Домна Висвизи (юнонча: Δόμνα Βισβίζη; 1783—1850) — Греция мустақиллик урушида қатнашган юнон денгиз капитани. Уруш бошланганда, Висвизи эри Чатзи Антонис Висвизисга қўшилиб, Каломоира кемасида юнон иши учун курашган. 1822-йил июл ойида эри жангда ҳалок бўлгач, Висвизи кема қўмондонлигини ўз зиммасига олади ва урушдаги фаолиятини давом эттиради. Висвизи Эубоэа оролини юнонлар томонидан босиб олинишига улкан ҳисса қўшган. Маблағлар кам бўлгани сабабли ва Греция раҳбарияти томонидан қўшимча молиялаштириш рад этилгандан сўнг, Висвизи 1824-йилда кемаси Каломоирани юнон флотига топширади. Урушдан кейин, у қашшоқ бўлиб қолади ва 1850-йилда вафот этгунигача ҳеч қандай ҳукумат ёрдамисиз қашшоқликда ҳаёт кечиради.

Домна Висвизи
Тахаллус(лар)и Боубоулина
Таваллуди 1783
Вафоти 1850 (67 ёш)
Фуқаролиги Греция
Унвони Капитан

Шахсий ҳаёти

Домна Висвизи 1783-йилда Хиос оролида туғилган[1]. Унинг оиласи бой ер эгалари эди[2]. 1808-йилда, 25 ёшида[2][3], у эри Чатзи Антонис Висвизисга Шарқий Фракиядаги Айнос денгиз шаҳрида турмушга чиқади[1][4]. Висвизис бадавлат бўлиб, кема эгаси ва Усмонли империясининг Греция устидан ҳукмронлигини ағдариш учун ҳаракат қилган „Филики Этериа“ махфий ташкилотининг илк аъзоларидан бири бўлган[4]. Висвизининг ўзи ҳам кейинчалик Филики Этериа ташкилотига қўшилган[3][4].

Домна Висвизи ва Чатзи Антонис Висвизис биргаликда беш фарзанд кўрадилар[1][3], уларнинг учтаси ўғил ва иккитаси қиз бўлган[3]. Оиланинг кенжа фарзанди 1822-йилда Чатзи Антонис Висвизис вафотидан кейин дунёга келган[2].

Греция мустақиллик уруши

1821-йилда Юнонистоннинг мустақиллик уруши бошланганда, Усмонли қўшинлари Шарқий Фракиядаги юнон аҳоли пунктларига ҳужум қилади ва уларни вайрон қилади. Чунки улар император пойтахти Константинополга яқин эди. Висвизи ва Висвизис тезда чора кўришга қарор қилишади[4]. 1821-йил 23-мартда[2] улар фарзандлари билан ўзларининг энг севимли кемаси Каломоира га қимматбаҳо буюмларни юклайдилар ва Эгей денгизига йўл оладилар[4]. Кемада ўзлари билан диний пиктограммаларни, Висвизи аждодларининг суякларини ва Айнос тупроқ намунасини олиб юришган[2]. Эри томонидан Сймполемистриа (капитан) этиб тайинланган Висвизи йўлга чиқаётиб, „Биз пул сарфлаганимиздан афсусланмаймиз, чунки у олтин озодлик саройини қуриш учун ишлатилади“ деган[4].

Айтишларича, Каломоира жуфтлик қўмондонлиги остида бир неча ғалабали жангларда муваффақиятли қатнашган[4]. Бошқа жанглар қаторида улар Эммануэл Паппаснинг Чалкидики шаҳридаги юришида ҳам иштирок этадилар ва Атҳос, Лесбос ва Самос қирғоқларида жанг қиладилар[2][5]. 1822-йил 21-июлда[4] Висвизис Эубоэа яқинидаги денгиз жангида ҳалок бўлади[1]. Уни Мали кўрфазида ўттизта кемадан иборат флотни олиб бораётганда Домна Висвизининг кўзи олдида отиб ўлдиришган[4]. Домна Висвизи ўлган эри Чатзи Антонисни кема трубасига туширишларини сўрайди ва операцияни умуман тўхтатмасдан ўзи кемани тўлиқ назорат қилган ҳолда давом эттиради.

Каломоира кемаси ўз даврининг энг йирик кемаларидан бири бўлиб, вице-адмирал Г. Скандалис  бошчилигидаги 1-эскадронга тегишли эди. Бу эскадрон таркибида у Эвиа ва Марказий Юнонистондаги жанг операцияларда қатнашган.

Эрининг вафотидан кейин Висвизи Каломоира ва унинг экипажига қўмондонликни ўз зиммасига олади ва урушдаги фаолиятини давом эттиради[1][6]. Хабарларга кўра, Домна Висвизи моҳир ва жасоратли денгиз қўмондони бўлган, шу сабабли ҳам, унинг кемаси Усмонли флоти орасида қўрқув уйғотган. Каломоира нафақат жангларда қатнашган, балки баъзида озиқ-овқат ва ўқ-дориларни[4] ташиш билан ҳам шуғулланган, масалан, Скиатҳосдаги аскарларни[2] ва материкдаги Одиссей Андроуцос кучларини ўзаро боғлаб турган[7][8]. Кейинчалик Андроуцос унинг кучлари Висвизи ёрдамисиз ҳалок бўлиши мумлиги ҳақида ёзиб қолдирган[9]. Унинг урушга қўшган ҳиссаси орасида, Усмонли қўшинларини Эубоэаъда тўхтатиш, уларнинг марказий Грецияга бостириб киришларига тўсқинлик қилиш ва уларнинг лагерларини бомбардимон қилиш, юнонларнинг оролга муваффақиятли қўнишига ёрдам бериш каби аҳамиятли вазифалар бўлган[2].

Висвизи 1823-йилнинг охиригача Каломоира капитани сифатидаги фаолиятини давом эттиради[1], қарийб уч йил давомда жанг қилади[10].

Кемани жиҳозлаш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, денгизчиларнинг овқатланиши учун Домна Висвизи барча пулларини сарфлайди. Захиралар тугагач, шунингдек, узлуксиз жанг операциялар натижасида кемага етказилган зарар шунчалик кўп эдики, кемани ўзида сақлаб қолишганинг иложи бўлмай қолади. Висвизи Греция ҳукуматига молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилади, аммо унга зарур ёрдам берилмайди[1]. Шу сабабли, у кемани Гидра маҳаллий маъмуриятига беришни таклиф қилади ёки Хирадакининг сўзларига кўра, улар буни талаб қилган бўлишлари ҳам мумкин. Натижада, Домна Висвизи 1824-йилда Каломоирани юнон флотига топширади[1]. Жанглар пайтида катта зарар кўрган[11] Каломоира ўт ўчирувчи кемага айлантирилади[11]. Кейинчалик 1824-йилда Каломоира Усмонли кемаси Ҳазне Гемниси кемасини чўктиради[4].

Урушдан кейинги ҳаёти

Унинг ўғли Тҳемистоклнинг ўйиб ишланган портрети, тахминан 1827-йил

1824-йилдан кейин Висвизи ва унинг оиласи қашшоқликда ҳаёт кечиришади[1]. Шунга қарамай, 1827-йилда Гермоуполига келиб жойлашган Домна Висвизи, Хиос озодлик курашига ҳисса қўшиш мақсадида 46 испан талерини жангчиларга ҳадя қилган. Оила аввал Нафплиода, кейин эса Эрмоуполида яшайдилар[4]. Нафплио шаҳрида Висвизи бир роҳиб билан қаҳвахона очиш мақсадида ҳамкорлик қилмоқчи бўлади, лекин роҳиб Эрмоуполидаги фирибгарлар орқали унинг пулини ўғирлайди[2]. Фарзандларини боқиш учун Домна Висвизи Юнонистон ҳукуматига молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилади[1][4], лекин унга ойлик атиги ўттиз драҳма бўлган энг кичик миқдордаги нафақа белгиланади[12]. Висвизи фарзандларидан бири 1826-йилда очарчиликда вафот этган[2].

Висвизининг тўнғич ўғли Фемисток Димитриос Франсия филелления қўмитаси томонидан Парижга ўқишга юборилган[1][2]. Фемистокл кейинчалик 1845—1876-йилларда Нахос губернатори бўлиб хизмат қилади[2].

1845-йилда[11] Домна Висвизи Афинадаги Пирейга кўчиб ўтади ва у ерда денгиз бўйидаги кичик кулбада яшай бошлайди[4]. У 1850-йилда[1][2] 67 ёшида қашшоқликда вафот этади[4].

Мероси

Домна Висвизининг бюсти

Домна Висвизининг урушдаги саъй-ҳаракатлари халқ шеъриятини илҳомлантирган[2]. Ўлимидан кейин Висвизи „Фракия Бубулина“ лақабини олган[3][4]. Маълум бир машҳурликка эришганига қарамай, Висвизи каби аёлларнинг Юнонистоннинг мустақиллик урушидаги иштироки 19 ва 20-асрларда тарихчилар томонидан узоқ вақт давомида юқори баҳоланмаган ва деярли эътиборга олинмаган[2]. Триэстлик Манто Маврогеноус, спарталик Констандиа Заҳариа, манилик Саваина ва афиналик Асимо Лидоурики каби шахслар сингари Домна Висвизи ҳам урушнинг унчалик машҳур бўлмаган қаҳрамонларидан бири ҳисобланади[13].

Домна Висвизининг Александруполида ҳайкали бор[4], у 2005-йилда қурилган[3]. Шунингдек, Афинадаги Греция мустақиллик уруши қаҳрамонларини шарафлаш учун қурилган Педион тоу Ареос боғида Домна Висвизининг бюсти ҳам бор. Бюст 2005-йилда очилган[2].

Манбалар

  1. ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 1,11 Китромилидес, Пасчалис М.. Тҳе Греэк Револутион: А Cритиcал Диcтионарй (эн). Ҳарвард: Ҳарвард Университй Пресс, 2021 — 428-бет. ИСБН 978-0-674-25931-7. 
  2. ↑ 2,00 2,01 2,02 2,03 2,04 2,05 2,06 2,07 2,08 2,09 2,10 2,11 2,12 2,13 2,14 2,15 Бозони. „Δόμνα Βισβίζη: Μια άγνωστη και υποτιμημένη ηρωίδα της Επανάστασης | ЛиФО“ (эл). Лифо (2021-йил 1-декабр). Қаралди: 2022-йил 7-август.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 3,5 Симос. „Тҳреэ ҳероинес wҳо дедиcатед тҳеир ливес то тҳе 1821 Греэк Револутион“ (эн-АУ). Греэк Ҳералд (2021-йил 18-март). Қаралди: 2022-йил 7-август.
  4. ↑ 4,00 4,01 4,02 4,03 4,04 4,05 4,06 4,07 4,08 4,09 4,10 4,11 4,12 4,13 4,14 4,15 4,16 Доукоглоу. „Чангемакерс: Домна Висвизи – Чиэф Cаптаин анд Ноблеwоман оф Тҳраcе“ (эн-УС). Бостон Лйкеион Эллинидон (2021-йил 8-июл). Қаралди: 2022-йил 7-август.
  5. ↑ Никополоус, Ставрос (2022). Οι Μυστικές Εταιρείες που προετοίμασαν τον Αγώνα του 1821 (Тҳесис). Университй оф Пелопоннесе. 2024-04-01да асл нусхадан архивланди. Қаралди: 2024-05-14. п. 91
  6. ↑ Папатҳанасē-Моусиопоулоу, Каллиопē. Эллēника прохенеиа стē Тҳракē (эл), 1976 — 228-бет. ОCЛC 5609902542. 
  7. ↑ Никополоус, Ставрос (2022). Οι Μυστικές Εταιρείες που προετοίμασαν τον Αγώνα του 1821 (Тҳесис). Университй оф Пелопоннесе. 2024-04-01да асл нусхадан архивланди. Қаралди: 2024-05-14. п. 91
  8. ↑ Эcономоу. „Wомен оф тҳе нортҳ плаед тҳеир парт ин 1821 анд ин тҳе еарс бефоре“ (эн). НЕОС КОСМОС (2021-йил 14-апрел). Қаралди: 2022-йил 7-август.
  9. ↑ (Тҳесис). {{cите тҳесис}}: Миссинг ор эмптй |титле= (ёрдам) п. 91
  10. ↑ „Δόμνα Βιζβίζη: Η ηρωική Θρακιώτισσα καπετάνισσα της Επαναστάσεως“ (эл). Πεμπτουσία (2021-йил 30-март). Қаралди: 2022-йил 7-август.
  11. ↑ 11,0 11,1 11,2 „Δόμνα Βισβίζη“ (эл). Σαν Σήμερα. 2024-йил 23-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2022-йил 7-август.
  12. ↑ „Δόμνα Βισβίζη: «Η Μπουμπουλίνα της Θράκης» που ξόδεψε όλη την περιουσία της για την ελληνική επανάσταση“ (эл). БОВАРЙ (2021-йил 23-март). Қаралди: 2022-йил 7-август.
  13. ↑ Поулос, Маргарет. Армс анд тҳе Wоман: Жуст Wарриорс анд Греэк Феминист Идентитй (эн). Неw Ёрк: Cолумбиа Университй Пресс, 2009 — 47-бет. ИСБН 978-0-231-13554-2.