Doʻl
Дўл – юмалоқ ёки турли шаклдаги муз парчаларидан иборат атмосфера ёғини. Катталиги 5–55 мм ва ундан ортиқроқ, баъзан товуқ тухумидек ҳам бўлади. Йилнинг илиқ вақтларида (т-ра 20° дан юқори бўлганда), одатда, тўп-тўп ёмғирли булутлардан кундузи жала билан бирга ёғади. Ёғиннинг жадаллиги 0,21 дан 60 мм/с ўртасида ўзгариб туради; 1 сониядан то 50 дақиқагача давом этиши мумкин. Чўл минтақаларида дўл, одатда, март—апрел, водийларда эса май—июн ойларида ёғади. Дўл қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади; экинзор, токзорлар, боғларни нобуд қилади. Дўл келтирадиган зарар ҳажми унинг жадаллиги ва давом этиш вақтига, дўл доналарининг катталиги, зичлиги ва тезлигига, шамолнинг кучи ва селнинг кўламига, ўсимликнинг тури ва ривожланиш фазасига боғлиқ бўлади. Дўл айниқса ғуза майсалари униб чиққан ва шоналаш даврида, ҳосилдор мевали боғлар ва узумзорларга кўпроқ зарар келтиради. Кўпгина мамлакатларда дўлга қарши махсус оператив кураш хизмати ташкил қилинган. Зенит артиллерияси, ракеталар ва бошқа воситалар ёрдамида дўл ҳосил қилувчи булутга кимёвий реагент (одатда, кумуш ёд, карбонат кислота) сочилади. Реагент ута совуган томчиларни музлатади ва уларни майда доначаларга айлантиради. Майда дўллар эса ўз навбатида атмосферанинг ерга яқин қатламларида эриб, ёмғир томчилари кўринишида ер юзасига ёғади. Реагент етказиладиган жой (дўл ўчоғи) радиолокатор ёрдамида аниқланади. Дўлга қарши курашнинг замонавий воситаларини амалда қўллаш қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилига етказиладиган зарарни бирмунча камайтиришга имкон туғдиради. Ўзбекистонда „Бошгидромет“ таркибида гидрометеорологик жарёнларга фаол таъсир кўрсатиш бошқармасининг махсус хизмати Фаргона водийси, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида Дўл хавфи бўлган 1 млн. гектарга яқин майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларини дўлдан ҳимоя қилади (2002)[1].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |