Дисменорея (дуэ ва юнонча мен — ҳайз, ҳоира — кечиш), алгоменорея — ҳайз даврининг оғриқли кечиши. Дисменореяда, одатда, қорин пасти, бел ва думғаза соҳаси оғриқ бўлади, базан оёқларга узатилади. Оғриқ ҳайздан олдин ёки унинг дастлабки кунлари пайдо бўлиб, бутун ҳайз кунлари давомида кузатилади. Баъзан кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи, иштахасизлик, умумий аҳволнинг ўзгариши ҳоллари кузатилади. Дисменорея бирламчи ва иккиламчи бўлади. Бирламчи дисменорея жинсий аъзоларнинг касалликлари билан боғлиқ бўлмайди, кўпинча туғмаган аёлларда учрайди. Иккиламчи дисменорея турли гинекологик касалликлар (ўсма, эндометриоз ва бошқалар)нинг оқибатидир. Дисменорея мустақил касаллик бўлмай, балки турли касалликлар, ривожланиш аномалиялари ва бошқа касалликларнинг белгиси сифатида намоён бўлади. Дисменореянинг юзага келишида айниқса, нерв системасининг функсионал хусусиятлари ва ўзгаришлари, шунингдек, бошдан кечирилган касалликлар (инфексия, зўриқиш, оғир руҳий кечинмалар), инфантилизм, эндокрин бузилишлар муҳим рол ўйнайди. Дисменореяни даволаш уни юзага келтирган омилларни бартараф этишдан иборат. Бирламчи дисменореяда нерв системаси фаолиятини тартибга солиш, нормал ҳаёт тарзи, тўғри овқатланиш, руҳиятга зарарли таъсиротларни йўқотиш, турли соматик касалликларни даволаш лозим. Иккиламчи дисменореяда яллиғланиш касалликлари, эндометриоз ва бошқаларни даволашга эътибор бериш керак.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил