Диспропорсиялар — иқтисодиётга хос бўлган мутаносиблик (турли соҳалар ўртасидаги нисбат)ларнинг бузилиши, издан чиқиши. Д. юз берганда жами талаб билан таклиф, и. ч. билан истеъмол, жамғарма билан истеъмол, саноат билан қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш билан транспорт, экспорт билан импорт, пул массаси билан товарлар ва хизматлар массаси ва б. ўртасидаги мутаносиблик бузилади. Жами талаб ва таклифнинг ўзаро мос тушмаслиги Д.ни келтириб чиқарувчи асосий сабаб ҳисобланади. Д. натижасида иқтисодий танглик ва ҳатто бўҳронлар пайдо бўлиши мумкин. Д. келиб чиқиш сабабига кўра иқтисодий Д. (иқтисодий субъектларнинг якка ва тарқоқ бўлиши, улар фаолиятининг бозор орқали ўзаро тўла уйғунлашмаганлиги), табиий Д. (табиий шароитнинг қулай келмаслиги, турли офатларнинг бўлиши, кутилмаганда табиий ресурсларнинг етишмай қолиши), сиёсий Д. (сиёсий беқарорлик туфайли хўжалик алоқаларининг вақтинча узилиб қолиши, иқтисодий талафот келтирувчи уруш ҳаракатларининг юзага келиши) мавжуд. Д. ўткинчи ҳарактерга эга бўлиб, улар муайян вақтдагина юзага келади ва кейинчалик бартараф этилади. Д.нинг барта-раф этилиши бозор механизми ва давлат томонидан иқтисодиётнинг тартибланиши орқали амалга оширилади.

Аҳмаджон Ўлмасов.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил