Dorimiy
Имом Доримий (798-869)
| Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Баҳром ибн Абдусамад ат-Термизий ас-Самарқандий ад-Доримий | |
|---|---|
| Таваллуди |
798-йил Мовароуннаҳр Самарқанд |
| Истиқомат жойлари | Хуросон, Марв, Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадинада |
| Соҳаси | ҳадис, тафсир, фиқҳ илмларининг алломаси |
| Машҳур ишлари | "Ал-Муснад" ("Таянч"), "Аттафсир" ("Қуръон шарҳи"), "Ал-Жомеъ" ("Тўплам"), "Ас-Сулосиёт фил ҳадийс" ("Ҳадислардаги учликлар, яъни уч ўзак ҳарфли феъллар"), "Китоб ас-сунна фил ҳадийс" ("Ҳадислардаги суннатлар ҳақида китоб") |
| Дини | Ислом |
- Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Баҳром ибн Абдусамад ат-Термизий ас-Самарқандий ад-Доримий (798— Самарқанд, Дорим қишлоғи — 869) — буюк муҳаддис.
Дастлаб ўз юртида диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини ўрганди, кейин Қоҳира, Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадинада, шунингдек, Хуросоннинг таниқли олимларидан сабоқ олди.
- Имом ал-Бухорийнинг устози ҳисобланади. Д. ҳадис, тафсир, фиқҳ илмларининг алломаси даражасига кўтарилди.
- Асарлари:"Ал-Муснад" ("Таянч"), "Аттафсир" ("Қуръон шарҳи"), "Ал-Жомеъ" ("Тўплам"), "Ас-Сулосиёт фил ҳадийс" ("Ҳадислардаги учликлар, яъни уч ўзак ҳарфли феъллар"), "Китоб ас-сунна фил ҳадийс" ("Ҳадислардаги суннатлар ҳақида китоб") асарлари унинг илмий-маънавий меросини ташкил этади. Д.нинг энг муҳим асари "АлМуснад" бўлиб, "Сунан ад-Доримий" номи билан машҳур. 2 жилддан иборат бу асар 1996-йилда Байрутда чоп этилган. Бу асарда ҳаж, закот, рўза, никоҳ ва талоқ, васиятнома ва б. кўплаб тушунчалар мазмуни, Муҳаммад (ас)нинг мусулмонлар ижтимоий ва маънавий ҳаётининг ҳамма соҳалари юзасидан айтган фикрлари тушунтириб берилади. Бу асар "Ассиҳаҳ асситта" (олтита саҳиҳ) китоблари жумласига (Ибн Можанинг "Саҳиҳ"и ўрнига) киритилган. Д. айрим манбаларга кўра, Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ҳудудида дафн этилган.
Ҳаёти
ИХ асрда фаолият юритган самарқандлик муҳаддислардан Имом Доримий ҳадис илмида алоҳида ўрин эгаллайди. Алломанинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий Доримий бўлиб, 798-йилда таваллуд топган. Худди шу йили йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий вафот этган. Манбаларда шу тарихий воқеа сабаб Имом Доримийга «Абдуллоҳ» деб исм қўйилгани қайд этилади. Муҳаддиснинг бобоси Бану Тамим қабиласи мавлоси ҳамда Пайғамбар (с.а.в.)нинг котибларидан бири бўлган Дорим ибн Молик ибн Ҳанзала ибн Зайд Манот ибн Тамимга боғланган ҳолда алломага «Доримий» нисбаси қўлланган. Шу билан бирга, Имом Доримийни «Дорамий» нисбаси билан атаганлар ҳам бор. Абу Тоҳирхожа «Самария» асарида Имом Доримий ҳақида «...У ҳадис айтувчилардан. Шавдор туманига қарашли Испаний қишлоғидадир. У Самарқанд музофотидан бўлган, қадимда Дорам деб аталадиган қишлоқдан бўлгани учун Дорамий деб донг чиқарган.... Дорамийнинг таржимаи ҳоли белгилик эмас...» каби мазмундаги ма’лумотни келтиради. Бунда Абу Тоҳирхожа унинг нисбасини «Дорам» деб номланган жой номи билан боғлайди.
Имом Доримий ёшлик чоғлариданоқ ақл-заковати,ўткир зеҳни, айниқса, эслаб қолиш қобилиятининг ўта кучлилиги билан барчани ҳайратга солган. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Мансур Шерозий: «Имом Доримий комил муфассир эди. У ақлда, фаҳмда, фазлда, динда етук эди. У зотнинг ёд олиш зеҳнлари, ҳалимликлари, босиқликлари, тиришқоқликлари, дунёвий зоҳидликлари, ибодатлари зарбулмасал қилингандир», – деб та’риф беради. Манбаларда Имом Доримийнинг оиласи ҳақида сўз бормасада, унинг куняси «Абу Муҳаммад»лигини э’тиборга олиб, Муҳаммад исмли ўғли бўлганини билиш мумкин. Олимнинг яқинлари, қариндошлари ҳам илм аҳлларидан бўлган. Жумладан, алломанинг тоғаси Абу Усома Аҳмад ибн Муовия, акасининг ўғли Абу Аҳмад Фазл ибн Муҳаммад Доримий ҳам ҳадис ривоят қилганлар.
Илм Ё'лидаги сафарлари
Имом Доримий дастлабки та’лимини ўз юрти Самарқандда олади. Сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлардан бўлмиш Фустот (Қоҳира), Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина, шунингдек, Хуросоннинг турли шаҳарларидаги таниқли олимлардан диний ва дунёвий фанлар, айниқса, ҳадис илми бўйича ўз билимларини оширади. Бу даврда муҳаддислар Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларини асл ҳолида келажак авлодга етказиш учун ишончли ривоятларни олиб, уни соф кўринишда, ҳар қандай сохталиклардан холи бўлган ҳолда тўпладилар.
Имом Доримий ҳаётининг асосий қисмини илм талабида сафар қилиш билан ўтказган олимлар сирасига кирган. У сафарлари давомида ҳадисларни эшитиб, жамлаш билан чекланмай, ҳадис иснодларининг олий, муттасил (узлуксиз), ундаги ровийларнинг сони кам бўлишига ҳам катта э’тибор қаратган. Аллома илмий сафарларини Хуросон шаҳарларидан бошлайди. Жумладан, машҳур ҳофиз Назр ибн Шумайлдан (ваф. 818 й.) Марв шаҳрида ҳадис илмидан сабоқ олиб, кўплаб ҳадислар тинглайди. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг:«Сизлар етмишта умматга баробарсиз (тенгсиз). Сизлар умматларнинг энг сўнггиси ва Аллоҳ наздида энг э’тиборлисисиз!», деган мазмундаги ҳадисларини ёзиб олиб,ўзининг ҳадислар тўпламига киритади. Имом Доримий дастлабки та’лимини ўз юрти Самарқандда олади. Сўнгра ўша даврда илм-фан ва маданият тараққий қилган марказлардан бўлмиш Фустот (Қоҳира), Дамашқ, Бағдод, Макка, Мадина, шунингдек, Хуросоннинг турли шаҳарларидаги таниқли олимлардан диний ва дунёвий фанлар, айниқса, ҳадис илми бўйича ўз билимларини оширади. Бу даврда муҳаддислар Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатларини асл ҳолида келажак авлодга етказиш учун ишончли ривоятларни олиб, уни соф кўринишда, ҳар қандай сохталиклардан холи бўлган ҳолда тўпладилар.
Сўнгра Имом Доримий Ироқ шаҳарларида бир қанча устозлардан таҳсил олади. Жумладан, муҳаддис тахминан 17-18 ёшларида Басра шаҳрида бўлиб, турли ровийлардан ҳадис тинглайди. Хусусан, басралик Равҳ ибн Асламдан (ваф. 815 й.) ҳадислар эшитади. Кейин эса,Ироқнинг Бағдод, Восит, Куфа, Ҳийт каби шаҳарларида бўлиб, ўз даврининг кўпдан-кўп етук муҳаддисларидан ҳадис илмини ўрганади. Имом Доримий ўзининг «Сунан» асарида 250 дан ортиқ шайх-устозлардан ҳадис ривоят қилган. Устозларининг асосий қисмини Куфа, Басра, Бағдод каби шаҳарлардан чиққан ровийлар ташкил этади. Манбаларда унинг устозлари қаторида Муҳаммад ибн Башшор, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фарёбий, Абу Мусаҳҳар Димашқий, Марвон ибн Муҳаммад, Абулваҳҳоб ибн Саид, Язид ибн Ҳорун Воситий, Саид ибн Омир Заб’ий, Жа’фар ибн Авн, Зайд ибн Яҳё ибн Абийд Димашқий, Ваҳб ибн Жарир, Хо-лид ибн Муҳаммад, Ҳаббон ибн Ҳилол, Ашҳол ибн Ҳотам Жумаҳий, Заҳҳок ибн Муҳаммад, Убайдуллоҳ ибн Мусо, Абул Муғийра Форёбий, Абдусамад ибн Абдулворис, Яҳё ибн Ҳассон, Асвад ибн Омир, Бишр ибн Умар Заҳроний каби алломалар зикр этилади.
Хатиб Бағдодийнинг «Бағдод тарихи» асарида Имом Доримий ҳаж сафарига кетаётганида Куфада тўхтаб, Яҳё ибн Абдулҳамид Ҳаммоний (ваф. 842 й.) ва бошқа муҳаддислар билан суҳбатда бўлгани, суҳбатлар кўп ҳолларда баҳс-мунозараларга айланиб, ҳадис ровийлари, иснодларнинг ишончлилиги хусусида тортишувлар бўлгани айтилади. Хатиб Бағдодий келтирган ма’лумотлардаги суҳбатдошларнинг ҳаёт йилларини аниқлаш орқали Имом Доримий тахминан 40 ёшларида ҳаж ибодатини амалга оширгани, сафар чоғида ҳам ўзининг асарлари устида тинмай изланганини англаш мумкин.
Имом Доримий араб халифалигининг кўп шаҳарларида ўз билимларини ошириб, ниҳоят ўз ватани – Самарқандга қайтиб келади. Илм йўлида узоқ йиллар олиб борган тинимсиз са’й-ҳаракатлари ва изланишлари натижасида у ҳадис, тафсир ва фиқҳ илмларининг алломаси даражасига кўтарилди. Ўрта аср олимлари «Имом Доримийнинг Самарқандда ҳадис ва осор илмларининг равнақ топишида улкан ҳиссаси бор», деб якдиллик билан алоҳида та’кидлайдилар. Алломага умрининг охирги йилларида Бош қози лавозими таклиф қилинади. Бироқ унинг илм олишга бўлган беҳад қизиқиши ва шаҳарнинг Бош қозиси лавозими катта мас’улиятни талаб этишини англагани ушбу таклифни рад қилишига сабаб бўлган.
Вафоти
Имом Доримийнинг вафот этган санаси, дафн этилган мавзеси ҳақида турли хил фикрлар мавжуд. Бироқ аксарият ишончли манбаларда, жумладан, Хатиб Бағдодий, Абу Ҳафс Насафий, Шамсуддин Заҳабий каби олимларнинг та’кидлашларича, Имом Доримий вафот этган сана милодий ҳисобда 869-йилнинг 18-ноябрига тўғри келади. Айрим турк ва араб тадқиқотчиларининг китобларида аллома дафн этилган жой сифатида Хуросоннинг Марв шаҳри кўрсатилади. Бироқ Шамсуд-дин Заҳабий «Тарих ал-ислом» асарида олимнинг укаси Иброҳим ибн Абдураҳмон Доримийнинг (ваф. 880 й.) Самарқандда вафот этгани ҳамда акасининг ёнига дафн қилингани ҳақида ма’лумот беради. Шунингдек, Нажмуддин Умар Насафий Имом Доримий Чокардиза қабристонига дафн қилинган, унга Самарқанд амири Аҳмад ибн Яҳё ибн Асад жаноза ўқиган, деб айца, «Самария»да Имом Доримийнинг қабри Шавдор туманидаги Испаний (ҳоз. Испандий) қишлоғида, Самарқанд шаҳри билан мозорнинг ораси 11 чақиримча йўл, деб келтирилади. Муҳаддис жанозасини эҳтиром юзасидан Самарқанд амирининг шахсан ўзи ўқигани ҳамда укаси дафн этилган жойи ҳақидаги ма’лумотлар олимнинг қабри Самарқанд яқинида эканига далолат қилади. 2000-йилда Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани, Испандий қишлоғида Имом Доримий мақбараси ва Жоме’ масжид та’мирланиб, обод қилинди.
Илмий ме'роси
«Сунан» номи билан танилган «Муснад»и (луғавий ма’носи «Таянч» ёки «Иснодли ҳадислар тўплами») олимнинг шоҳ асари ҳисобланади. Олимлар «Сунан»нинг номланишига турлича муносабат билдирадилар. Ҳофиз Ироқий, Имом Заҳабий асардаги барча ҳадислар тўлиқ иснод билан берилгани учун уни «ал-Муснад», Алоуддин Муғултоий ҳадисларининг ишончлилиги даражасидан келиб чиққан ҳолда «ас-Саҳиҳ», Ибн Ҳажар Асқалоний ва Суютий каби бошқа уламолар фиқҳий ҳадислар тўплами бўлгани боис «ас-Сунан» деб атайдилар. Бироқ айрим тадқиқотчилар муаллиф асарини умумий ном билан, я’ни «ал-Жоме’ ас-саҳиҳ ал-муснад ли сунан Расулуллоҳ с.а.в.» (Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларининг ишончли муснад тўплами) деб атаган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирадилар. Ибн Ҳажар Асқалоний мазкур асарни «Сиҳоҳ ситта»нинг олтинчи китоби сифатида қабул қилади. «Сунан» икки жилддан иборат бўлиб, китобларга, улар ўз навбатида бобларга бўлинади. Асар арабларнинг исломдан аввалги ба’зи одатлари, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сийратлари,ҳадисларнинг ёзилиш даври ва илм фазилатига оид жами 163 саҳифалик муқаддима ҳамда 23 та китобдан ташкил топган. «Сунан» 3506 ҳадисни ўз ичига олган 1403 бобдан иборат. Манбаларда Имом Доримийнинг «Китоб ат-Тафсир» – Қур’они карим тафсирига оид асари бўлгани ҳақида ма’лумот берилади. Имом Доримий ушбу асарида Қур’онни тўлиқ тафсир қилганми ёки айрим жузлари-ними, бу ҳақда аниқ ма’лумот йўқ. Бироқ ушбу асарнинг тарихий аҳамияти катта. Чунки у бизгача етиб келган биринчи тафсир, деб ҳисобланган Ибн Жарир Табарийнинг (839–922) тафсиридан тахминан ярим аср илгари ёзилган асардир. Шунингдек, алломанинг «ал-Жоме’» (Тўплам), фиқҳий масалаларга бағишланган «Китоб ас-сунна фи-л-ҳадис» (Ҳадисдаги суннат амаллар ҳақида китоб), «Китоб саум ал-мустаҳозот ва-л-мутаҳаййирот» (Узрли аёлларнинг рўзаси ҳақидаги китоб) каби асарлари бўлгани ҳақида манбаларда зикр этилади. Имом Доримийнинг «ас-Сулосийёт фи-л-ҳадис» – «Уч ровийли ҳадислар тўплами» номли асари ҳам мавжуд.Муҳаддиснинг ушбу асари «Сунан»нинг таркибига киритилган ўн беш ҳадисдан иборат бўлган тўплам бўлиб,уч ровийли иснодга эга бўлган ҳадислардан таркиб топган.
Аждодлар ёди
Мустақиллик йилларида юртимизда Имом Дори-мийнинг илмий-ма’навий мероси бўйича бир қатор илмий тадқиқотлар олиб борилди, илмий-оммабоп китоблар чоп этилди. Хусусан, «Имом Доримийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси» мавзуидаги номзодлик диссертацияси (М.Алимова, 2009) ҳимоя қилинди; Тошкент ислом университети қошидаги Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази томонидан улуғ алломаларимиз ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида илмий-оммабоп тилда ҳикоя қилувчи «Буюк аждодларимиз» туркумида «Имом Доримий» (М.Алимова, 2009), аждодларимизнинг ислом дини ва маданияти ривожида алоҳида ўрин тутган асарларини таржима қилиш, илмий-танқидий матнларини тайёрлаш ва чоп этишга қаратилган «Ма’рифат зиёси» туркумида «Сунани Доримий: сайланма» (Таржимонлар жамоаси, 2011) каби рисолалар, кўплаб илмий мақолалар нашр этилди.
Адабиётлар
ҳттпс://мотуридий.уз/оз (Wайбаcк Мачине сайтида 2022-05-08 санасида архивланган)
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |