Dmitriy Vvedenskiy
Дмитрий Алексеэвич Введенский (1887—йил 3—январ Россия империяси, Москва, 1956—йил 11—сентабр Тошкент) – уролог, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1947), профессор (1934), тиббиёт фанлари доктори (1942). Москва университетини тугатган (1911). Ўрта Осиё давлат университети тиббиёт факултети урология кафедраси профессори (1934— 56). Урологиянинг турли соҳаларида, хусусан сийдик йўллари касалликларини аниқлашда рентген нурларидан фойдаланиш, жарроҳлик йўли билан даволаш усулини такомиллаштириш устида тадқиқотлар олиб борган. 40 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи[1].
| Димийрий Алексеэвич Введенский | |
|---|---|
| Таваллуди |
Россия империяси, Москва |
| Вафоти | Ўзбекистон Республикаси, Тошкент |
| Касби | Шифокор |
| Турмуш ўртоғи | Вера Андреевна Каллистова |
| Отаси | Алексей Андреэвич Введенский |
| Мукофотлари |
|
Биографияси
1887—йил 3—январ куни Москва шаҳрида таваллуд топган. Отаси хирург ва фан доктори Алексей Андреэвич Введенский.
Димитрий бошланғич таълимни ўша пайтда оиласи яшаган Томск шаҳридаги эркаклар гимназиясида олди ва Москва университетининг тиббиёт факултетига ўқишга кирди. У социалистик инқилобчи эди, талабалар иш ташлашларида қатнашган, шунинг учун ўқишининг охирини Берлинда якунлади. Москва университетида шифокор бўлиш учун имтиҳонларни топширди ва 1912—йилда округ шифокори унвонини олди. Ўша йилнинг охирида армияга сафарбар қилинди ва Ивангород қал’аси артиллериясида шифокор бўлиб хизмат қилди. 1913—йил охирида демобилизация қилинганидан кейин у Брест-Литовскда ишлади. Бу ерда отасининг пулига ўз шифохонасини очди ва урология билан шуғуллана бошлади.
Биринчи жаҳон уруши бошланиши билан Введенский 1914—йил августда ҳарбий сафарбарликка чақирилди ва дарҳол фронтга жўнатилди. Ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки учун у бешта орден билан тақдирланган. Франсуз тилини билгани учун 1916—йил апрел ойида Россия экспедиция кучлари таркибида Франсияга жўнатилди ва 5-махсус пиёдалар полкида хизмат қилди. Франсиядаги хизмати давомида жароҳат олмаган, лекин икки марта газдан заҳарланган. 1917—йилдан 1919—йилгача оддий пулемётчи, кейин капрал бўлиб хизмат қилган.
1919—йилда у Владивосток орқали ССРга қайтиб, Томскга келди. Қизил Армия томонида туриб Россия фуқаролар урушида қатнашган. 1920—йилда Тошкентдаги ҳарбий госпиталга юборилган. Бу ерда илм-фан билан шуғуллана бошлади. Туркистон университети тиббиёт факултети урология кафедраси ассистенти, 1931—1933—йилларда доцент, 1933—йилдан Тошкент тиббиёт академиясида урология кафедраси профессори лавозимларида ишлаган[2].
Иккинчи жаҳон уруши пайтида у фронтга кўнгилли бўлиб қўшилган. 1-Украина фронтида тиббий гуруҳнинг бошлиғи бўлиб хизмат қилди, Берлинга етиб борди ва подполковник унвонига сазовор бўлди. Урушдан кейин Тошкент тиббиёт институтида фаолиятини давом эттирди. Ўзбекистон ССР Урология жамиятининг биринчи раиси бўлган.
Вафоти
1956—йил 11—сентабрда Тошкент шаҳрида юрак хуружидан вафот этган. Тошкентдаги Боткин қабристонига дафн этилган. Ленин ордени, Қизил Юлдуз ордени ва турли медаллар билан тақдирланган[3].
Манбалар
- ↑ „Димитрий Алексеевич Введенский“.
- ↑ „Дмитрий Алексеевич Введенский (1887-1956)“. 2023-йил 9-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 9-ноябр.
- ↑ „Врач Дмитрий Введенский“. 2014-йил 5-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 9-июн.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Олим ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |