Doroshukuh
Дорошукуҳ (1616-59) - Оллоҳобод, Панжоб ва Мўлтон ҳокими. Бобурийлардан. Шоҳ Жаҳоннинг катта ўғли ва валиаҳди. Д. отаси бетоблик кезларида унинг номидан салтанатни идора қилган. Шунда укалари — Шоҳ Шужо, Аврангзеб ва Муродбахш ҳасад қилиб унга қарши жангга ҳозирлик кўрган. 1657-йил декабрда Муродбахш Оллоҳободни, Шоҳ Шужо эса Бенгалияни эгаллаб, ўзларини мазкур ерлар подшоҳи деб эълон қилганлар. 1658-йил мартда Аврангзеб ва Муродбахш Ужайн ш. яқинида учрашиб, Д.га қарши курашиш учун ўзаро битим тузганлар. Сўнг, кўп ўтмай Баҳодирпурда икки томон қўшинлари ўртасида дастлабки тўқнашув содир бўлиб, унда Д. енгилган. 1658-йил 29-майда эса Агра яқинидаги Самугарх ш.да бўлган ҳал қилувчи жангда Д. қўшинлари бутунлай тор-мор келтирилиб, Аврангзеб салтанат тахтини эгаллаган. Д. қочиб, бирмунча вақт яшириниб юрган, аммо Дадар вилояти ҳокими Малик Жевоннинг хиёнати сабабли қўлга олиниб, 1659-йил 30 августда қатл қилинган.
Д. олим, адиб ва шоир эди. Унинг "Мажмаъ ул-бахрайн" ("Икки денгизнинг қўшилиш жойи"), "Сафийнат ул-авлиё" ("Валийлар кемаси"), "Ҳасанот ул-орифийн" ("Орифлар амали солиҳлари"), "Ҳақнома" номли насрий асарлари ва шеърий девони мавжуд. Шунингдек, у санскрит тилидаги бир неча асарни форсчага таржима қилган (мас, "Сирр ул-асрор").
Турғун Файзиев.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |