Доруссалом

Доруссалом (араб.— Тинчлик уйи) — Танзаниядаги шаҳар, Соҳилбўйи вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 1,7 млн. киши (1998). Мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази. Иқлими субекваториал, ўртача ҳарорати августда 23°, январда 28°. Йилига 1500 мм ёғин ёғади.

Д. 1862 йилда Занзибар султони томонидан балиқчиларнинг Мзизима қишлоғи ўрнида бунёд этилган. 1887 йилда Германиянинг Шарқий Африка компанияси томонидан босиб олинган. 1891 йилдан Германия Шарқий Африкаси маъмурий маркази. 1919 йилда инглиз қўшинлари томонидан эгалланди. 1919—61 йилларда Англиянинг Танганика мустамлакаси маъмурий маркази, 1961 йилдан мустақил Танганика давлатининг , 1964 йилдан 1993 йилгача Танзания давлати пойтахти. 1993 йилдан пойтахт Додома ш.га кўчирилди.

Д.мамлакатнинг Ҳинд океани соҳилидаги энг йирик порти. Автомобил ва темир йўл тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Нефтни қайта ишлаш, семент, тайёр қисмлардан автомобил йиғиш, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат (гўшт-консерва, тамаки, ун тортиш), поябзал ва б. саноат корхоналари бор. Мебел, металл идишлар, лок ва бўёқлар ишлаб чиқарилади. Кемасозлик ривожланган. Балиқ овланади. Д.дан Замбияга нефт қувури ўтказилган. Университет, ботаника боғи, тарих-этнография музейи бор. Шаҳар яқинида ХИИИ асрда қурилган масжид қолдиқлари сақланган.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил