Dur
Дур, инжу (хитой тилидан) — 1) моллюскаларнинг мантия терисида шарсимон ёки нотўғри шаклда пайдо бўладиган маҳсулот. Дурнинг таркиби чиғаноқлар таркибидан фарқ қилмайди ва асосан калситдан иборат. Жуда оз миқдорда сув, органик ва бошқа моддалар бўлади. Энг йирик ва юқори сифатли дурлар илиқ сувли океанларда ҳамда чучук сув ҳдвзаларида яшайдиган Птериа ва Маргаритана деб аталадиган икки тавақали моллюскаларда топилган.
Дурга ҳар хил ранглари билан жилоланиб турадиган консентрик тузилишдаги марварид қатламлари хос бўлади. Табиатда пушти ранг ёки сарғиш оқ, баъзан қора рангдаги, каптар тухумидек келадиган дур энг қимматбаҳо ҳисобланади. Дур Баҳрайн ороллари, Қизил денгиз, Япония, Шриланка, Австралия қирғоқлари яқинида ва бошқа жойларда яшовчи моллюскалардан олинади. Россиянинг Мурманск вилояти, Узоқ Шарқ, Хитой, Шимолий Америка атрофларидаги денгизларда ҳам дур бор. Дурнинг табиий заҳиралари озайиб кетганлиги сабабли ХХ аср бошларидан сунъий йўл билан кўпайтирилмоқда (махсус ҳавзалар ва оқиб юрувчи катта идишларда кўпайтирилади. Бунинг учун ёш чиғаноқларнинг мантия териси сиртига майда шарсимон қум зарраларини жойлаштириб, тахминан 10 йил давомида боқиб йириклаштирилади). Бу усул ҳозир Япония ва Хитойда кенг қўлланади; 2) зеб-зийнат буюми. Дурнинг йирик ва майда (марварид) доналари тақинчоқлар (тиллақош, исирға, узук, тўғноғич ва бошқалар)ни безашда ишлатилади. Шунингдек, саралаб олинган йирик дурлардан ипга тизиб тайёрлангани (мунчоқ) бўйинга тақилади. Дур қадимдан заргарликда кенг фойдаланилган, қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш ва бошқалар)дан тайёрланган буюмларга қимматбаҳо тошлар билан бирга қадалган.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |