Дувахон, Тувахон (? - 1307) - Чиғатой улуси хони (1305—07). Бароқхоннинг ўғли. Иқтидорли чингизий шаҳзодалардан. Чиғатойхон авлоди. Хайду нинг содиқ иттифоқчиси, унинг бошқа мўғул давлатларига қарши юришларида мунтазам иштирок этган. Хайду вафоти (1303) дан сўнг унинг ўғли Чопар тахтга ўтирган. Д. унинг даврида ҳам дастлаб бош маслаҳатчи (оталиқ) бўлиб турган. Чингизий шаҳзодаларнинг ўзаро низоларига хотима бериш, мўғуллар салтанатини федерация шаклида бўлса ҳам тиклаш учун ҳаракат қилган. Режага кўра, алоҳида мустақил бўлган мўғул давлатлари номигагина бош бўлган қоон қўл остида ўзаро тотув яшашлари лозим бўлган; мўғуллар салтанатининг бу-тун ҳудудида савдо қилиш мутлақо эркин бўлиши керак эди. Бу режани қоон маъқуллайди, бироқ Ўрта Осиёдаги чингизий шаҳзодалар ўртасидаги низолар бу режани амалга оширишга имкон бермаган. Чопар қўшини чиғатоий шаҳзодалар билан жанг қилиб ғалаба қозонган. Бироқ Д. бунда шаҳзодаларнинг томонини олиб, 1305-йил Чопарни тахтдан ағдариб уни ўзи эгаллаган. Шундан сўнг чиғатой истилоҳи Ўрта Осиёдаги мўғуллар давлатини англатувчи расмий номга айланган. "Чиғатой" давлатининг ҳарбий кучини ташкил этган кўчманчилар сулоланинг аждоди Чиғатойхон номи билан чиғатойлар деб аталганлар, кейинчалик Амир Темур ва темурийлар даврида тўлиқ шаклланган эски ўзбек адабий тили ҳам "чиғатой тили" деб атала бошлаган. Чингизхоннинг биронта ўғли ҳам Чиғатой каби халқ хотирасида шунчалик мустаҳкам ўр-нашиб қолмаган. Тарихчи Вассонинг маълумотига кўра Д. 1307-йил фалаж хасталигидан вафот этган.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Бартолд В. В., Сочинения, т. 11(1), М., 1963; Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи, Т., 1994.

Фахриддин Ҳасанов.