Dizenteriya
Дизентерия (юнонча: „диз“ ва „энтерон“ — ичак), ичбуруғ — йўғон ичакнинг зарарланиши (бот-бот ич кетиши ва қориннинг бураб оғриши) ва организмнинг заҳарланиши (бўшашиш, ҳолдан тойиш, бош оғриғи, ҳарорат кўтарилиши, кўнгил айниши, баъзан қайт қилиш) билан кечадиган ўткир инфексион касаллик. Бутун ер юзида учрайди. Одамларда учрайдиган дизентерия қўзғатувчисининг турига қараб, бактериал дизентерия билан амёбиаз фарқ қилинади[1].
Қўзғатувчиси
Бактериал дизентерия микроблари таёқчасимон бўлиб, бир неча тури бор; бу турларни кашф этган олимлар номи билан Григорев-Шига, Шмиц-Штуцер, Флекснер, Зонне бактериялари деб аталади. Григорев-Шига бактериялари бошқа бактериялардан фарқ қилиб, кучли токсин чиқаради (бу микроб қўзғатган касаллик оғирроқ ўтади). Флекснер ва Зонне бактериялари қўзғатган ҳоллар кўпроқ кузатилади (улар қўзғатган касаллик енгилроқ ўтади); Шмиц-Штуцер бактериялари жуда кам учрайди.
Дизентерия бактериялари бемор ахлати билан ташқи муҳитга чиқади. Касалликдан соғайган баъзи кишилар ҳам дизентерия бактерияларини узоқ вақт чиқариб туради. Беморни парвариш қилаётган кишилар, шунингдек, бактерия ташувчиларнинг ювуқсиз қўли ва пашша орқали дизентерия микроблари сув, мева, сабзавот, сут ва овқатга ўтиши мумкин. Уларда дизентерия микроблари бир неча кундан 2—3 ойгача сақлана олади. Соғлом одам дизентерия бактериялари билан ифлосланган сув, мева, сабзавот, овқатни истеъмол қилганда касаллик юқади.
Юқиш йўллари
Озодалик қоидаларига риоя қилмаслик (ҳожатхона, ошхоналарнинг ифлос бўлиши, пашшани йўқотмаслик, қўлни тозалаб ювмаслик) дизентериянинг тарқалишига сабаб бўлади. Дизентерия йил бўйи учраб туради, аммо иссиқ фаслда (июн — октябр) пашша кўпайиши, сув кўп ичилиши, мева-сабзавотни ювмай ейиш натижасида дизентерия билан касалланиш кўпаяди. Дизентерияга ҳамма мойил, лекин ёш болалар, кексалар ва ним-жон кишиларда кўпроқ кузатилади. Дизентерия бактериялари йўғон ичакда кўпаяди ва айни вақтда ичакни яллиғлантириб, бутун организмда моддалар алмашинувига путур етказади. Уларнинг йўғон ичакда қосил қиладиган заҳари (токсини) ичак шиллиқ пардасига ўзига хос таъсир кўрсатади (яллиғлантиради, яра ҳосил қилади), бутун организмни заҳарлайди (интоксикация).
Клиникаси
Касаллик юққач, 3—4 кунлик яширин (инкубацион) даврдан кейин қорин бураб оғрийди, тез-тез ич кетади. Аввал ич суюқ келиб, кейин қон билан шилимшиқ аралаш (ялқуғ) бўлади. Бир кеча-кундузда 10—15 мартагача ҳожатхонага бориш дизентерияга хос белгидир. Бемор температураси касалликнинг фақат дастлабки кунларида салгина кўтарилади. Қорин дапқир-дапқир буралиб оғрийди, тўғри ичак тортишиб қисқариб оғритади (тенезм), айни вақтда тез-тез ич келиши, „сохта ҳожат“ истаги беморнинг аҳволини оғирлаштиради. Ич кетиши туфайли кўп суюқлик йўқолиши натижасида бемор тез озади, кўзи киртайиб қолади, териси қуриқлашади, қўл-оёғи совқотади, иштаҳаси йўқолади, қаттиқ чанқайди. Умумий аҳволи ёмонлашади.
Касаллик асорациз ўтганда 6—7 куни ич кетиши камаяди, ахлат кўриниши ўзгаради, қорин оғриғи босилади, бемор иштаҳага киради. Дизентерия бир неча кундан (енгил хили) 3—4 ҳафтагача давом этади. Касаллик қўзиши (қайталаниши) ҳам мумкин. Асосан, ёш болалар билан кексаларда дизентерия оғир ўтади. Авитаминоз, нимжонлик, ўта чарчаш ва дизентериянинг чўзилишига (сурункали дизентерияга) сабаб бўлади. Дизентериянинг бу хили ойлаб чўзилади, вақт-вақти билан зўриқиб туради. У сўнгги йилларда кам учрамоқда. Сурункали дизентерия билан оғриган беморлардан теварак-атрофдагиларга касаллик юқиши мумкин. Ёш болаларда дизентерия ўзига хос ўтади: ичакнинг яллиғланишидан кўра умумий интоксикация яққол кўзга ташланади. Юқорида айтилган белгилардан ташқари, ахлатни лабораторияда текшириш, йўғон ичак пастки қисмининг шиллиқ қаватини кўздан кечириш (колонофиброскопия, ректороманоскопия) ва бактериологик текшириш асосида дизентерия аниқланади. Бемор касалхонада даволангани маъқул. Дизентерия билан оғриб ўтган кишида қоладиган иммунитет узоқ давом этмайди. Дизентерияни даволашда дорилардан ташқари, парҳезнинг аҳамияти катта.
Даволаш
Даволаш усулларига асосан гипериммун зардоб, норсулфазол (1%) ва бошқа антибиотиклар буюрилади.
Олдини олиш
Дизентерияни олдини олиш учун аҳоли яшайдиган жойларни тоза тутиш, озиқ-овқат корхоналари, сув тармоқлари устидан санитария назоратини кучайтириш, пашшани йўқотиш, шахсий гигиена қоидаларига жиддий риоя қилиш, мева-сабзавотни тоза сувга обдон ювиб ейиш керак. Аҳолини, айниқса қишлоқ жойларида, тоза ичимлик сув билан таъминлаш нафақат дизентерия, балки барча ўткир ичак касалликларининг олдини олишда муҳим ижтимоий тадбир ҳисобланади. Болаларни ёшлигидан покизаликка одатлантириш лозим.
Касаллик бемордан атрофидагиларга осон юқиши, Григорев-Шига бактериялари қўзғатадиган дизентерия оғир кечишини эътиборга олиб, беморни иложи борича касалхонага ётқизиб даволаган маъқул.
Дизентерия ҳайвонлардан қўзи ва чўчқаларда учрайдиган ўткир инфексион касаллик ҳисобланади. Асосан 3—5 кунлик қўзиларда ичакнинг геморрагик яллиғланиши ва ич кетиши билан кузатилади. Қўйларда дизентерияни Cлостридиум перфринденс В. турига мансуб спирохета қўзғатади. Касаллик соғлом ва касал ҳайвонлар биргаликда сақланганда алиментар йўл билан юқади. Дизентерия қўзилатиш мавсуми — баҳорда авж олади. Касал ҳайвонларнинг қон аралаш ичи кетади, иштаҳаси йўқолиб, озиб қолади. Касалликнинг ўткир шаклида қўзилар бир неча соат ичида нобуд бўлади. Енгилроқ кечганда қўзи кўпроқ ётади, эммай қўяди, тана ҳарорати 41° гача кўтарилади. Кескин ориқлаган қўзилар нобуд бўлади. Қўзиларни сифациз озиқлантириш, гигиена қоидаларига амал қилмаслик ҳам касалликнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Олдини олиш: зоогигиена, ветеринария-санитария қоидаларига амал қилиш, сифатли озиқлантириш, тозаликка риоя қилиш, касалланган ҳайвонлар 6—10% ли хлорли оҳак, 5% ли креолин билан дезинфексия қилинади. Бўғоз қўйлар қўзилашидан 20—30 кун илгари бир марта, 10—20 кун қолганда иккинчи марта эмланади. Қўзилар туғилиши билан дастлабки соатларда дизентерияга қарши қўлланиладиган махсус зардоб юборилади (тери остига).
Манбалар
- ↑ „Cонтроллинг тҳе Спреад оф Инфеcтионс ин Эваcуатион Cентерс |Ҳеалтҳ анд Сафетй Cонcернс“. У. С. Cентерс фор Дисеасе Cонтрол анд Превентион. Қаралди: 2019-йил 15-ноябр.
Фойдаланилган адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Дизентерия касаллигини биринчи бôлиб Мусабоев 1960 йилда аниқлаган
- Маҳмудов касалликлари, Т., 1995.
Шоносир Шоваҳобов, Аҳрор Рўзимуродов.
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |