Эчкичилик — чорвачиликнинг эчкиларни боқиш ва кўпайтириш билан шуғулланувчи тармоғи. Жаҳон бўйича 709,9 млн. бош эчки боқилади. Унинг асосий қисми Осиё (443,7 млн. бош), Африка (205,6 млн. бош), Жанубий Америка (25,9 млн. бош) мамлакатларига тўғри келади. Эчки хўжаликлари тоғ, баланд тоғ ўтлоқлари, чўл яйловлари ва даштларда жойлашган. Иқлим шароитига мослашган сержун эчки зоти Ўзбекистоннинг жанубий минтақаларида, ангор эчкиси Туркия, АҚСҲ, Жанубий Африка Республикаси, Австрия ва қисман Мадагаскар оролида, кашмир эчкиси Тибетда, оренбург, олтой эчкилари Россия да етиштирилади ва улардан фойдаланилади. Эчкининг сут, жун, тивит йўналишлари мавжуд. Сут эчкичилиги Европа мамлакатлари (Англияда 1984-йилда Британия эчкичилик ассоциацияси ташкил этилди, 150–200 она эчкидан иборат сутчилик фермалари юзага келди), Россиянинг марказий ҳудудлари, Шимолий Кавказ, Қрим, Закавказе, Ўрта Осиёда, жун эчкичилиги Туркия, АҚСҲ, Африка, Австралия, Ўрта Осиё, Қозоғистонда; тивит эчкичилиги Тибет, Россияда кенг ривожланган. Кўп мамлакатларда эчки сути учун боқилади. Эчки сути енгил ҳазм бўлади, айниқса, болалар ва ошқозони касал одамлар учун ниҳоятда фойдалидир. Эчки сутидан пишлоқ ва бошқалар турли парҳез маҳсулотлар ҳам тайёрланади. Эчки гўшти тўйимлилиги ва таъми жаҳатидан қўй гўштидан қолишмайди. Махсус сержун зот эчкилардан кокили узун, ипаксимон товланадиган жун олинади. Жуни бир хил, чидамли, пишиқ, эластиклиги туфайли улардан костюмбоп газламалар, гилам, трикотаж буюмлар ишлаб чиқарилади. Терисидан шавро, хром ва бошқалар олинади, пўстак қилинади, қалин жунли терилардан мўйна тайёрланади. Эчки тивитидан жаҳонга маълум ва машҳур (оренбург) рўмоллар ва шарфлар тўқилади. Эчки Ўзбекистонда қадимдан ривожланган. Наманган вилоятининг Чуст, Поп, Косонсой, Тошкент вилоятининг тоғ олди туманларида, Самарқанд вилоятининг айрим хўжаликларида, Навоий вилоятининг Нурота ва Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманларида боқиб кўпайтирилади. Ҳозирда эчкичилик соҳасида наслчилик ишларини ташкил қилиш, уларни асраш, парвариш қилиш, улардан сифатли маҳсулотлар олиш бўйича илмий–амалий ишлар Ўзбекистон чорвачилик институти, қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртлари кафедраларида олиб борилади.

Яна қаранг

Адабиёт

  • Воробев П.А. и др., Овсеводство, козоводство и технология производства шерсти и мяса, М., 1988; Ам иров А., Эчкичилик фанини ўрганиш бўйича қўлланма, Т., 1993. Абдусаттор Амиров.