Dukentsoy
Дукенцой – Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги сой. Оҳангарон дарёсининг ўнг ирмоғи. Чатқол тизмасидаги Музбел довонининг жанубий ёнбағирларидан оқиб тушувчи 60 дан зиёд ирмоқнинг қўшилишидан ҳосил бўлади. Юқори оқимида (чап ирмоғи – Чилтонсой қуйиладиган жойгача) Олатанги, сўнг Дукенцой деб аталади. Узунлиги 33 км, ҳавзасининг майдони 242 км2. Дукенцой қорёмғир ва булоқ сувларидан тўйинади, ўртача кўп йиллик сув сарфи 3,41 м3/сек, ўртача лойқалиги 120 г/м3. Дукенцой йиллик оқимининг 70—80% март—июнда оқиб ўтади. Ёзнинг 2-ярми, куз ойларида эса суви 0,30 м3/сек гача камаяди. Дукенцойдан апрел-майда кўпинча сел келади, сув сарфи секундига 56 м3 гача ортади. Қишда кўпинча музлайди.
| Дукенцой | |
|---|---|
Дукенцой (олдинда) ва Каттасой ирмоғи (кейинда) Янгиобод шаҳри яқинида қўшилади | |
| Тавсиф | |
| Узунлиги | 33 |
| Ҳавзаси | Оҳангарон/Сирдарё/ Кичик Орол денгизи/Катта Орол денгизи |
| Сув сарфи | 3,41 м³/с |
| Сув оқими | |
| Бошланиши | |
| · Бошланиш жойи | Чатқол тизмаси, Музбел довони яқинида |
| · Баландлиги | 2 800 м |
| Қуйилиши | Оҳангарон (дарё) |
| · Қуйилиш жойи | Ангрен (шаҳар) |
| · Баландлиги | 800 м |
| Жойлашуви | |
| Давлат | Ўзбекистон |
| Минтақа | Тошкент вилояти |
| Туман | Оҳангарон тумани |
Этимологияси
Тарихчи Юрий Буряковнинг таъкидлашича, халқ этимологиясида топонимнинг турли таржималари берилган: „икки шаҳар“, гўёки дарё бўйида мавжуд бўлган (Дукент) ёки „икки шахта“ (Дукан), лекин иккала вариант ҳам минтақадаги одамларнинг қадимий фаолияти ҳақидаги афсоналарга бориб тақалади[1].
Тавсифи
Дукенцойнинг узунлиги 33 км. Ҳавзасининг майдони 242 км², Дукент қишлоғи юқорисидаги сув ҳавзасининг ўртача баландлиги (201 км² сув ҳавзаси) 2210 м[2]. Сой қор-ёмғир ва булоқ сувларидан тўйинади. Ўзбекистон миллий энсиклопедиясида ўртача кўп йиллик сув сарфи 3,41 м³/с эканлиги кўрсатилган. Виктор Чубнинг хабар беришича, Дукент қишлоғи яқинида ўлчанган ўртача йиллик сув сарфи 3,58 м³/с, йиллик оқим ҳажми 113 млн м³, ўртача оқим модули 17,8 л/с⋅км², оқим қатлами йилига 562 см, оқимнинг ўзгарувчанлик коэффициэнти (1971—1999-йилларда, 29 йиллик кузатиш даврида) 0,379 ни ташкил қилади[2]. Сой мартдан июнгача тўлиб оқади ва бу даврдаги сув миқдори йиллик оқимнинг 70-80% ни ташкил қилади. Баҳорда дарё тубида сув оқими 56 м³/с га етганда тез-тез сел келади. Ёз ва кузнинг иккинчи ярмида сув оқими 0,30 м³/с гача камаяди. Сувнинг ўртача лойқалиги 120 мг/л. Қишда Дукенцой кўпинча музлайди[3].
Дарё оқими
Дукенцой (Олатанги) Чатқол тизмасининг жанубий ёнбағрида, Музбел довонининг жануби-ғарбида 60 дан ортиқ манбалардан сув йиғиб, ҳосил бўлган. Юқори оқимида у жануби-ғарбий томонга оқиб ўтади, йирик Музбел ирмоғи қўшилгандан сўнг оқим умумий жанубий йўналишини олади, қуйилиш жойигача шу йўналишда денгиз сатҳидан 2221 метр баландликда оқишда давом этади.
Каттасойнинг Дукенцой билан туташган ерида Янгиобод шаҳри жойлашган. Янгиобод яқинида сойнинг кенглиги 20-25 метрни ташкил этади. Қуйи оқимида у Ангрен шаҳрининг шарқий чеккаси (Янгиобод-2 (Дукент), Апартак қишлоқлари) бўйлаб ўтиб, бу ерда шарққа бир оз бурилади ва жойларда алоҳида шохларга бўлинади. Тошкент – Ангрен темир йўл линиясини якуний стансия ёнидан кесиб ўтади ва ўнг томондан 880 м баландликда Оҳангаронга (Оҳангароннинг чап ирмоғи Нишбошсой билан деярли бир вақтда) қуйилади (дарёнинг бу қисми бетонлаштирилган ва Оҳангарон канали деб ҳам юритилади). Дукенцой ва Қорабов Оҳангароннинг охирги ирмоқлари бўлиб, уларнинг сувлари йил давомида дарёга тўғридан-тўғри етиб боради, қуйироқдаги ирмоқлари ҳозир конуссимон флювиал тузилмага эга[3] ёки қуйи оқимида Оҳангаронга етмай қуриб қолади.
Дукенцой ирмоқлари
Дукенцойнинг энг катта чап ирмоғи Каттасой, юқори қисмида оқадиган узун ирмоғи Чилтонсой ҳам чап ирмоқ ҳисобланади. Юқори оқимида ўнгдан Музбел ирмоғи Олатангига қуйилади.
Экологик ҳолати
2002-йил Дукенцой ҳавзасида Ангрен нефт базаси қурилди. Ер ости сувларининг газсимон фраксиялардан тортиб оғир фраксияларга қадар бўлган нефт маҳсулотлари билан доимий ифлосланиши қайд этилган[4].
Археологик ёдгорликлар ва топилмалар
Дукенцойнинг ўнг қирғоғида, Дукент қишлоғида (Ангрен ҳудудида) ўрта асрларга оид Дукент шаҳристони топилган. Шаҳар Х—ХИХ асрларда деярли узлуксиз яшаб келган, ҳатто мўғулларнинг Ўрта Осиё босқинидан ҳам омон қолган. Бунинг сабаби, эҳтимол, тоғ дарёсининг водийсида қулай жойлашуви, ҳужум учун ноқулай ва фойдали қазилмаларга бойлиги бўлиши мумкин. Дукенцойнинг юқори оқимида мис ва полиметалл рудаларнинг ривожланиши узоқ тарихга эга[5].
Ҳудудда олиб борилган қазишма жараёнида ХВ аср охири ХВИ аср бошларига тааллуқли қайин пўстлоғига ёзилган битиклар топилган. Ҳарфлар вертикалига, учли таёқни сиёҳга ботириш орқали ёзилган. Битикларнинг яратилиши мўғуллар ўртасида яширин буддавийлик сектаси билан боғлиқ[5][6].
Минтақада уч марта тангалардан иборат хазиналар топилган. 1952-йилда сойнинг ўнг қирғоғида, Ангрендан 15 километр узоқликда 1273—1311-йилларда 15 зарбхонада зарб қилинган 1499 дона кумуш танга, 1961-йилда Дукентда 1533—1549-йиллардаги 70 дан ортиқ кумуш ва мис тангалар, 1965-йилда маҳаллий аҳоли томонидан тўпланган ХИВ-ХВ асрларга оид 329 кумуш танга хазинаси топилган[5].
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Манбалар
- ↑ Юрий Буряков. Историческая топография Ташкентского оазиса (Историко-археологический очерк Чача и Илака) (ру). Тошкент: ФАН, 1975 — 204-бет.
- ↑ 2,0 2,1 Буряков Ю. Ф.. Изменение климата и его влияние на гидрометеорологические процессы, агроклиматические и водные ресурсы Республики Узбекистан (ру). Тошкент: «ВОРИС НАСҲРИЙОТ» МЧЖ, 2007-йил — 89 --бет. ИСБН 9789943304239.
- ↑ Чуб В. Е.. Изменение климата и его влияние на гидрометеорологические процессы, агроклиматические и водные ресурсы Республики Узбекистан (ру). Тошкент: «ВОРИС НАСҲРИЙОТ» МЧЖ, 2007-йил — 86 --бет. ИСБН 9789943304239.
- ↑ Мингбоев К. Р. „Комплексирование методов оценки подземных вод нефтепродуктами“ (ру). спеc-совет.сеисмос.уз. 2016-йил 4-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 16-ноябр. // Автореферат диссертации на соисканиэ ученой степени кандидата геолого-минералогических наук. – Ташкент, 2012. С. 8
- ↑ 5,0 5,1 5,2 „Исторические памятники на территории Угам-Чаткальского национального парка“ (ру). www.орехcа.cом. 2018-йил 26-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 17-ноябр.
- ↑ Юрий Буряков. Историческая топография Ташкентского оазиса (Историко-археологический очерк Чача и Илака) (ру). Тошкент: ФАН, 1975 — 156—157-бет.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |