексия,
  2. дисграфия,
  3. дисорфография,
  4. дискалкулия,
  5. диспраксия,
  6. Диққат ва гиперактивлик етишмаслиги синдроми.

Дислексиянинг яна бир тури мавжуд — ҳарф дислексияси (лотинча: дйслехиа литтерис). У қўшни ҳарфларни ёзишда уларнинг кетма-кетлигини бузиш шаклида ўзини намоён қилади. Аммо бу намойишни тизимли равишда кузатиш имконсиз: у фақат тўрттадан кўп ҳарфлардан иборат бўлган сўзларда намоён бўлади.

Тавсиф

Ҳозирги вақтда дислексиянинг турли хил таърифлари мавжуд. Улардан бири Халқаро Дислексия Ассоциацияси томонидан таклиф қилинган.

Дислексия — келиб чиқиши неврологик асосга эга бўлган ўзига хос ўрганишга уқувсизлик. Сўзни тўғри ёки равон таниб олишда қийинчиликка учраш, ўқиш ва ёзишдаги қобилияцизлик билан тавсифланади. Бу қийинчиликлар тилнинг фонологик таркибий қисмларининг тўлиқсизлиги билан боғлиқ. Улар бошқа когнитив қобилиятлар ва тўлиқ ўқув шароитлари мавжудлигига қарамай сақланиб қолади. Иккиламчи оқибатлар сифатида ўқиб тушуниш билан боғлиқ муаммолар юзага келади, ўз навбатида, ёмон ўқиш техникаси сўз бойлигининг ўсишига, бу эса умумий ҳолатда таълим олишга тўсқинлик қилади.

2014-йилда ИДА директорлар кенгаши дислексия таърифидан неврологик келиб чиқиш тушунчасини олиб ташлади. Бироқ, 2015-йилда таъриф 2002-йилда қабул қилинган ҳолатига қайтди.

Тарихи

Бу атама Штутгартда ишлаган офталмолог Рудолф Берлин томонидан 1887-йилда киритилган.[1] У бу атамани фаолиятнинг бошқа барча соҳаларида нормал интеллектуал ва жисмоний қобилиятига қарамай, ўқиш ва ёзишни ўрганишда қийинчиликларга дуч келган бола учун ишлатган.

1896-йилда терапевт Прингл Морган Британия тиббиёт журналида чоп этган (инглизча: Бритиш Медиcал Жоурнал) „Туғма сўз кўрлиги“ номли мақоласида ўқишни ўрганиш қобилиятига таъсир қиладиган ўзига хос психологик касаллик ҳақида ёзади. Мақолада 14 ёшли ўсмирнинг ўқишга қодир эмаслиги, аммо ўз ёшидаги болалар билан солиштирганда ақл даражаси нормал эканлиги тасвирланган.

1925-йилда невропатолог Самюэл Т. Ортон (Самуэл Т. Ортон) бу феноменни ўрганишни бошлади ва ўқиш ва ёзиш қобилиятини камайтирадиган мия шикастланиши билан боғлиқ бўлмаган синдром мавжудлигини тахмин қилди. Ортон дислексиядаги ўқиш билан боғлиқ муаммолар кўриш қобилияти бузилиши билан боғлиқ эмаслигини қайд қилди. Унинг назариясига кўра, бу ҳолат миянинг яримшарлараро ассиметриясидан келиб чиқиши мумкин. Назария ўша даврнинг кўплаб олимлари томонидан муҳокама қилинган, улар маълумотни визуал қабул қилиш жараёнида юзага келадиган ҳар турли муаммолар касалликнинг асосий сабаби деб ҳисоблашган.

1949-йилда Клемент Лауне болаликдан бери дислексиядан азоб чеккан катталардаги аномалияни ўрганди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, бундай одамлар матнларни чапдан ўнгга ва ўнгдан чапга бир хил тезликда ўқий олишади (10 % одамлар ўнгдан чапга тезроқ ўқийди). Натижалар шуни кўрсатдики, кўзнинг кўриш соҳасидаги ўзгаришлар сўзни бир бутунлик сифатида эмас, балки алоҳида ҳарфлар тўплами сифатида қабул қилишга олиб келган.

1970-йилларда дислексия фонологик ёки метафонологик ривожланишдаги нуқсонлар натижаси эканлиги ҳақидаги назариялар илгари сурилди; сўнгги йилларда ушбу назария Ғарбда жуда кенг қўлланади.

Этнолингвистик омил

2004-йил сентабр ойида ўтказилган илмий тадқиқотларда дислексиянинг умумий интеллект ва таълим билан боғлиқ бўлмаган этник-маданий сабаблари аниқланди. АҚШ Миллий руҳий саломатлик институтининг тадқиқотчилари, масалан, хитойликлар (ханлар), венгерлар ва англофонларда миянинг турли қисмлари дислексия ривожланиши учун жавобгар эканлигини аниқладилар. Барча ўрганилган маданиятларда дислексикларнинг улуши тахминан бир хил бўлиб, 2 дан 10 % гача ўзгариб туради. Тадқиқот натижаларига кўра, хитойлик болалардаги саводсизлик муаммоси чап олд марказий гирусдаги носозликлар билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди. Олимлар бу фарқни қуйидагича изоҳладилар: алифболи тилларини ўқиётганда, мия одатда (кўп ёки камроқ) маълумотни кетма-кет қайта ишлаши, хитойча иэроглифларни ўқиётганда эса, кўпинча пиктограмма тасвирни дарҳол таниб олиши керак. Пицбург университети профессори Чарлз Перфетти дислексия кўпинча ўзига хос этник-лингвистик фонга ҳам эга эканлигини аниқлади. Мисол учун, инглиз тилида сўзлашадиган болаларда дислексия кўпинча фонемик эшитишнинг бузилиши билан боғлиқ, чунки инглиз тилида 62 та фонема товушини етказиш учун 1120 та графема ишлатилади[2], венгер болаларида эса дислексия одатда қисқа муддатли хотиранинг бузилиши натижасида ривожланади: қисқа муддатли хотира бундай агглютинатив тилда сўз илдизидан кейинги кўп сонли аффиксларни боғлаш ва қайта ишлаш вазифасини уддасидан чиқмаслиги мумкин[3].

Ҳужжатли филмлар

  • 2014 — „Правописаниэ!“ / „Ортҳо!“ (реж. Натали Сартио / Натҳалиэ Сартиаух)

Манбалар

  1. ↑ Убер Дйслехиэ (унд) // Арчив фур Псйчиатриэ. — Т. 15. — С. 276—278.
  2. ↑ Фаcе à л’англаис, ле франçаис нъа пас энcоре дит сон дерниэр мот | Слате.фр
  3. ↑ Мировиэ новости