Диссертация (лотинча: диссертатио — тадқиқот, мулоҳаза) — илмий даража олиш учун тақдим этилган ва жамоатчилик олдида якка тартибда ҳимоя қилинадиган илмий асар.

Тарихи

Диссертацияни ҳимоя қилиш дастлаб ўрта асрларда немис тилида сўзлашадиган мамлакатларнинг университетларида пайдо бўлган. ХВИ—ХВИИ асрларда бошқа мамлакатларга ҳам тарқала бошлаган. Ўзбекистонда 1934-йилдан фан номзоди ва фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилиш жорий этила бошлади.

Фан номзоди илмий даражасини олиш учун ҳимоя қилинадиган диссертация янги илмий-амалий хулоса ва тавсияларни ўз ичига олиши, унинг муаллифи (диссертант) танланган мутахассислик бўйича чуқур илмий-назарий билимга эга эканлигини кўрсатиб бериши лозим. Фан доктори илмий даражасини олиш учун ҳимоя қилинадиган диссертация фан ва техниканинг муайян соҳасидаги катта илмий назарий муаммони ҳал қилиши, фан ва амалиётнинг ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилиши лозим.

Номзодлик ва докторлик диссертациялари олий ўқув юртлари ёки илмий тадқиқот институтларида ташкил этилган ихтисослаштирилган илмий кенгашларда ҳимоя қилинади. Ҳимояга тақдим этилган диссертациянинг асосий мазмуни алоҳида китоб тарзида ёки журнал, илмий тўплам ва бошқа нашрларда эълон қилиниши лозим. Уларнинг сони ва ҳажми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан белгиланади. Шунингдек, муҳим ихтиро ва кашфиётлар, айрим шахс ёки жамоа томонидан янги машина, бошқариш тизими, турли асбоблар, қурилма ва технологик жараенлар яратишдаги тугалланган ишлар, бир муаллиф томонидан тайёрланган мустақил илмий ёки илмий методик асар даражасида бўлган оригинал дарсликлар ҳам илмий маъруза шаклида диссертация ўрнида ҳимояга тақдим этилиши мумкин. Диссертация ҳимояси олдидан унинг асосий мазмуни ва хулосалари ёзилган автореферат эълон қилинади. Ҳимоя қилинган номзодлик ва докторлик диссертациялари ОАК томонидан белгиланган муддатларда тасдиқлангандан сўнг диссертация ҳимоя қилган шахсларга давлат томонидан тасдикданган намунадаги диплом топширилади. Ҳимоя қилинган диссертациялар ҳимоя ўтган илмий муассаса кутубхонасида, шунингдек, муайян соҳа кутубхоналарида сақланади.

ЎзРда 2000/2001 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида магистрлар учун илмий ёки илмий техникавий мазмундаги магистрлик Д.сини ҳимоя қилиш жорий этилган.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил