Дзен буддизм — В-ВИ асрларда Хитойда пайдо бўлган маҳаяна йўналишидаги мактабларидан биридир. Унинг асосчиси афсонавий роҳиб Боддхидхарма ҳисобланади. „Дзен“ (лотинча – медиатация, фикрни жамлаш, диққат билан мушоҳада қилиш) буддизмнинг асосий хусусиятлари сифатида назариядан кўра амалиётга, диний ўгит ва қонун-қоидаларни ёдлаш ўрнига мушоҳада қилишга алоҳида эътибор берилишини, иррационализм ва мистикага мойилликни қайд этиш мумкин.
Дзен буддистлар „ёга“ машқларини бажариш, жисмоний меҳнат қилиш, санъат тури билан шуғулланишга катта аҳамият берадилар. Ҳар қандай ақида ва эътиқод шаклларини (ҳаттоки, Буддани ҳам) инкор қилиш, ҳеч кимга тақлид қилмаслик ва руҳий эркинликка эришиш, „вақт-абадийлик“, „субект-обект“, „ҳаёт-ўлим“, „ҳақиқат ва ёлғон“, „яхшилик ва ёмонлик“ каби зиддиятларни бартараф этишни камолотга эришишнинг олий йўли, деб ҳисоблайдилар. Дзен буддизмда ташқи оламдан узилиб, абадий ташвишлардан четланиш ва фикрни бир нуқтага жамлашга алоҳида эътибор берилади ва „сатори“ (санскритча – йилт этиб кўриниш)ни тарғиб қилинади. Транс ҳолатига тушган кишининг ҳақиқатга эришиши дзеннинг олий мақсади, деб билинади.
„Дзен буддизм“ барчани, ирқи, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, „ҳаммага мос жонли амалий ҳақиқат“ сирларидан огоҳ бўлишга чақиради. Ҳозирда дзен буддистлар 10 миллиондан ортиқ, уларнинг 85 фоизи Японияда яшайди. Унда илгари сурилган ғояларнинг бевосита „дилдан-дилга“ узатилиши, инсоннинг ўз руҳий моҳияти билан яқинлиги, белги ва шаклларга қарам бўлмаслик, яъни фикрнинг сўз ва белгиларсиз ифода этилиши, инсоннинг ўз ички дунёсига мурожаат қилиши орқали Будда каби баркамолликка эришиш мумкинлиги ҳақидаги қарашлар оммавий тус олган.
Ҳозирда Японияда дзен ибодатхоналари диний, сиёсий ва маданий марказга айланиб, ёшлар тафаккури, турмуш тарзи, фаолиятига каттатаъсир кўрсатмоқда. Айниқса, дзен санъати хитой ва япон маданияти анъаналаридан бирига айланган. Самурайлар дзен буддизм тарғиботчилари ҳисобланади. Дзенга „ҳаммага мос жонли амалий ҳақиқат“ деб таъриф беришган, яъни инсон ички дунёси орқали ҳақиқат ва баркамолликка эришиши мумкинлиги эътироф этилган ҳолда қатъий тартиб ва махсус руҳий машқларга амал қилиш талаб этилади.
Бугунги кунда дзен буддизм Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚСҲ ва Канада ёшлари орасида кенг тарқалганини қайд этиш лозим. Шу аснода медиатация қонун ва талабларини бузиб талқин этиш, маст қилувчи ичимлик ва наркотик моддалардан фойдаланиш орқали „нирвана“га эришиш мумкин, деган қарашлар ҳам кенг ёйилиб бораётганини таъкидлаш зарур. Ёшларнинг бундай қарашлар таъсирига берилиши уларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатиб, носоғлом майлларнинг кучайиши, алкоголизм ва наркоманиянинг чуқур илдиз отишига замин яратмоқда[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 152.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.