Драма (қадимги юнонча: драма — „ҳаракат“) — бадиий адабиётнинг 3 асосий турларидан бири ҳисобланади (эпос, лирика билан бир қаторда). Драма театрда ҳам мавжуд. Сюжетлилик, ҳаракатларнинг зиддиятга асосланиши ва уларнинг саҳна, эпизодларга бўлиниши, баённинг йўқлиги, актёр ва актрисалар муносабатларининг ўзаро сўзлашувига асосланиши Драманинг ўзига хос хусусиятидир. Ижтимоий (аниқ тарихий ва умуминсоний) муаммоларни акс эттирувчи драматик зиддиятлар қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатларида, аввало диалог ва монологларда ифодаланади. Драма матни кўришга (имо-ишора, ҳаракат), шунингдек, эшитишга мўлжалланади; у саҳнавий макон, замон ва театр техникаси (мизанссеналар қурилиши) имкониятларига ҳам мувофиқ келади. Драма адабий асар сифатида актёр, режиссёр томонидан саҳнада ўз талқинини топади. Драма туфайли театр санъати юзага келган ва у кино санъати учун ҳам асос бўлган (қаранг Кинодраматургия).

Драма жанрлари: трагедия, комедия, драма (жанр сифатида) ва трагикомедиялардир. Драматургия жанрларидан бири. Маърифатпарварлик даври (Дидро, Лессинг)дан бошлаб Драма бадиий адабиётнинг етакчи жанрларидан бирига айланган. Унда инсоннинг зиддиятли ҳаёти ифодаланади. Тарихий Драмага фожиавийлик хос. Ўзбек драматургияси ХХ аср бошларигача оғзаки шаклда мавжуд эди. ХХ асрнинг 1-ярмида дастлабки ёзма миллий саҳна асарлари яратилди: „Падаркуш ёки ўқимаган боланинг ҳоли“ (Беҳбудий), „Тўй“ (Нусратулла Қудратулла ва Ҳожи Муъин), „Бой ила хизматкор“, „Кўкнор“, „Мазлума хотин“ (Ҳожи Муъин), „Жувонмарг“, „Ахмоқ“ (Абдулла Бадрий), „Бахциз куёв“ (Абдулла Қодирий), „Заҳарли ҳаёт“, „Илм ҳидояти“ (Ҳамза), „Пинак“, „Адвокатлик осонми?“ (Авлоний) ва б. Булар Драма жанри имкониятларини ўзида тўла ифодалади. 20—30-йилларда ўзбек драматургияси Ғулом Зафарий, Фитрат, Чўлпон, Зиё Саид, Собир Абдулла ва б. драматурглар ижоди туфайли янада ривожланди. 40-йиллар драматургияси Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги давр воқеаларига мувофиқ тараққий этди. Замонавий драматик асарларда ўзбек халқи тарихи, буюк сиймолар кўпроқ ёритилди. Ҳамид Олимжон, Иззат Султон, Уйғун, Шайхзода кабилар инсонпарварлик ва ватанпарварлик руҳи билан суғорилган „Муқанна“, „Жалолиддин“, „Алишер Навоий“, „Мирзо Улуғбек“ каби трагедия ва драмалар яратдилар. Ўзбек драматургиясининг етук намуналари бу жанрнинг энг яхши анъаналари асосида яратилди. Драмада давр муаммолари ва ҳаётий зиддиятларни ички руҳий кечинмалар асосида ифодалаш ўзбек саҳна асарларининг етакчи хусусиятига айланди. Абдулла Қаҳҳорнинг „Шоҳи сўзана“, „Тобутдан товуш“, И. Султоннинг „Имон“, Уйғуннинг „Парвона“, Ў. Умарбековнинг „Қиёмат қарз“ песалари шулар жумласидан.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Белинский В. Г., Танланган асарлар, Т., 1955; Раҳмонов М., Ўзбек театри тарихи (ХВИИИ асрдан ХХ аср аввалигача), Т., 1968; Имомов Б., Жўраев Қ., Ҳакимова Ҳ., Ўзбек драматургияси тарихи, Т., 1995.